Жаҳон | 07:19 / 15.09.2025
2766
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати уруш харажатлари туфайли солиқларни оширишни муҳокама қиляпти

Россия ҳукумати ҳарбий харажатлар туфайли ортиб бораётган бюджет тафовутини ёпиш йўлини қидирмоқда. ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 22 фоизга ошириш - эҳтимолий вариант.

Фото: Getty Images

Ҳарбий харажатлар туфайли бюджет тақчиллиги ошиб бораётган бир пайтда Россия ҳукумати солиқларни ошириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда The Bell суриштирув нашри хабар берди. Нашр суҳбатдошларининг фикрича, ижтимоий аҳамиятга эга товарларни истисно қилган ҳолда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни 20 фоиздан 22 фоизга ошириш эҳтимолий вариантлардан биридир.

Ҳозирча якуний қарор йўқ, бироқ манбаларга кўра, солиқларни оширишнинг муқобил вариантлари кўриб чиқилмаяпти, акс ҳолда бюджетдаги тешикни ёпиб бўлмайди. Масала яқин орада ҳал қилиниши керак: сентябр ойи охирида ҳукумат анъанавий тарзда Давлат думасига келгуси йил учун бюджет лойиҳасини тақдим этади. «Солиқлар албатта оширилади», деди The Bell'нинг Кремл ва ҳукуматга яқин манбаси. Унинг сўзларига кўра, муҳокамалар якуний босқичда: «бюджет аллақачон тасдиқланиши керак».

Жараён билан таниш бўлган уч расмий The Bell нашрига гап ҚҚСни ошириш ҳақида кетаётганини ва ижтимоий аҳамиятга эга товарларга истиснолар қўлланиши мумкинлигини тасдиқлади. Улардан бири бу кўрсаткични 20 фоиздан 22 фоизгача деб атаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид