Жамият | 19:21 / 04.09.2025
6819
5 дақиқада ўқилади

“15 кундирки боғча дарвозаси ёпиқ” – Олтиариқдаги давлат боғчасида болалар овқатдан заҳарланди

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Қизилтепа қишлоғидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 13 нафар тарбияланувчи шу йил 22 август куни овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган. Айни пайтда муассаса ишламаяпти. Бу туманда боғча тарбияланувчиларининг овқатдан оммавий заҳарланиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шу йил 22 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Қизилтепа қишлоғидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 13 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.

Туманда боғча тарбияланувчиларининг овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати биринчи маротаба эмас, 2022 йилда ҳам 39-мактабгача таълим ташкилотида 42 нафар бола овқатдан заҳарланиб, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

“Ўғлимнинг икки марта ичи ўтди. Қўрқиб кетиб, шифохонага олиб бордик. Нимадан заҳарланганини айтишмади. Диарея дейишди. Шифохонада беш кун ётдик. Боғча ёпиб қўйилганига 15 кунча бўлди. Болаларимизга қарайдиган одам йўқ. Сарсон бўлиб юришибди энди”, дейди фарзанди овқатдан заҳарланган Ҳаётхон Турсунова.

Ҳаётхон Турсунова

“Икки фарзандим шу боғчада тарбияланади. 22 август куни ўғлим 38,5 иситма билан уй келди. Ундан кейин қизимда ҳам иситма чиқди. Эртаси куни эса ўғлимнинг ичи кетишни бошлади. Кечгача ичи ўтди. Уйда дори-дармон қилдим. Шанбадан якшанбага ўтар кечаси ўғлимнинг ичи тўхтамай, қайт қилди, эплай олмай қолдик уйда. Шифохонага борсак, ётишларинг шарт, деб олиб қолишди. Тўрт кун тўлиқ ётиб даволандик. Қизимда ҳам иситма тушмади, уни ҳам ётқизиб даволатишга мажбур бўлдик”, дейди Умида Тешабоева.

Умида Тешабоева

“22 август куни фарзандим боғчага келди. Кечки пайт уйга қайтиб келиб қайт қилди. Кечга яқин иситмаси чиқди. Эртаси куни яна иситмаси кўтарилди. Маҳалладаги амбулаторияда олиб кирдим. Фойдаси бўлмай яна иситмаси кўтарила бошлади. Кейин вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришга мажбур бўлдим. Шифохонага борсак, у ерда бошқа боғча болалари ҳам даволанаётган экан. Шифокорлар нимадан заҳарланганини аниқ айтмади”, дейди Омина Ризақова.

Омина Ризақова

“22 август куни иш фаолиятимиз ҳар доимгидек тинч ўтди. Ўша куни болаларни ота-оналарининг қўлига топширдик. Шанба куни СЭСдан телефон қилишиб, ичи ўтган болаларингиз юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди деган хабар келди. Боғчада жами 390 нафар бола тарбияланади. Шифохонада жами бўлиб 13 нафар бола даволаниб чиқди.

Дилноза Мирзаева, Олтиариқ туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори

“2023 йил 18 июндан бери болаларни овқатлантириш “My gold Oltiariq” МЧЖ томонидан аутсорс тизимида олиб борилаётган эди”, дейди Олтиариқ туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори.

“2-сонли вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 7-сонли боғчадан биринчи куни кечаси икки нафар беморимиз мурожаат қилган. Жами 13 нафар шу боғчага борувчи болаларимизда ич кетиш касаллиги кузатилди.

Муҳаммаджон Эгамбердиев, 2-сонли вилоят юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлими бошлиғи

Нимадан заҳарлангани, қандай бўлгани ҳақида СЭС ходимлари маълумот беради. У болаларда асоратли, оғир ҳолатлар кузатилмади. Реанимация бўлимига реанимацион ҳолатдаги беморларимиз мурожаат қилмади. Ётган беморларимиз, болаларимизда бу формамиз ошқозон-ичак системасининг функционал бузилиши, алиментар формаси деб аниқланди”, дейди 2-сонли вилоят юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Эгамбердиев.

Туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази бошлиғи Жаҳонгир Мусохонов ҳолат бўйича изоҳ беришдан бош тортди. Маълумот тақдим этиш учун келаётган марказнинг яна бир ходими эса кейинчалик телефонини ўчириб олди.

Жаҳонгир Мусохонов

Марказнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими мудири Даврон Муқимовнинг жавобидан эса қониқмадик.

“Мактабгача таълим ташкилотида белгиланган тартибда ўрганишлар олиб борилди. Болалар ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши билан ётган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриляпти.

Даврон Муқимов

Ичимлик сув таъминоти, ошхонадаги ҳолатлар яхшиланяпти. Бажарилган ишлар бўйича йиғма жилдлари бор. Ўрганиш натижалари бошлиқнинг хонасида бўлгани учун уни тақдим эта олмайман. Якуний хулоса бўйича овқатдан заҳарланиш деб айта олмаймиз. Болаларда ўша ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши бўлган. Тегишли тартибда лаборатория намуналари олинган. Намуналарнинг чиқиш муддати беш кун. Шу лаборатория намуналарига асосан маълумотлар юқори ташкилотларга тақдим этилмоқда”, дейди туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази жамоатчилик билан ишлаш бўлими мудири Даврон Муқимов.

Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид