Бугунги кунда UZTELECOM бу – шунчаки алоқа оператори эмас. Бу – мамлакатимиздаги муҳим инфратузилма ва технологик салоҳиятни ўзида мужассам этган миллий рақамли экотизимдир. Унинг тарихи – фақатгина бир компаниянинг эмас, бутун Ўзбекистоннинг тараққиёт ва трансформация йўлини акс эттиради.

Ушбу кўрсатувда бошқа мамлакатлар ва йирик халқаро компанияларга узоқ вақт талаб қилган босқичларни UZTELECOM қисқа муддат ичида муваффақиятли босиб ўтгани ҳақида сўз юритамиз.

Компания 2017 йилдан ўз тармоғи билан республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган етакчи телекоммуникация оператори сифатида, давлат раҳбари томонидан бошланган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ўсиб борди.

Мамлакатимизнинг шонли тарихида янги саҳифа очилган кундан эътиборан, яъни Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган стратегиялар ва уларда белгиланган чора-тадбирлар компания фаолиятига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказди. Ўтган етти йил мобайнида президент илгари сурган ташаббуслари самараси ўлароқ, “Ўзбектелеком” АК томонидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Маълумки, ривожланган жамиятнинг ҳукумат тизими, банк, саноат, тиббиёт, таълим, хавфсизлик соҳалари, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини оламизми, уларнинг фаолиятини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис бу борадаги дастлабки фаолиятлар президентимизнинг 2017 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги қарори ҳамда 2020 йил 5 октябрда имзоланган “Рақамли Ўзбекистон–2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан янада мустаҳкамлаб берилган вазифалар ижросини таъминлашдан бошланди.

Шу мақсадда компания ўз олдига телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш, алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, фаолиятга илғор технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мос рақамли экотизимни шакллантириш каби тизимли вазифаларни белгилаб олди. Табиийки, бу мақсадлар ўз-ўзидан амалга ошмас эди, шу боис энг аввало давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар асосида ислоҳотлар режаси ишлаб чиқилди.

Тизим янгиланиши: телекоммуникация соҳасида бурилиш даври

Стратегияда соҳага оид белгиланган асосий вазифалардан бири – мамлакатимизда мавжуд телекоммуникация инфратузилмасини модернизациялаш ва бутун республика ҳудудини замонавий оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олиш эди.