Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Одамлар орасидаги президент, автобусларда рейдлар ва “дом” қурилишидаги катта кўзбўямачиликлар — ҳафта дайжести
Контейнерга кўчган яна бир ҳоким, нақд пул олинмайдиган шаҳар автобусларида текин юрган йўловчиларга қарши рейдлар, 2024 йилнинг энг шов-шувли коррупцион ишида кутилмаган якун ва қурилишдаги охири йўқ кўзбўямачиликлар ниҳоят тан олингани билан Kun.uz’нинг ҳафта дайжести дастурида танишишингиз мумкин.
Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.
Президент Наманганда бўлди
Жорий ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташриф буюриб, қатор янги лойиҳалар билан танишди. Давлат раҳбарининг ҳудудга сафари Наманган аэропортидаги бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланди. Шундан сўнг Янги Наманган ва Чуст туманларида ишлаб чиқариш, саноат ва сервис соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишган президент Норин туманига қараб йўл олди.
Ташрифнинг эсда қоладиган воқеаси Шавкат Мирзиёевнинг "оғир" маҳалла аҳолиси билан мулоқоти бўлди. Кортеж кутилмаганда маршрутини ўзгартириб, Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига кирган.
Шу ерда давлат раҳбари олдиндан тайёрлаб қўйилмаган оддий одамлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тинглаган. Президент матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, маҳалланинг шароити оғир, ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва лотоклар йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.
Президент вилоят масъулларига муаммоларни ҳал қилиш ва намунали шароитлар яратишга топшириқ берган. Жумладан, учрашувда энди маҳалла Шўрариқ эмас, Янги Наманган маҳалласи деб номланиши, маҳаллани обод қилиш учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилиши айтилган.
Билдирилган танқидлар ва берилган топшириқлардан сўнг Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов Шўрариқ маҳалласига контейнер уй ўрнатиб, унга кўчиб ўтди.
Ҳокимнинг контейнер уйга кўчиб ўтиш анъанаси олдин ҳам кузатилган. Масалан, 2021 йил февралида айнан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳридаги Бунёдкор маҳалласига кўчиб ўтганди.
Ўшанда ҳам президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи вақтида кутилмаганда йўлни бурган ва мавжуд аҳволни танқид қилганди.
17 сентябр куни Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида ўтган йирик халқаро форумда иштирок этди. Камбағалликни қисқартиришга оид форумда қиймати 495 млн долларлик келишув ва меморандумлар имзолангани маълум қилинди.
SAT имтиҳонидан 1200 балл олганлар грантда ўқийди
Якунланган ҳафтада билимли ва интилувчан ёшлар учун муҳим воқелик содир бўлди. SAT имтиҳонида 1200 дан юқори балл олганлар қўшимча давлат грантига қабул қилинади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги янги низомга кўра, қуйидаги 3 та халқаро сертификат олган абитуриентларга имтиёзлар белгиланди:
- “A level” сертификати (“B” ва ундан юқори даража) — базавий тўлов-контракт асосида қўшимча равишда ўқишга қабул қилинади;
- “International Baccalaureate” сертификати (32 ва ундан юқори балл) — базавий тўлов-контракт асосида қўшимча равишда ўқишга қабул қилинади;
- “Scholastic Aptitude Test - SAT” халқаро имтиҳони (энг юқори баллнинг 75 фоизи – 1200 балл ва ундан юқори) — қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бу имтиёз сертификат берилган фан кириш имтиҳонлари таркибида мавжуд бакалавриат таълим йўналишларига тааллуқли бўлади.
Азиз Воитов озодликка чиқди
Ҳафтанинг шов-шувли янгиликларидан бири – собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг суди бўлди. 15 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Азиз Воитов ва бошқа жами 62 кишига оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугади ҳамда ҳукм эълон қилинди.
Қайнота, курсдоши ва бошқа яқинлари билан жиноий гуруҳ бўлиб, 150 миллиардлик зарар етказганликда айбланган Азиз Воитов суд якунида Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга бошқарув тизими, раҳбарлик ва мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари, аниқроғи 164 млн 800 минг сўм миқдорида жарима ва ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Вазирликнинг яна бир собиқ мулозими Хайрулло Каримовга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қолган 60 нафар судланувчига ҳам қилмишига мувофиқ равишда тегишли жазолар белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу иш талон-торож қилинган кредит маблағлари, бюджет пуллари ҳамда давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 200 млрд сўмдан ошиқлиги, Воитов бу ишларни асосан курсдоши, қайнотаси ва бошқа яқинлари орқали қилгани билан боғлиқ эди.
Энг сердаромад соҳа – қурилишда солиқдан қочиш
Сизнингча, “новостройка”нинг 1 кв/метр 1 млн 200 минг сўм бўлиши мумкинми? Бизда мумкин. Қурилиш соҳаси вакиллари солиқдан қочиш учун шундай қилишади. Уйларнинг асл нархларини расмийлаштиришда пасайтириб кўрсатиш оқибатида 1,9 трлн сўм солиқ тушуми таъминланмаган. Савдо-саноат палатаси берган маълумотларда 914 та объект қурилишида ишлар ҳажми камайтириб кўрсатилгани сабабли 243 млрд сўм маблағ бюджетга тушмаган, ўз муддатида қурилган 1,5 мингта объект ҳисобга қўйилмагани сабабли 200 млрд сўм мол-мулк ва ер солиғи ҳисобланмагани айтилган.
Турар жойларнинг олди-сотдисида қийматни пасайтириб кўрсатиш оқибатида 126 минг квадрат метр уй-жой (10 мингта хонадон) ҳар квадрат метри учун атиги 1,2 млн сўмдан ($100 дан кам) расмийлаштирилган.
Тошкентда қурилаётган уй-жойлар нархига эътибор қаратсангиз, ҳали котловани ҳам қазилмаган, эндигина сотуви бошланган, ҳатто 3-4 йилдан кейин битиши ваъда қилинаётган уйларнинг нархи ҳам ҳар квадрат метрига минг доллар, сўмда ҳисоблаганда 12 млн сўмдан кам эмас.
Нима ҳам дердик, ҳаммага инсоф берсин.
Сувдан кўтарилган ғалвир – автобусларда рейд
Ёдингизда бўлса, шу йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги жамоат автобусларида нақд пулда йўл ҳақини қабул қилиш амалиёти бутунлай тўхтатилиб, тўловлар тўлиқ электронлаштирилди. Йўловчилар йўлкирани фақат АТТО, банк карталари ёки QR кодли бир марталик чипталар билан тўлашлари мумкин бўлди.
Аммо айрим йўловчиларнинг йўл ҳақини ҳеч қандай сабабсиз тўламасдан автобусдан тушиб кетиши кўп кузатиладиган жараён экани айтиб келинаётганди.
Ғалвир сувдан кўтариладиган пайт келди шекилли, Транспорт назорат инспекцияси рейд тадбирларини ўтказмоқда. Маълумотларга кўра, 1 апрел санасига қадар йўлкира тўламаган 56 кишига 37,5 минг сўм миқдорида жарима ёзилган бўлса, сентябр ойига келиб уларнинг сони 6 минг нафардан ошган.
Қоидабузарлар 41 минг 200 сўмдан жаримага тортилмоқда.
Тошкентда автобус чўкди
Тугаётган ҳафтамизда “чиновник”ларнинг Тошкент кўчаларига муносабати қандай эканини кўрсатувчи ноодатий ҳодиса юз берди: 15 сентябр куни Тошкентдаги Гулсанам кўчасида йўл чўкиши кузатилди. Унда ҳаракат вақтидаги автобус ва микроавтобус ботиб қолган. Тармоқларда тарқалган видеодан кўриш мумкинки, автобусни ботган жойидан чиқармоқчи бўлган экскаватор ағдарилиб кетган.
“Тошшаҳартрансхизмат”нинг хабар беришича, 101-сонли йўналишда қатновчи MAN русумли автобус ботиб қолган. У ТТЗ бозори бекатига тўхтаганида, илгари сув қувурлари ўтказилгани ва сув сизиб чиқиши сабаб йўл қатнов қисми чўкиб, транспорт воситасининг ўнг томони ерга ботиб кетган.
Автобус чўкиш жойида қарийб 5 соат қолиб кетган. Ҳодиса оқибатида йўловчиларга тан жароҳати етмаган.
“Тошкент шаҳар сув таъминоти” хабарига кўра, бу ерда 400 диаметрли қувур янгиланмоқда. “Қурилиш ҳудудига яқин жойдан ўтган тармоқда юзага келган носозликдан сизиб чиққан сув кўмилган чуқурларнинг тупроқ қисми кескин чўкишига сабаб бўлган. Транспорт воситалари ана шу чуқурга бир тарафи билан тушиб қолган”, - дейилади хабарда.
Расмий хабарларда лойга ботиб қолган микроавтобус ва қутқарув вақтида ағанаган экскаватор ҳақида маълумот берилмаган.
Боксчилардан яна юқори натижалар
Ўзбекистон бокс жамоаси Англиянинг Ливерпул шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида жами олтин медаллар сонини 6 тага етказиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
60 давлатдан 500 дан ортиқ боксчилар ўзаро баҳс олиб борган турнирни 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза билан якунлаган Ўзбекистон бокс жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди. Қўшни Қозоғистон эса 7 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза билан биринчи бўлди.
Тошкентга қайтган жаҳон чемпионларига автомобил ва пул мукофотлари топширилди. Бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларида совриндор бўлган жами 13 нафар спортчи ва уларнинг мураббийлари BYD автомобиллари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Ўтган ҳафтада ҳам бир нечта одамнинг ўлимига олиб келган аянчли йўл-транспорт ҳодисаси юз берди.
13 сентябр куни Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги темирйўл кесишмасида поезд Gentra’ни уриб юбориши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. Вафот этганлар 5 нафар аёл ва 1 нафар ёш бола бўлган.
Ўзбекистон темирйўллари компаниясининг расмий хабарида айтилишича, Gentra ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ва яқинлашиб келаётган поезд олдидан темирйўлни кесиб ўтишга уринган.
Муаллиф – Дилшод Абдуқодиров
Бошловчи – Бобур Акмалов
Монтаж устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
16:41 / 26.10.2025
Путинни рад этган Трамп, Марс орзусидаги Маск — ҳафта дайжести
21:12 / 28.09.2025
Тан олинаётган Фаластин, БМТда хушланмаган Нетаняҳу – ҳафта дайжести
20:50 / 14.09.2025
Қабул қилинган «Фаластин декларацияси», рус дронлари НАТО осмонида – ҳафта дайжести
22:25 / 13.09.2025

