Ўзбекистон | 17:00 / 08.09.2025
14134
7 дақиқада ўқилади

Трампнинг Мирзиёевга қўнғироғи Пекиндаги учрашувлардан кейин бўлгани бежиз эмас — сиёсатшунослар

5 сентябр куни Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Улар шу ой охирида Ню Йоркдаги БМТ саммити доирасида бевосита учрашиши ҳам мумкин. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар бу мавзу борасида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп суҳбатида нималра муҳокама қилинди?

Анвар Йўлдошев: 5 сентябр кунги телефон орқали мулоқот, ОАВ хабарларига кўра, АҚШ томонининг ташаббуси билан амалга ошган. Унда Трамп Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаган. Ўзбекистон президенти ҳам Трампнинг тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган.

Суҳбат давомида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқотда иқтисодий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси ҳозирча юқори эмас. 2024 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 860–865 миллион долларни ташкил этган. Умуман олганда, АҚШнинг Марказий Осиё билан савдо ҳажми унинг ташқи савдо айланмасининг атиги 0,01 фоизини ташкил этади. Марказий Осиё давлатларининг умумий ташқи савдосида АҚШнинг улуши 2 фоизга тенг бўлиб, унинг асосий қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон 2025 йилда АҚШ билан савдо ҳажмини 25 фоизга оширишни режалаштирган.

Шунингдек, хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалалари ҳам кўтарилди. Бу мулоқот келгусида ҳукумат комиссиялари ва турли делегациялар фаолиятини янада жонлантириш учун муҳим асос бўлади.

Камолиддин Раббимов: Американинг Марказий Осиёга қараши доимо геосиёсий рақобат призмаси орқали шаклланиб келган. Збигнев Бжезинский “Буюк шахмат доскаси” асарида ҳам Марказий Осиёда икки муҳим давлат Қозоғистон ва Ўзбекистон борлигини, лекин асосий эътибор айнан Ўзбекистонга қаратилиши кераклигини таъкидлаб, бунга асос бўлувчи қатор омилларни санаб ўтган.

Сўнгги кунларда Пекинда муҳим учрашувлар ўтказилди ва орадан кўп ўтмай Трампнинг қўнғироқ қилгани бежиз эмас. Яқин кунларда Марказий Осиё етакчилари БМТ Бош ассамблеясида қатнашиш учун Ню Йоркка бориши режалаштирилган. Одатда сентябр ойида давлат раҳбарлари ушбу анжуманда иштирок этади. Шу муносабат билан АҚШ томони учрашув ташаббуси билан чиққан бўлиши мумкин. Бу учрашув давлат раҳбарлари даражасида, 5+1 шаклида ёки икки томонлама форматда ўтиши мумкин.

Вашингтон учун Марказий Осиёда бир неча муҳим омиллар мавжуд. Биринчидан, Россиянинг минтақадаги таъсирини жиловлаш. Иккинчи масала – Афғонистондаги хавфсизлик муаммолари эди. Сўнгги йилларда эса Хитойнинг минтақадаги таъсирини ошириб юбормаслик муҳим вазифалардан бирига айланган. Марказий Осиё геосиёсий чорраҳада жойлашгани боис стратегик ҳудуд сифатида қаралади. Шу сабаб гарчи Ўзбекистон билан АҚШнинг иқтисодий алоқалари унча катта бўлмаса-да, Вашингтон уни геосиёсий нуқтайи назардан юқори баҳолайди.

АҚШ минтақадаги “кўп векторлилик” сиёсатини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан алоқаларни юқори даражада ушлаб туришга интилади. Трампнинг минтақа ҳақида шахсан чуқур билими бўлмаса-да, унинг маслаҳатчилари бу ҳудуднинг муҳимлигини доим эслатиб келишади.

Шуҳрат Расул: Географик сабаблар туфайли Ўзбекистон АҚШ билан интенсив иқтисодий алоқалар ўрнатиши осон эмас. Чунки АҚШдан товарларни етказиб келиш учун бир неча океан ва давлатлардан ўтишга тўғри келади, бу эса таннархни ошириб, логистик харажатларни қимматлаштиради. Натижада Америка маҳсулотлари минтақа бозорида рақобатбардош бўла олмайди. Худди шундай, Ўзбекистон маҳсулотлари ҳам АҚШ бозорида Мексика ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари билан рақобатлаша олмайди.

Бироқ Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти беқиёсдир. Бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида стратегик ҳамкорлик мавжуд. Худди шундай ҳамкорлик келишувини АҚШ Қозоғистон билан ҳам имзолаган. Демак, АҚШ Марказий Осиёнинг икки йирик давлати билан алоқаларини стратегик даражага кўтарган. Минтақа учун бу ҳамкорликнинг асосий урғуси, аввало, хавфсизлик билан боғлиқ.

2017 йил 16 май куни президент Шавкат Мирзиёев АҚШга ташриф буюриб, ўша вақтда биринчи президентлик муддатида бўлган Доналд Трамп билан учрашган эди. Ўша учрашувда улар ўртасида дўстона муносабатлар шаклланган. Трампнинг иккинчи президентлик даврида ҳам Ўзбекистон бир неча бор тилга олинди. Бундан ташқари, яқинда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида нодир металлар бўйича меморандум имзоланди. Худди шундай шартнома қўшни Қозоғистон билан ҳам тузилди. Агар АҚШнинг йирик компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритадиган бўлса, савдо-иқтисодий алоқалар ҳам сезиларли юксалиши мумкин.

Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам ташқи сиёсатида ҳеч бир куч марказига устуворлик бермасдан, кўп векторли сиёсат юритмоқда. Бу эса минтақанинг барқарорлиги ва ҳаётийлигини таъминловчи асосий омил ҳисобланади. Трамп биринчи маъмуриятида давлат котиби бўлган Майк Помпео Ўзбекистонга ташрифида Вашингтон Ўзбекистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлаган. Шунингдек, Қорақалпоғистондаги сепаратистик ҳаракатлар вақтида АҚШ Ўзбекистон ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлаган.

Президент Мирзиёев АҚШ президентини Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф қилди. Бу таклиф иккинчи марта киритилди. Биринчисида “кўриб чиқамиз” жавоби берилган эди. Балки яқин келажакда, Трамп президентлиги даврида Ўзбекистонга расмий ташриф амалга оширилиши мумкин.

Ойбек Сирожов: Бу ерда асосий эътибор қўнғироқнинг қачон амалга оширилгани ва у қайси йирик геосиёсий воқеадан кейин юз берганига қаратилиши лозим. Одатда, катта сиёсий тадбирлардан сўнг, бу тадбир Ғарб томонидан ташкиллаштирилган бўлса, Россия ёки Хитой вакилларининг Ўзбекистонга ёки Марказий Осиёга ташрифи ёки бунинг акси кузатиларди. Лекин бу сафар муҳим жиҳат шундаки, давлат раҳбарининг ўзи қўнғироқ қилмоқда. Бу бир томондан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқейи ошиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, минтақадаги ставкалар ҳам тобора юқорилаб бораётганини англатади.

Хитой ўз ташаббусларини эълон қилмоқда. Шунга жавобан, Америка Қўшма Штатлари ҳам қарши чоралар кўриши ва Марказий Осиёни мувозанат ҳудуди сифатида алоҳида эътиборга олиши табиий.

Шунингдек, 23-27 сентябр кунлари Ню Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Бу доирада турли учрашувлар ўтказилиши мумкин.

Яна бир муҳим масала шуки, сўнгги даврда Европа ва Ўзбекистон томонидан Ғазо ва Фаластин масаласи кўтарилмоқда. Кутилаётган учрашувларда ушбу масалага ҳам алоҳида урғу берилиши эҳтимолдан холи эмас.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид