Соғлом ҳаёт | 20:24 / 08.09.2025
1365
2 дақиқада ўқилади

Европада ТПО моддаси қўшилган гел-лаклардан фойдаланиш тақиқланди

Ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотда мазкур фотоинициатор, яъни нур таъсирида кимёвий реакцияни бошлаб берадиган, лакнинг тезроқ қотиши ва рангни узоқроқ сақлаб туришни таъминлайдиган модда бепуштликка сабаб бўлиши аниқланган.

Фото: Canva

Европа Иттифоқи кўплаб брендларнинг гел-лакларига қўшиладиган асосий модда – триметилбензойл дифенилфосфин оксид (ТПО)ни инсон саломатлиги учун хавфли деб топди. Шу сабаб сентябр ойидан бошлаб барча косметик маҳсулотларда уни ишлатиш тақиқланди.

Европа Комиссияси уни CMR 1B тоифасига киритди. Бу тоифа — саратон чақириши, генетик ўзгаришлар келтириб чиқариши ёки репродуктив саломатликка зарар етказиши мумкин бўлган моддаларни ўз ичига олади. Ҳайвонлар устида олиб борилган тадқиқотларда ТПО бепуштлик хавфини ошириши аниқланган. Инсонларда бу ҳолат ҳали тўлиқ исботланмаган бўлса-да, эҳтиёт чораси сифатида Европа уни мутлақо тақиқлаш йўлини танлади.

Эндиликда Европада ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган барча гел-лаклар ТПО’сиз бўлиши шарт. Шунингдек, Норвегия ва Швейцария каби мамлакатлардаги салонлар ушбу маҳсулотларни сотмаслиги, мавжуд захираларни эса йўқ қилиши керак. Ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот формулаларини ўзгартириб, ТПO’сиз вариантини ишлаб чиқиш мажбурияти юклатилган.

Кўплаб гўзаллик брендлари ва заводлар ўз компонентлари (прекурсорлар, фотоинициаторлар, пигментлар) ҳамда тайёр маҳсулотларини халқаро бозорга йўналтиради. Бу соҳада Европа энг катта етказиб берувчилардан бири ва асосий бозор эканлиги ҳисобга олинса, у ерда қонунчилик ўзгариши етказиб берувчиларни ишлаб чиқаришни тўхтатишга ёки таркибни ўзгартириш, Европа бозорига мослаш учун маҳсулотларини қайта формулалашга мажбур қилади.

Мутахассисларнинг айтишича, бу жараёнда керакли хомашё ёки тайёр маҳсулотни Европадан оладиган бўлса, ҳатто АҚШдаги компаниялар ҳам таъминотнинг узилиши ёки нарх ошиши билан юзма-юз келиши мумкин.

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид