Соғлом ҳаёт | 20:54 / 16.09.2025
2289
5 дақиқада ўқилади

Телефон, пул, губка ва тиш чўткаси: яширин бактериялар қаерда кўпроқ тўпланади?

Фото: Getty images

Бактериялар кўзга кўринмайди, лекин улар ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида биз билан бирга. Мазкур микроорганизмларни бутунлай йўқ қилиш имконсиз, аммо тозалик қоидаларига риоя этиш орқали хавфини камайтириш мумкин. Одатда, гигиена борасида кўпинча фақат ҳожатхона ёки ифлос кўринадиган жойларга эътибор қаратамиз. Аслида эса энг кўп бактериялар ҳар куни ишлатадиган ва тоза деб ўйлайдиган буюмларимизда тўпланади. Ушбу мақолада бактериялар энг кўп йиғиладиган буюмлар ва улардан самарали ҳимояланиш йўллари ҳақида таништирамиз.

Кўпчилик бактерияларни фақат ифлос жойларда бўлади деб ўйлайди. Бироқ кундалик ҳаётимизда энг кўп ишлатадиган буюмларимиз — телефон, пул, ошхона губкалари ёки тиш чўткалари микроблар йиғиладиган асосий жойлар ҳисобланади. Олимлар фикрича, бактерияларнинг ушбу яширин манбалари кўплаб касалликлар, хусусан, ошқозон-ичак инфекциялари, тери касалликлари ва ҳатто шамоллашларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Телефонлар

Бугунги кунда телефон энг кўп ишлатиладиган буюмга айланган. Уни қўлда ушлаймиз, столга қўямиз, кўчада ҳам ишлатамиз. Кўпинча қўлларимизни ювмасдан туриб унга тегинамиз. Илмий тадқиқотлардан бирида телефон юзасида бир сантиметр квадратида 25 мингдан ортиқ бактерия топилгани қайд этилган. Демак, телефон бактерия тўпланиши бўйича энг хавфли буюмлардан биридир. Мутахассислар уни камида ҳафтада бир марта антисептик салфеткалар билан артишни тавсия қилади.

Ошхона

Ошхона кўпчилик учун уйдаги энг тоза ҳудуд саналади. Парадокс шундаки, энг катта бактерия манбаи ҳам айнан шу жойда яширинган бўлади. Ошхона губкалари ва идиш ювиш матолари микроблар энг кўп йиғиладиган буюмлар қаторига киради. Нам муҳит, озиқ-овқат қолдиқлари ва илиқ ҳарорат бактериялар тезда кўпайиш учун қулай шароит яратади. Тадқиқотларда биргина ошхона губкасида ҳожатхона ўриндиғига қараганда бир неча баравар кўпроқ бактерия аниқлангани бунга яққол мисол бўла олади.

Ошхонанинг бошқа буюмлари, масалан, тахтачаларда хом гўшт ёки сабзавот кесилганда салмонелла ва Э.cоли каби бактериялар қолиши эҳтимоли мавжуд. Агар улар алоҳида ишлатилмаса ёки етарлича дезинфекция қилинмаса, зарарли микроорганизмлар кейинги таомга ҳам ўтиб, инфекция манбаига айланади. Пичоқлар ҳам худди шундай хавф туғдиради. Музлаткичнинг тутқичлари эса кўпинча эътибордан четда қолади. Одамлар қўлларини ювмасдан ҳам музлаткични очиб-ёпади ва микроблар бемалол қўлдан қўлга юқаверади. Раквина, яъни идиш ювиш жойида эса озиқ-овқат қолдиқлари ва ёғлар тўпланиб, бактериялар учун идеал муҳитни яратади. Шу сабаб, ошхонада гигиенага жиддийроқ қараш зарур. Мутахассислар губкани ҳафтасига камида бир марта алмаштиришни, уни қайноқ сувда ёки микротўлқинли печда дезинфекция қилишни тавсия этади.

 

Телефонлар

Бугунги кунда телефон энг кўп ишлатиладиган буюмга айланган. Уни қўлда ушлаймиз, столга қўямиз, кўчада ҳам фойдаланамиз. Кўпинча қўлларимизни ювмасдан туриб унга тегинамиз. Илмий тадқиқотлардан бирида телефон юзасида бир сантиметр квадратида 25 мингдан ортиқ бактерия топилган. Демак, смартфон бактерия тўпланиши бўйича энг хавфли буюмлардан биридир. Мутахассислар уни камида ҳафтада бир марта антисептик салфеткалар билан артишни тавсия қилади.

Тиш чўткаси

Тиш чўткаси одатда нам бўлиб қолади. Бу эса бактериялар тез кўпаядиган муҳитдир. Мутахассислар чўткани ҳар уч ойда алмаштириш, уни ёпиқ идишда сақламаслик ва ҳавода қуритишни маслаҳат беради.

Жамоат жойлари: эшик тутқичлари ва лифт тугмалари

Ҳар куни юзлаб одамлар қўли тегадиган эшик тутқичлари, лифт тугмалари ёки автобус қўл тутқичлари энг кўп бактерия тўпланадиган жойлардан биридир. Дезинфекция қилиш имкони бўлмаган ҳолларда қўлни юзга теккизмаслик ва имкон қадар тезроқ ювиш керак.

Ноутбук ва компютер клавиатураси

Кўпчилик иш жойида компютер қаршисида овқатланади. Натижада озиқ-овқат қолдиқлари ва ёғ клавиатура тугмачалари орасига тушиб қолади. Бу ҳолат клавиатурада нафақат чанг, балки бактериялар тўпланишига ҳам сабаб бўлади. Клавиатурани мунтазам артиб туриш ва иш жойида овқатланмаслик тавсия этилади.

Ҳожатхона юзалари

Ҳожатхона бактерияларнинг энг кўп тарқаладиган жойи экани ҳаммага маълум. Аммо одамлар одатда уни тозалашга кучлироқ эътибор беради. Асл хавф — унитаз қопқоғини ёпмасдан сувни оқизишдир. Бу пайтда бактериялар ҳавога тарқалади ва яқин атрофдаги буюмларга, жумладан тиш чўткасига ҳам ўтади.

Гигиена қоидаларига риоя қилиш орқали бактерияларнинг соғлиққа таъсирини сезиларли камайтириш мумкин. Бунинг учун:

  • қўлларни мунтазам ювиш;
  • телефон, клавиатура ва пултларни дезинфекция қилиш;
  • ошхона губкаларини тез-тез алмаштириш;
  • тиш чўткасини ҳар уч ойда янгилаш;
  • жамоат жойларида қўлни юзга теккизмаслик;
  • ҳожатхонадан фойдаланганда қопқоғини ёпиб, сувни оқизиш зарур.
Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид