Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сўнгги ўн йилликларда сезиларли даражада ортгани айтилади. Масалан, 2022 йилга келиб мактаб ўқувчилари орасида суицид 2-3 бараварга кўпайган. Бугун ҳар 100 минг аҳолидан 8 нафари, яъни йилига 3 мингдан ортиқ киши ўз умрига ўзи зомин бўлмоқда. Халқаро ташкилотлар Марказий Осиё аҳолисининг руҳий саломатлиги ҳам йилдан йилга ёмонлашиб бораётгани ҳақида ҳисоботлар эълон қилган.

Хўш, бу депрессиянинг оғир кўринишими, жамият босими оқибатими ёки генетик мойиллик? Kun.uz студиясида айнан шу мавзу муҳокама қилинди.

Ўз жонига қасд қилиш тасодифий ёки бирданига амалга ошириладиган қарор эмас. У узоқ давом этган ички изтироб, руҳий оғриқ ва турли ташқи босимлар натижасидир. Суициднинг сабаблари кўп қатламли бўлиб, улар шахсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Аввало, психологик омиллар энг асосий сабаб сифатида кўрсатилади. Депрессия, психика бузилиши, ўзини қадрсиз ҳис қилиш, травматик ҳолатлар ёки болаликдаги руҳий жароҳатлар инсонни чуқур ички бўшлиққа олиб киради. Айримлар учун бу ҳолат вақтинчалик тушкунлик бўлса, бошқалар учун ундан чиқиш йўли йўқдек туюлади. Мазкур жараёнда “Мени ҳеч ким тушунмайди”, “мен керак эмасман”, “ҳаётимнинг маъноси йўқ” каби фикрлар инсон руҳиятини емириб боради.

Психиатр Зебинисо Аҳмедованинг айтишича, халқаро тадқиқотларда бир оилада бир неча авлод давомида суицид ёки оғир депрессия ҳолатлари кузатилгани қайд этилган. Бу ҳолат олимларни суицидга нисбатан “генетик мойиллик” мавжудлиги ҳақидаги гипотезани ўрганишга ундаган. Масалан, Японияда суицидга мойилликда генетика таъсири тахминан 35–48 фоизга тенглиги аниқланган.

Илмда бунга сабаб сифатида серотонин транспортери гени (5-HTTLPR) деб аталадиган геннинг айрим вариантлари тилга олинади. Айнан шу ген мия фаолиятида мувозанатни сақловчи серотонин моддаси даражасини бошқаради. Агар бу ген фаолияти издан чиқса, инсонда руҳий беқарорлик, депрессияга мойиллик ва ўз жонига қасд қилиш фикрларига яқинлашув эҳтимоли ошади