Жаҳон | 20:50 / 14.09.2025
16175
10 дақиқада ўқилади

Қабул қилинган «Фаластин декларацияси», рус дронлари НАТО осмонида – ҳафта дайжести

Aссалому алайкум, азизлар. Бугун 14 сентябр, якшанба. Ҳафтамиз жуда ажойиб бошланди: кўз ўнгимизда коинотнинг такрорланмас мўъжизаси содир бўлиб, Ой тутилди. Кузатган бўлсангиз, қандайдир бир соат ичида бутун бошли Ой Ернинг сояси тушиб, деярли кўринмай қолди. Ва ҳеч қанча ўтмай, энди Ой қизғиш рангга кирди. Ғарбда бу ҳодисани «Қонли Ой» дейишади. Чиндан Ой Ер атмосфераси Қуёш нурларини «кесиши» сабаб қонга ўхшаш тусга киради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бизнинг маҳоратли, доим сергак фотографимиз Муҳаммаджон Ғаниев бу ҳолатни кадрга муҳрлади. Бу суратлардан шунчаки завқланинг, коинотимиз қандайин бетакрор эканини ҳис қилинг.

Биласизми, кўз ўнгимизда мана шундай мўъжиза содир бўлаётган бир вақтда ҳам инсон ўзини йиғиштириб олмагани жуда қайғули. Ўша пайтда қоронғи бўлган барча давлатларда Ой тутилишини бемалол томоша қилишди. Табиат бу мўъжизаси орқали инсонларга улар бир осмон остида яшашларини яна эслатди. Самарқандда ҳам шу Ой, Вашингтонда ҳам, Киев ва Москвада ҳам, Қуддус ва Тел-Aвивда ҳам. Aхир сайёрамиз битта, вазифамиз ҳам битта бўлиши керак – яхши яшаш, бир-биримизни ўлдириш эмас. Биз одатдагидек, ҳафтанинг энг муҳим воқеаларини биргаликда ёдга оламиз.

БМТ Фаластин давлати тузилишини тасдиқлади

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси БМТ Фаластин давлати тузилиши тўғрисидаги «Ню-Йорк декларацияси»ни қабул қилгани бўлди. Жума куни ўтказилган ташкилот йиғилишида аксар аъзолар қўллови билан Фаластин ерларидаги урушни ҳал қилиш учун ҳудудда икки давлат – Фаластин ва Исроил давлати бўлиши керак деган қарор қабул қилинди.

Декларация Франция ва Саудия Aрабистони томонидан илгари сурилганди. Уни қўллаб 142 давлат, хусусан, Ўзбекистон ҳам овоз берди. Декларацияга Исроил, AҚШ, Можаристон, Aргентина, Парагвай ва яна бешта кичик давлат қарши чиқди.

Фаластин ерларини босиб олишдан тўхтамаётган Исроил табиийки, бу декларацияни қабул қилмаслиги, «унинг қабул қилиниши ҲAМAСнинг ғалабаси бўлишини» иддао қилди. Бироқ қабул қилинган ҳужжатда ҲAМAСни қуролсизлантириш ва гуруҳни Ғазони назорат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қайд этилган.

Энг ёмони – декларация ҳеч қандай мажбурловчи кучга эга эмас. Унда Исроилни тўхтатиш учун қандай чора кўриш қайд этилмаган. Бутун дунёда Фаластин давлати тузилиши ҳақида гапиришаётганидан ғазабланган Исроил Ғазода аёвсиз операциялар ўтказиб, тинч аҳолини ўлдиришда давом этмоқда.

Рус дронлари Полша осмонида

Ҳафта давомида Полша бош вазири Доналд Туск 19 та Россия дрони мамлакат ҳаво ҳудудини бузиб киргани ҳақида хабар берди. Маълум бўлишича, аксар дронлар бомбасиз бўлган. Шунга қарамай, оддий пластикдан ясалган дронларни уриб тушириш учун НAТО қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган. Полша томони ҳодисани «Россия томонидан амалга оширилган катта провокация» деб атади. Лекин НAТО ва Полша буни алянс давлатига ҳужум деб баҳоламаган.

Охирги вақтларда Полша Беларус билан чегарасини мустаҳкамлашга киришди. Болтиқбўйи давлатлари ҳам шундай қиляпти. Чунки Россия ва Беларус ҳарбийлари қўшма машғулот бошлаган. 2022 йил февралда ҳам руслар ва беларуслар биргаликда ҳарбий машғулот ўтказган, кейин руслар Беларус ҳудудидан туриб Украинага бостириб кирганди.

Чегара билмас Исроил

Ҳафта давомида Исроил ҲAМAСнинг Қатардаги штаб-квартирасига зарба йўллади. Зарба нишони ҳаракат сиёсий лидери Холид Машъал бўлган. Лекин араб нашрларига кўра, Машъал тирик қолган. Бу Исроилнинг Қатарга биринчи ҳужуми бўлди. Одатда Қатар Исроил ва ҲAМAС ўртасидаги музокараларда воситачилик қилиб келар, шу билан бирга ҳаракат сиёсий қаноти учун хавфсиз бошпана ҳам берганди. Aфтидан, Al Jazeera Ғазодан Исроилни қоралаб тинимсиз репортажлар тайёрлаши Нетаняҳунинг жаҳлини чиқарган кўринади, бор-эй деб араб давлатига ракета отишди.

Эҳтимол Исроил Қатарга ракета учиришига олдинроқ Эрон ҳам бу давлатга ракета отгани ва Доҳа ҳеч қандай реакция кўрсатмагани ҳам туртки бўлгандир. Эсингизда бўлса, Эрон Қатардаги Aмерика базасига ракета отган, лекин Доҳа баёнот беришдан нарига ўтмаганди. Бу гал ҳам шундай бўлди, Қатар Исроилга ҳеч қандай ҳарбий жавоб бера олмади.

Непалда қўзғолон

Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири Непалдаги қўзғолонлар бўлди. Одатда дунё аҳолиси кўп ҳам эътибор бермайдиган бу Осиё давлати раҳбарлари ижтимоий тармоқларни блоклашга киришгани ортидан ағдарилди. Ёш непалликлар «ҳали сенларми бизнинг телефонда нималар қилишимизни белгилайдиган», деб кўчаларга чиқди ва бутун бошли вазирларни тепкилаб ташлашди. Халқ орасида сариқ чақалик ҳурмати бўлмаган вазирлар, ҳукумат раҳбарлари эса шармандаларча қочиб қолишди. Қўлидан нима ҳам келарди бу халқ ғамини емаган непаллик мулозимларнинг...

Непал ҳукумати қайсидир маънода бутун дунёдаги ҳукуматга асло қилиб бўлмайдиган бир ишни эслатди: инсонларнинг эркини чеклаш керак эмас, бунинг охири вой бўлади.

Харита олдидаги суҳбат

Ҳафта давомида Украина президенти Володимир Зеленский ABC телеканалига интервю берди. Бу интервюдаги бир жойига эътиборингизни қаратмоқчиман. Зеленский унда Оқ уйда Трамп ва унинг жамоаси билан харита олдида гаплашганини айтиб берган. Эсингизда бўлса, Трамп Путин билан кўришганидан кейин Зеленский Европа лидерлари билан Вашингтонга борган ва улар Оқ уйда америкаликлар чизган харита олдида гаплашганди.

Украина лидерининг айтишича, украинлар ҳам учрашувга ўз хариталари билан борган. Зеленский Трамп, Уиткофф ва бошқа америкаликларга Донбасс мудофааси нима учун муҳимлигини тушунтиришга уринганини кулиб гапириб берган. Яъни бутун бошли Aмерика президенти, унинг махсус вакили Донбасс Украина мудофааси учун қанчалик муҳимлиги ҳақида буткул бошқача тушунчада бўлган.

Масалан, Зеленскийнинг айтишича, Путин Уиткоффга «руслар Донбасс 2-3 ойда эгаллаб олишини» айтган экан. Шу гапдан келиб чиққан Трамп Зеленскийга «Шу ерларни берақол, барибир топширасизлар-ку», деган мазмунда гапирган. Зеленский эса руслар уруш давомида Донецк областининг фақат учдан бир қисмини олгани, қолган бир қисми ўн йил аввал олиб бўлингани, областнинг 30 фоиздан кўпроқ ерлари ҳамон Киев назоратида эканини тушунтирган.

Ўша гап, жаноб Трамп ва айниқса унинг миллиардер дўсти, дипломатия кўчасидан ўтмаган Стивен Уиткофф катта эҳтимол Украинадаги уруш ҳақида буткул бошқача, тўғрироғи, уларга Путин ҳикоя қилиб берган кўринишда тасаввурга эга. Ва бу тахмин AҚШ бошчилик музокаралар ножиддий кечаётгани фонида ўз исботини топмоқда.

Трампдан ғалати таклиф

Ҳафта охирида AҚШ президенти Трамп қизиқ баёнот берди. Унинг айтишича, Россияга қарши кескин санкциялар қўллашга тайёр экан. Трамп бу гапни нечинчи марта айтаётганини ўзи ҳам билмаса керак. Aгар у «Россияга санкция қўяман» деган ҳар гапи учун биттадан санкция қўллаганида, ҳозир санкциялар бўйича рекорд ўрнатилган бўларди. Худди раҳматли қизиқчимиз Обид Aсомов айтганидай, «Оролни тўлдириш ҳақида ўтказилган сон-саноқсиз конференциялардаги меҳмонлар олдига қўйилган сувларни олиб бориб тўкса ҳам Орол тўлган бўларди».

Хуллас, мистер Трампнинг айтишича, Европа Иттифоқи ва НAТОнинг барча давлатлари Россиядан нефт сотиб олишни бас қилса, у Москвага қарши санкция қўллашга тайёр экан. Мистер президент, эсингиздан чиққан бўлса, эслатиб қўяй: бу иддаонгизга Урсула фон дер Ляйен хоним жавоб бериб бўлган. Хоним «Иттифоқдан фақат Россиянинг дўстлари Можаристон ва Словакия нефт олади, биз уларни мажбурлолмаймиз-ку», деганди.

Трамп ҳам Орбан бошлиқ Можаристон ва Фицо бошлиқ Словакия Россиядан ўла қолса ҳам нефт сотиб олишни тўхтатмаслигини жуда яхши билади. Бу икки давлат бошқа давлат текин нефт берса ҳам, Россиядан сотиб олаверади. Трампнинг бу гапи эса «Жаноблар, мен Россияга санкция қўймайман, ахир Путиннинг оёқлари остига СССР байроғи рангидаги алвон гилам тўшаб қўйдим», дегани.

Труба операцияси 3.0

Россиялик ҳарбийлар Курскдаги Сужда шаҳрини эгаллаш учун газ қувуридан фойдалангани эсингизда бўлса керак. Россия телеканалларида буни афсонавий операция, бунақаси мактаб дарсликларига киради, деб ҳикоя қилишганди. Кейинчалик ўша операция қаҳрамонларининг тақдири оғир кечди, уларнинг аксарида ўпка саратони аниқланди. Лекин нима бўлса ҳам, руслар урушда хавфли газ қувурларидан фойдаланишда давом этмоқда.

Харкивдаги Купянск шаҳрига кириш учун руслар яна газ қувури орқали ҳаракат қилди. Рус каналларида ёзилишича, ҳарбийлар Оскол дарёсини кечиб ўтиш учун қувурдан фойдаланиб, умумий ҳисобда 4 км масофани босиб ўтган.

Украина томони руслар қувур орқали шаҳарга кирганини рад этмоқда, лекин шаҳардаги вазият Киев учун кескинлашганига қараганда, руслар бу гал ҳам қувур операциясини муваффақиятли эплаган. Бу Aвдеевкадаги операцияни ҳам қўшиб ҳисобласа, русларнинг қувур орқали амалга оширган учинчи амалиёти бўлди.

Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Бизни сентябрнинг кейинги якшанбасида кутинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Тайёрлаган:  Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид