Жаҳон | 14:07 / 08.09.2025
4535
6 дақиқада ўқилади

Трампдан «сўнгги» огоҳлантириш: Ҳамас музокараларга тайёрлигини айтди, Исроил сукут сақламоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодаги урушни тугатиш ва гаровдагиларни қайтариш бўйича Ҳамасга «охирги огоҳлантириш»ни берди. Ҳамас Ғазони бошқарадиган мустақил фаластинликлар қўмитасини тузиш эвазига музокараларга тайёр. Исроил эса Трампнинг таклифини «жиддий ўрганмоқда».

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 сентябрь куни Нью-Йоркка қисқа сафардан сўнг Вашингтонга қайтгач журналистларга мурожаат қилди. Reuters'нинг ёзишича, у Ғазодаги сулҳ масаласида самолётда муҳокамалар олиб борган.

«Биз жуда яхши бўлиши мумкин бўлган ечим устида ишлаяпмиз. Буни жуда тез орада эшитасиз. Биз урушни тугатишга, гаровдагиларни қайтаришга ҳаракат қиляпмиз», – деди у. Батафсил маълумот бермади.

Трамп аввалроқ ҳам Ҳамасни ҳеч қандай тафсилот келтирмаган «келишув шартларини» қабул қилишга чақирган эди.

«Ҳамма гаровдагиларнинг уйига қайтишини истайди. Ҳамма бу уруш тугашини истайди! Исроилликлар менинг шартларимни қабул қилди. Энди Ҳамас ҳам қабул қилиши вақти келди. Мен Ҳамасни қабул қилмаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантирдим. Бу менинг охирги огоҳлантиришим, бошқа бўлмайди!» – деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social платформасида.

Трамп, шунингдек журналистларга барча гаровдагилар қайтарилишини ўйлаётганини айтди: «Менимча, биз уларнинг барчасини қайтарамиз».

Уларнинг айримлари аллақачон ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини, аммо Трамп мақсад жасадларини қайтариб олиш эканини ҳам қўшимча қилди.

Ҳамас ҳам сулҳга тайёр

Ҳамас эса Трампнинг таклифини рад этмади. Якшанба куни берган баёнотида гуруҳ музокараларга дарҳол киришишга тайёрлигини билдирди:

«Ҳамас халқимизга қарши тажовузни тўхтатиш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатни олқишлайди ва барча маҳбусларни озод қилишни урушни якунлаш ҳақида аниқ эълон, Ғазо секторидан тўлиқ чиқиш ва Ғазони бошқаришни дарҳол бошлайдиган мустақил фаластинликлардан иборат қўмита тузиш эвазига дарҳол музокара столига ўтиришга тайёрлигини тасдиқлайди», – дейилади баёнотда.

Фото: Anadolu

Al-Jazeera’нинг ёзишича, Ҳамас – Исроилдан таклиф шартларига «аниқ ва оммавий мажбурият» талаб қилмоқда, шунда келишув яна бузилмаслигига ишонч ҳосил қилинади.

Уиткоффнинг сулҳ режаси ва янги воситачилар

Axios нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Трампнинг Яқин Шарқ бўйича элчиси Стив Уиткофф ўтган ҳафта Ғазода гаровдагилар ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув юзасидан Ҳамасга янги таклиф юборди.

АҚШнинг янги таклифи Исроил Ғазо шаҳрини босиб олиш учун режалаштираётган йирик ҳужумдан олдин дипломатик ечим топишга қаратилган.

Стив Уиткофф / Фото: Getty Images

Таклифга кўра, қолган 48 нафар гаровдаги одам озод қилинади, бунинг эвазига сулҳ эълон қилинади ва Исроилнинг Ғазо шаҳрини эгаллаш операцияси тўхтатилади. Шунингдек, Исроил 2500–3000 фаластинлик маҳбус ва ҳибсдагиларни озод қилади, уларнинг юзлаб нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Таклифга кўра, сулҳ эълон қилингач, урушни якунлаш шартлари бўйича дарҳол музокаралар бошланади – булар орасида Исроилнинг Ҳамасни қуролсизлантириш талаби ва Ҳамаснинг Исроил мудофаа кучларининг Ғазо секторидан тўлиқ чиқиб кетиши ҳақидаги талаби ҳам бор. Таклифда, агар Ҳамас ташаббусга ижобий жавоб берса, Трамп урушни тугатиш учун фаол ишлашини ва сулҳ урушни тугатиш шартлари бўйича музокаралар давом этар экан, кучда қолишини таъкидлаган.

Таклифда Ҳамасга шундай хабар ҳам етказилган: агар гуруҳ бу ташаббусни қабул қилмаса, альтернатив йўл жуда ёмон бўлади, яъни Ғазода Исроилнинг кенг кўламли ҳарбий операцияси бошланади.

Нашрнинг ёзишича, Уиткофф – асли фаластинлик бўлган тадбиркор Бишара Баҳбаҳ орқали Ҳамас билан алоқаларни амалга оширмоқда.

Бишара Баҳбаҳ / Фото: SkyNews

У келтирган жавобда Ҳамас гаровдагилар озод қилиниши фақат доимий сулҳ эълон қилиниши ва Исроил қўшинларининг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиши билан бир вақтда амалга ошиши кераклигини айтган.

Уиткофф, шунингдек Ҳамас билан янги алоқа каналини, воситачилар ва Исроилга хабар бермай Гершон Баскин орқали ҳам ўрнатгани айтилмоқда.

«Муаммо шундаки, Ҳамас Уиткоффнинг мисрлик ва қатарликларни четлаб ўтувчи орқа каналларига жуда шубҳа билан қарайди. Улар бу каналларни ишончли деб билмайди,» – деди бир исроиллик расмий.

Уларнинг таъкидлашича, Ҳамаснинг асосий шубҳасига сабаб – гаровдаги америкалик Эдан Александр озод этилгач, АҚШ Исроилга урушни тугатиш учун босимни кучайтирмаган. Натижада гуруҳ ўзини «алданган» деб ҳис қилишидир.

Фото: New York Times

«Олдинга силжиш учун Исроил, Ҳамас ёки АҚШнинг позицияларидан бири ўзгариши керак,» – деди юқори мартабали исроиллик расмий.

Исроилнинг ноаниқлиги ва давом этаётган геноцид

Исроил ҳукумати таклифни қабул қилгани ҳақида жамоатчиликка расмий баёнот бермади. Нетаняҳу тарафдорлари орқали берилган қисқа изоҳда «Исроил президент Трампнинг таклифини жиддий кўриб чиқмоқда, аммо Ҳамас уни рад этиши мумкин», дейилади.

Урушнинг 23 ойи давомида АҚШ расмийлари Исроил сулҳ ташаббусларини қабул қилганини такрор-такрор даъво қилиб келмоқда, бироқ Исроил раҳбарлари ҳужумни кучайтиришга ваъда беришда давом этмоқда. Етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва олимлар эса бу жараённи геноцид деб атамоқда.

Трампнинг таклифи Исроил ҳуқуқ ташкилотлари ва Ғарб расмийларининг эътирозларига қарамай Ғазо шаҳрини қўлга олиш кампаниясини кучайтираётган бир пайтда илгари сурилди.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти ҳар доим Исроилни қатъий қўллаб келган. Ўтган ҳафта унинг маъмурияти Исроилнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини Халқаро жиноий суд текшираётганига ҳамкорлик қилган фаластинлик ҳуқуқ ташкилотларига санкция қўллади.

Исроилнинг ҳужуми шу кунга қадар 64 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлди, сунъий равишда яратилган очарчиликни келтириб чиқарди ва ҳудуднинг катта қисмини вайрон қилди.

Мавзуга оид