Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Доҳага зарба орқали Нетаняҳу кимга ва қандай сигналлар юборди?
Исроилнинг Доҳага зарбасидан асосий мақсадга эришилмади – Ҳамас етакчилари омон қолди, аммо бу амалиёт «муҳим мурожаат» сифатида кўрилмоқда.
Фото: Reuters
Исроил ҳозирча Ҳамаснинг Доҳадаги раҳбарларига зарбаси қай даражада муваффақиятли бўлганини расман эълон қилмади, аммо чоршанба куни Исроил матбуотига берган изоҳларида баъзи юқори мартабали мулозимлар ва ҳарбийлар анонимлик шарти билан гуруҳининг беш етакчиси ҳам омон қолганини айтишди.
Шунга қарамай, исроилликларнинг аксарияти – ҳукуматдагилардан тортиб оддий аҳолигача – бу қадам ўзини оқлади деб ҳисоблайди. Ҳатто нишонлар йўқ қилиниши бу операцияда энг муҳими эмас, балки Ҳамаснинг бошқа мамлакатларда яшириниш имкониятлари қанчалик торайиб бораётганини кўрсатиш муҳимроқ деган фикрлар ҳам бор.
Бундан ташқари, баъзи экспертлар фикрича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ҳамаснинг юқори мартабали етакчилари учун яна бир бошпанага айланган Туркияга жуда аниқ сигнал юборган. Анқара ва Тел-Авив ўртасидаги муносабатлар сўнгги пайтларда узил-кесил ёмонлашди ва агар Ражаб Тоййиб Эрдўған бу сигнални тушунган бўлса, демак, Доҳага зарба беришдан камида битта мақсадга эришилган.
Исроил раҳбарияти яна қандай мақсадларни кўзлаган ва Исроилнинг ўзидагилар операция ҳақида нима деб ўйлашмоқда?
Нишонлар йўқ қилинмаган
Исроил мудофаа вазирлиги, разведка ва ҳукуматдаги турли манбаларга кўра, афтидан, Доҳага берилган зарбадан кўзланган асосий мақсадга эришилмаган.
Бир кун олдин Исроил Қатар пойтахтидаги бинолардан бирига зарба йўллаганди, бинода бу вақтда Ҳамас раҳбариятидаги асосий шахслардан иборат музокарачилар гуруҳи бўлгани айтилмоқда – улар ҳаракат раҳбари вазифасини бажарувчи Холид Машаал, сиёсий бюро раҳбари ўринбосари Халил ал-Ҳайя, молиявий бюро раҳбари Зоҳир Жабарин, Мажлис аш-Шўро кенгаши раҳбари Муҳаммад Исмоил Дарвеш ҳамда сиёсий бюронинг юқори мартабали аъзоси Низар Авадаллаҳ.
«Айни вақтда террорчилар ўлдирилгани бўйича ҳеч қандай далил йўқ. Биз бунга умид қилишда давом этяпмиз, аммо оптимизм сўниб бормоқда», – деган Исроил ҳукуматидаги манба Channel 12 телеканалига.
Kan телеканали ҳам юқори мартабали амалдор бўлган суҳбатдошининг «якуний натижалар ҳали маълум эмас, аммо зарба кутилган натижага олиб келмаган бўлиши мумкин» деган сўзларини келтиради.
Мудофаа ва разведка идораларидаги икки манба чоршанба куни «аксарият нишонларга, балки, барча нишонларга зарба муваффақияти»ни пессимистик баҳолашларини айтишди.
Ҳамас ўзига хос бўлмаган шошқалоқлик билан (одатда гуруҳ ҳафталар давомида Исроилнинг ўз раҳбариятига қарши ҳаракатларига шарҳ бермасди) раҳбарият кенгашининг беш аъзоси ҳам тирик эканини маълум қилди, бироқ бунга далиллар тақдим этмади.
Шу билан бирга, гуруҳ хабарида айтилишича, Исроил зарбаси оқибатида қуйи бўғиннинг беш аъзоси, жумладан, сиёсий бюро раҳбари ўринбосари Халил ал-Ҳайянинг ўғли ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида ал-Ҳайянинг уч нафар шахсий қўриқчиси ва унинг идораси раҳбари ҳам бор.
Баъзи ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Исроилнинг сешанба кунги зарбаси ҳозирги кўринишдан аниқроқ бўлган бўлиши мумкин. Исроил разведкаси таъкидлашича, Ҳамасга етказилган зарарни баҳолаш давом этмоқда.
Ўйин қоидалари ўзгардими?
Исроилда кўпчилик Қатар операциясини ўзини оқлаган деб ҳисоблайди.
«Бу бутун Яқин Шарққа мурожаат», – деб ёзди Кнессет спикери Амир Охан Х платформасидаги постида араб тилида.
Ва бу фикр мамлакатда кенг тарқалган. BBC суҳбатдошларига кўра, «ўз ҳаётини Исроилни йўқ қилиш мақсадига бағишлаган жангарилар ҳеч қаерда ва ҳеч қачон иммунитетга эга бўлмаслигини билиши керак».
Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Сет Франтцманнинг сўзларига кўра, 30 йил давомида Доҳадаги Ҳамас етакчилари жангдан хавфсиз масофада ҳашаматда яшаб, у ердан террор машинасини бошқарган ҳолда етакчилик имтиёзларидан баҳраманд бўлган.
Улар уч йилдан бери Қатарда ўтириб гаровга олинганлар картасини ўйнашмоқда, музокараларни чўзишмоқда, ўз қабиладошларининг тақдири билан ўйнашмоқда, Исроил бундан чарчаган ва ўйин қоидаларини ўзгартиришга қарор қилган, дейди BBC’нинг Қуддусдаги манбаси.
Бу Исроил Қатар музокараларидаги асосий воситачи ҳудудига зарба бериши туфайли бошқа музокаралар бўлмаслигини англатадими?
Мутахассислар таъкидлашича, бу Исроил юбормоқчи бўлган сигналлардан бири бўлиши мумкин.
Қуддус жамоатчилик билан алоқалар маркази президенти Дэн Дайкернинг тушунтиришича, дипломатия масаласида Исроил ҳар доим худди ундан кутилгани каби Ғарб қоидалари бўйича ўйнаган.
Ғарб тушунчасида музокаралар – бу оқилона фикрлайдиган томонлар иштирокидаги ҳалол жараён бўлиб, унда муроса – бу фазилат, кескинлашув эса муваффақиятсизликдир, деб тушунтиради Дайкер.
Унинг фикрича, Ҳамас раҳбарияти ўнлаб йиллар давомида ўз хавфсизлигига ҳар қандай таҳдидга қўлда қурол билан жавоб бераётганига асосланиб, Исроилни музокаралар столи атрофида номуносиб томон сифатида кўрсатиб, бу фикрлаш тарзини эксплуатация қилиб келган.
Натижада, исроиллик экспертлар айтишича, Исроил амалда Ҳамас қоидалари бўйича музокаралар олиб боришга мажбур бўлган, гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар кечикиши Ҳамас учун оқибатларга эмас, балки Исроилга янада кўпроқ халқаро босимга олиб келадиган вазиятга тушиб қолган.
Доҳага зарба бериш Исроилнинг музокараларга муаммони ҳал қилишнинг самарали воситаси сифатида муносабатини ва умуман Яқин Шарқда тартибга солишнинг Ғарб моделига ёндашувини тубдан ўзгартирганини англатиши мумкин.
Ва, афтидан, у энди ҳар бир қадами учун Ғарбнинг маъқулловини кутмайди, балки бир томонлама ҳаракат қилишга тайёр.
Гаровга олинганлар тақдири
Исроилда ҳамма ҳам Исроилнинг Доҳага ҳужумини қўллаб-қувватламайди. Кўплаб мухолифатчи сиёсатчилар ва гаровга олинганларнинг оилалари бу Ҳамас томонидан ҳали ҳам ушлаб турилган маҳбусларнинг аҳволини янада оғирлаштиради, деб ҳисобламоқда. Баъзилар фикрича, энди ҳеч кимни тирик қайтариб бўлмайди.
«Эҳтимол, шундай деб ўйлайдиган одамлар ҳақдир. Бу эпизод гаровга олинганлар учун ҳалокатли бўлиши мумкин ва бу даҳшатли бўларди», – дейди BBC билан суҳбатда Исроил Ташқи ишлар вазирлигидаги махсус вакил Флер Ҳассан-Наҳум.
Аммо у, шунингдек, Ҳамас етакчилари қанчалик заиф эканликларини тушунганларидан сўнг, гуруҳ таслим бўлиши ва «ўзлари бошлаган ва ютқазаётган» урушни тугатиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.
Бироқ, ҳарбий ҳаракатларни ҳозиргача бетараф бўлган мамлакат ҳудудига кўчириш – деярли уч йилдан бери қариндошларини қутқариш учун Нетаняҳудан ўт очишни бутунлай тўхтатишни талаб қилаётган исроилликларнинг сўровлари ва умидларига мутлақо зиддир.
Асирларнинг оилалари манфаатларини ҳимоя қилувчи «Гаровга олинганлар ва бедарак йўқолганларнинг оилалари форуми» ноҳукумат ташкилоти чоршанба куни «Доҳадаги воқеалар ривожини чуқур ташвиш ва жиддий хавотир билан кузатиб бораётгани»ни маълум қилди.
«Биз гаровга олинганлар қандай тўлов қилиши мумкинлиги ҳақидаги фалаж қилувчи қўрқув ичида қолганмиз. Биз асирликдан омон қолган ва қайтиб келганлардан [Исроил ҳужумларидан кейин] гаровга олинганлардан шафқатсизларча қасос олинишини биламиз», – дейилади Форум баёнотида.
«Эҳтимол, худди шу дақиқаларда бош вазир менинг Матанимни ўлдирган, унинг тақдирини олдиндан белгилаб қўйгандир. Кимки ўз хатти-ҳаракатлари билан ўғлимнинг ҳаётини қасддан хавф остига қўяётган бўлса, уни ўлдирмоқда», – деди гаровдаги Матан Зангаукернинг онаси, таниқли исроиллик фаол Эйнав Зангаукер.
Чоршанба куни «Гаровга олинганлар ва бедарак йўқолганларнинг оилалари форуми» аъзолари ҳукуматга мурожаатида яқин соатларда уларга гаровга олинганларни қайтариш бўйича кенг қамровли келишув режасини тақдим этишни талаб қилишди.
Мавзуга оид
07:35
Ракета ўрнига нур: Исроил дунёдаги биринчи жанговар лазерни жойлаштириш арафасида
13:42 / 05.12.2025
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
15:51 / 02.12.2025
Нетаняҳу қандай айбловлар учун афв сўрамоқда ва бунинг имкони борми?
13:59 / 02.12.2025