Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда қиймати 400 млн долларлик Ўзбекистон-Хитой инновацион маркази қурилади
Жиззах вилоятида умумий қиймати 400 млн АҚШ долларига тенг бўлган Ўзбекистон-Хитой инновацион маркази қурилади. 2026 йил бошида қурилиши режалаштирилаётган марказнинг биринчи босқичи учун 30 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган.
Жиззах вилоятида умумий қиймати 400 млн долларга тенг бўлган Ўзбекистон-Хитой инновацион маркази қурилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирокида учрашувлар ташкил қилиниб, бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Вазир дастлаб, China Broad Future Tobacco International Import and Export Trading Co. Ltd компанияси бош ижрочи директори Фу Бо билан учрашди. Учрашувда Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 150 млн доллар миқдорида инвестиция маблағлари ҳисобига барпо этилиши режалаштирилган, умумий қуввати 3000 тонна тамаки маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган завод лойиҳаси муҳокама қилинди.
«Лойиҳа доирасида 2025 йилда дастлабки ишлаб чиқариш босқичи йўлга қўйилади, завод қурилиши эса 2026 йил бошида бошланади. Қурилиш учун 30 гектар майдон ажратилади, шунингдек, уч вилоятда фермерлар билан кооперация асосида 2000 гектарлик экин майдони ташкил этилади», — дейилади вазирлик хабарида.
Jiangsu World Agricultural Machinery компанияси раҳбари Чжу Линжун ва Aladdin Holdings Group компанияси раиси Янг Жен Тсян билан Қашқадарёда пахта териш комбайнлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва йиғиш заводи қуриш, шунингдек, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 30 минг гектарлик дала майдонларида Хитой тажрибасига асосланган юқори ҳосилдор пахта етиштириш лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятида умумий қиймати 400 млн долларга тенг бўлган Ўзбекистон-Хитой инновацион марказини қуриш бўйича келишиб олинди. Вазирликнинг қайд этишича, ушбу мажмуа замонавий қишлоқ хўжалиги ва маданий-туристик саноатни ривожлантиришга хизмат қилади. 2026 йил бошида қурилиши режалаштирилаётган марказнинг биринчи босқичи учун 30 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган.