Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Тошкент — Хатирчи» йўналишида йўловчи ташувчи корхонага ноқонуний ундирилган 710 млн сўмни йўловчиларга қайтариш мажбурияти юкланди
Ўрганишлар давомида йўловчиларга чипта сотиш жараёнида қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ ва кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш аломатлари аниқланган.
Фото: Транспорт вазирлиги
«Тошкент — Хатирчи» (Навоий вилояти) йўналишида автобусда йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи МЧЖга сотилган чипталар учун ортиқча ундирилган 710 млн сўмни йўловчиларга қайтариш мажбурияти юкланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўмитага киритилган ҳужжатларга кўра, фуқаро Ў.Ч.дан “Тошкент-Хатирчи” йўналишида автобусда йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи корхона томонидан йўлкира учун ортиқча ҳақ ундирганлиги ҳолати аниқлангани билдирилган.
“Қўмита 2022 йилнинг 22 августидан 2025 йилнинг 31 мартигача бўлган даврда мазкур жамиятга тегишли автобусларнинг «Тошкент — Хатирчи» йўналишини ўрганиб чиқди. Ўрганишларда аҳолига чипта сотишда қонун талабларига зид равишда, яъни чипта сотиш жараёнида қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ ва кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш аломатлари аниқланиб, ўрганилган даврда амалга оширилган қатнов бўйича 74 419 та йўловчига сотилган чипталар учун 710 млн сўм ортиқча ҳақ ундириш эҳтимоли мавжудлиги аниқланди”, дейилади қўмита хабарида.
Махсус комиссия томонидан белгиланган тартибларга мувофиқ иш қўзғатилиб, мазкур МЧЖга ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан кўрсатма берилди.