Жамият | 23:41 / 11.09.2025
4501
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган бир гуруҳ шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Жиноий гуруҳнинг 4 нафар аъзоси Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишга улгурган. Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, расмий қидирув эълон қилинган.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Олий суд қарорига биноан террорчилик ташкилоти деб тан олинган ва Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террорчилик ташкилоти тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Қайд этилишича, гуруҳ аъзолари орасида муқаддам экстремистик ғоялар билан боғлиқ содир этган жиноятлари учун 2021 йилда енгиллик қўлланилиб, шартли озодлик билан очиқликда қолдирилган шахслар ҳам бор.

2024 йилда ташкил этилган гуруҳ аъзолари вилоятнинг тоғолди ҳудудларида ҳордиқ чиқариш ниқоби остида ўтказилган диний йиғинларда террорчилик ташкилотлари ғоявий раҳнамоларининг маърузаларини тинглаб, Сурия давлатига бориб, жангарилар сафида “жиҳод” қилиш ва ўзларини портлатиш йўли билан “шаҳид” бўлиш масалаларини муҳокама қилишган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ташкилоти ёлловчилари билан мулоқот ўрнатиб, улар юборган қўлбола портловчи қурилмалар ва заҳарловчи моддалар тайёрлашнинг электрон йўриқномалари ёрдамида кейинчалик қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишни режа қилишган.

Шу мақсадда “Телеграм” мессенжеридаги ёпиқ гуруҳда хориждаги террорчилар кўмагида портловчи моддалар тайёрлаш бўйича назарий билимларни ўрганишган.

Жиноий гуруҳнинг 4 нафар аъзоси Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишга улгурган. Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, расмий қидирув эълон қилинган.

Гуруҳнинг 20 нафар фаол аъзосига нисбатан суд ҳукми ўқилди ва улар Жиноят Кодексининг 155, 155-2, 155-3, 159, 244-1 ва 244-2 моддалари билан айбли деб топилиб, 6 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Гуруҳнинг қолган аъзоларига нисбатан эса инсонпарварлик принциплари билан енгиллик қилиниб, кечиримлилик сиёсати қўлланилди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид