Ўзбекистон | 20:59 / 16.09.2025
5590
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди

Давлат раҳбари вилоятда инвестиция, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, туризм, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, ободонлаштириш, йўлларни ва кўприкларни таъмирлаш, ичимлик суви ва канализация, ижтимоий ҳимоя, футболни ривожлантириш каби масалалар бўйича топшириқлар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 сентябр куни Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

«Ҳар сафар бу вилоятга келганимда, одамлардаги кўтаринки кайфиятни, каттаю-кичик доимо ҳаракатда, изланишда юрганини кўриб қувонаман. Бугун ҳам ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар, янги ишга тушган корхоналар билан танишиб, ислоҳотларимиз тўғри йўлдан бораётганига яна бир бор амин бўлдим», деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Қайд қилинишича, қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайди. Бу, энг аввало, яратилган шароит ва вилоят аҳолисининг машаққатли меҳнати билан бўлгани таъкидланди.

Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция кирди, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушди. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошди. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ошди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи айнан кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали даромад топмоқда.

Таъкидланишича, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан «оғир» маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан, жами 320 миллиард сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилади.

Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи ва Янгиқўрғонда туну-кун ишлайдиган 8 та сервис кўчаси барпо этиш режа қилинган.

Вилоят Ислоҳотлар штабига тадбиркорлар билан ҳар бир туманда камида 2 тадан сўлим табиатли жойларни танлаб, улар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди.

Шунингдек, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга бу ерларнинг муҳофаза зонаси ва контурини белгилаб, аукционга чиқаришни бошлаш топширилди.

Президент Тўрақўрғонда томчилаб суғориш орқали 5 минг гектар адир ерларни ўзлаштириш ишлари бошланганини маъқуллади. Ҳозиргача 2 минг гектар ўзлаштирилди, шундан 1,3 минг гектарида боғ ва узумзор ташкил этилди, 4 минг киши ишли бўлди. Бу ишларни давом эттириб, Поп туманида 4 минг гектар, Косонсой, Чуст ва Мингбулоқ туманларида 1 минг гектардан ерни қайта фойдаланишга киритиш вазифаси қўйилди.

Учқўрғон ва Норин туманидаги 1 минг хонадонда форел балиғи етиштиришни йўлга қўйиш, 1 сотихли 350 та сунъий ҳовуз ўрнатиб, аҳолига бўлиб бериш муҳимлиги таъкидланди.

Наманганлик текстилчилар бренд билан ишлаш бўйича республикада етакчи экани таъкидланди. Инвестиция олиб келиш ва брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун бир ойда вилоятда алоҳида лойиҳа офиси очилади. Халқаро сертификат олган текстил корхоналари 50 тага етказилади.

Йил бошидан вилоятга 1 миллион 200 минг хорижий, 2 миллион маҳаллий сайёҳ келди, туризм экспорти 200 миллион доллардан ошди. Бунда ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган Халқаро гуллар фестивалининг ўрни катта экани таъкидланди. Чортоқни бутун йил давомида хизмат кўрсатадиган водийнинг туризм хабига айлантириш топширилди. Чортоқдаги лойиҳалар инфратузилмаси учун 50 миллион доллар ажратилиши айтилди.

Жаҳон банки билан Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида жорий йилда «Фурқат» боғи реконструкция қилиниб, ҳудуди қарийб 2 баробар кенгайтирилади, Чортоқсой бўйлаб 11 километр узунликда пиёдалар ва велосипед эко-йўлаклари қурилади.

Жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида Чортоқсой ва Катта Наманган канали қирғоқларининг 7 километри бетонлаштирилиб, 30 гектар ер фойдали майдонга айлантирилади.

Бу ердаги кўп йиллик боғлар билан уйғун ҳолда санаторий типидаги йирик сервис объектлари барпо этилади. «Чортоқ» сув омбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади.

Яна бир йирик лойиҳа – Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм комплекси барпо этилади.

Туризм соҳасидаги катта лойиҳалар учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинади.

Вилоят аҳолиси талабини инобатга олиб, Қорадарё устидаги 63 йил олдин қурилган Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи 180 метрли эски кўприкни реконструкция қилиш бошланди. Бунинг натижасида транспорт қатнови 2 баробар ошади, йўлга кетадиган вақт 1,5 карра қисқаради, тирбандлик кескин камаяди. Мутасаддиларга 694 километр йўл ва маҳаллалардаги 7 та кичик кўприкни таъмирлашни жорий йилда якунлаш топширилди.

Вилоят марказини пойтахт билан боғлайдиган, кунига 15 минг транспорт ҳаракатланадиган «Пунгон-Наманган» йўлининг 75 километри реконструкция қилинади. Бу йўл 246 миллион доллар ҳисобига 4 тасмали, бетон қопламали қилиб қурилади, 34 та кўприк, 22 та пиёдалар ўтиш жойлари барпо этилади.

Бу йил вилоятда сув тизимини яхшилашга 800 миллиард сўм ажратилди. Мутасаддиларга йил якунигача 130 километр сув ва канализация тармоғи, 11 та сув иншооти қурилишини якунлаб, фойдаланишга топшириш вазифа қилиб қўйилди.

Наманган шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан таъминловчи 70 йил олдин қурилган «Курашхона» сув иншооти Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда реконструкция қилинади.

Чуст, Поп, Мингбулоқ ва Наманган туманларида сув ва канализация тизимини яхшилаш бўйича лойиҳа ҳужжатларини якунлаш топширилди.

Яқинда Наманган аҳолиси бир миллионли шаҳарга айланади. Бу шароитда боғчаларни кўпайтириш жуда долзарб экани таъкидланди. Намангандаги 49 та техникумга хорижий стандартларни олиб келиб, уларнинг барчасида дуал таълимни йўлга қўйиш топширилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига эндиликда деменция ва Паркинсон каби касалликлар билан хаста одамлар учун ҳам қараб туриш хизматини йўлга қўйиш топширилди. Шунингдек, кундузги парвариш хизматларига қўшимча равишда ногиронлиги бор болаларнинг функционаллигини оширишга қаратилган реабилитация ва педагогик хизматларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

«Навбаҳор» футбол мактабини уч йил муддатга Нидерландиянинг машҳур «Аякс» футбол академияси бошқарувига бериш бўйича келишувга эришилди. Ушбу академиянинг 11 нафар мураббий, скаут ва методистлари Наманганга олиб келинади.

Президент келажакда бу академияда дунёнинг топ-клубларида ўйнайдиган, жаҳон чемпионатларида ўз маҳоратини намоён қиладиган кўплаб футболчилар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Йиғилиш давомида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, тадбиркорларнинг намунали тажрибалари кўриб чиқилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид