Таълим | 20:16 / 14.09.2025
3267
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Германиянинг Анхалт амалий фанлар университети филиали очилиши мумкин

Анхалт университети ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида англашув меморандуми имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Германиянинг Анхалт амалий фанлар университети президенти профессор Ёрг Багдан билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Самарқанд шаҳрида университет филиалини очиш имкониятлари муҳокама қилиниб, унинг аҳамияти ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, талабаларни амалиёт билан таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Германия саноат корхоналарини ҳамкорликка жалб этиш зарурлиги қайд этилди. Немис делегацияси мазкур таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Томонлар Германияда форум ташкил этиш, қатор университетларга ташрифлар ва учрашувлар ўтказиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Форум доирасида Анхалт университети ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида англашув меморандуми имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Суҳбат якунида 2025 йил ноябр ойида Германияда бўлиб ўтадиган форум доирасида ушбу масалаларни янада батафсил муҳокама қилиш ҳамда кейинги амалий қадамларни белгилашга келишиб олинди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид