Аёллар дунёси | 20:45 / 10.09.2025
2097
2 дақиқада ўқилади

10 сентябр – Жаҳон суициднинг олдини олиш куни

10 сентябр дунё бўйича суициднинг олдини олиш куни. Бу ҳар йили юз минглаб аёлларнинг суицидига сабаб бўлувчи омиллар билан курашиш мақсадида йўлга қўйилган.

Фото: Getty images

10 сентябр дунё миқёсида Жаҳон суициднинг олдини олиш куни сифатида нишонланади. Ушбу сана жамиятда руҳий саломатлик, хусусан, аёллар ҳаётидаги мураккаб ички кечинмалар ва социал муаммоларга етарлича эътибор қаратиш учун муҳим имконият ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили юз минглаб аёллар турли сабаблар билан руҳий қийинчиликларга дуч келмоқда. Улар орасида турмушдаги зўравонликлар, иқтисодий босим, ёлғизлик, ижтимоий ёрдамнинг етарли эмаслиги ва жамият томонидан тушунилмаслик каби омиллар асосий ўринни эгаллайди. Бу кечинмалар аёлларни ўз жонига қасд қилиш каби оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Психологлар таъкидлашича, аёллар кўпинча ўз муаммоларини яширади, ҳис-туйғуларини ичга ютади, бошқалар томонидан тушунилмасликларидан хавотирда сукут қилишади. Бу эса уларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.

Шу куни ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш дастурлари тарғиб қилинади. Халқаро ташкилотлар бугунги кунда аёллар ҳаётини ҳимоя қилиш, уларга ўз вақтида психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича кенг қамровли дастурлар устида иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, ҳар бир инсон — ҳамкасб, қариндош, оила аъзоси сифатида атрофидаги аёллар ҳолатидан бохабар бўлиши, улар билан суҳбатлашиши ва сўзсиз қўллаб-қувватлаш муҳитини яратиши муҳим аҳамиятга эга.

Бугун — аёлларга фақат "яхши кўриниш" ёки "бурчини бажариш" эмас, балки уларнинг ички дунёси, эҳтиёжлари ва руҳий саломатлиги ҳақида ҳам суҳбатлашиш куни.

Мавзуга оид