Яқинда қурувчи тадбиркор қурилишга рухсат олишда коррупциявий схемалар мавжудлиги, "салом-алик" қилинмаса иш битмаслиги ҳақида гапирганди. Қурилиш вазирлиги эса буни инкор этиб, тизим шаффоф ишлашини айтди. Хўш, тадбиркор қандай коррупция ҳақида гапирди, вазирлик нега буни тан олмаяпти? Муаммо нимада? Kun.uz шу каби саволларни Қурилиш вазирлиги расмийлари ҳамда мутахассислар билан жонли эфирда таҳлил қилди.

Суҳбатда Савдо-саноат палатасидаги очиқ мулоқотда чиқиш қилган тадбиркорнинг ўзи Усман Абдусаматов, қурилиш соҳасида эксперт Абдулазиз Обидов, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Азиз Худойназаров, "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими лойиҳа менежери Элдорбек Сиддиқов иштирок этди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.

Аризалар асоссиз рад қилиняпти – тадбиркор

Дастлаб Абдусаматов қурилишга рухсатнома расмийлаштириш ва унга оид ҳужжатларни олиш қийинчилик туғдирётгани ҳақида гапирди. Унинг тушунтиришича, қурувчилар онлайн ариза юборган вақтда масъуллар томонидан асоссиз рад этилиш ҳолатлари учрайди.

“Хўп, ерни сотиб олгандан кейин, бизнинг ҳолатимизда ерни аукционда сотиб олганмиз, лекин бошқа ҳолларда фуқародан сотиб олинган. Энди ўша кадастрнинг ҳужжатларини шакллантириб, кейинги жараёнга юбориш [бор], ҳаммаси онлайн бўляпти, лекин ўша онлайн тарзда [ҳужжатларни тасдиқлаш] “кнопкаси”ни тасдиқловчи шахслар бор.

Ўша тасдиқловчи шахслар айрим сабабларга кўра, энди кўп ҳолларда номаълум сабабларга кўра, аниқ жавоб бермасдан туриб “отказ” босиб юборгани жуда кўп. Шу “отказ”лар билан кейин иш олиб борилганда одамлар ёки таниш-билиш, ёки биз айтганимиздек коррупцион ҳолатга мажбур кириб қоляпти. Сабаби, шу масалани ҳал қилишга одамлар энди ерни сотиб олиб бўлган. Бу тезроқ қурилиш қилиб, тезроқ топширилмаса, ер солиғи, бошқа мулк солиқлари – харажатлари кўпайиб боради. Шунинг учун одам ўша “кнопка”ни тезроқ бостиришга ҳаракат қилади”, – деди у.

Абдусаматов объектни айнан кадастр рўйхатидан ўтказиш босқичида белгиланган муддатларга амал қилинмаётганини, охирги кунда шаблон жавоб билан аризалар рад қилинишини билдирди.

“Оддийгина бир тўртта сўздан иборат: “Ҳужжатларингизда қарама-қаршилик бор” ёки “камчилик мавжуд” деб туриб жавоб бериб қўяди. Лекин ўзи аслида икки дона ҳужжат: кадастр ва олди-сотди шартнома. Бўлди, бошқа ҳужжат талаб этилмайди. Ундан кейинги босқичларда ҳужжатлар кўпайиб бораверади. Ҳар битта поғона шунақа, онлайн берилади. Аризани тасдиқловчи шахслар тасдиқлашини чўзиб юборгани муаммо келтиряпти қурувчиларга”, – деди у.