Губкадаги намлик, иссиқлик ва озиқ-овқат қолдиқлари микроблар кўпайиши учун идеал муҳит яратади. Сиз эса ҳар куни “зараркунандалар уяси”га айланган ана шундай тозалаш воситаси билан идиш-товоқларни юваётган бўлишингиз мумкин. Мазкур буюм ҳар бир квадрат сантиметрида ўртача 362 хил бактерия турини тўплайди. Айрим ҳолатларда эса битта губкада 45 миллиардгача микроорганизмлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу мақолада ошхона губкасида учрайдиган бактерия турлари, уларнинг соғлиққа салбий таъсири ҳамда идиш ювиш воситасидан хавфсизроқ фойдаланиш йўллари ҳақида сўз юритилади.

Микроблар армиясига мезбонлик қилаётган тозалаш воситаси

Ташқи кўринишдан зарарсиздек туюлган ошхона губкаси (мачалкаси) аслида уйдаги бактерия энг кўп тўпланадиган буюмлардан бири саналади. Унда йиғиладиган зарарли моддалар миқдори унитаз ўриндиғидагидан бир неча минг баробарга кўп. Айниқса, у ҳўл ҳолатда узоқ вақт бир жойда қолдирилганида турли касалликларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар учун идеал “инкубатор”га айланади: илиқлик, доимий намлик ва озиқ-овқат қолдиқларининг мавжудлиги микроблар учун қулай яшаш муҳитини яратади.

Илмий манбаларга кўра, губкада инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиган қуйидаги бактериялар йиғилади:

  • Салмонелла – ошқозон-ичак тизими фаолиятига таъсир қилувчи энг кенг тарқалган патогенлардан бири бўлиб, у губкада 7 кунгача яшай олади. Салмонелла билан зарарланиш овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг асосий сабабларидан биридир. Инфекция кучли ич кетиши, ҳарорат кўтарилиши, умумий ҳолсизликни юзага келтиради.
  • Стафилококк (staphylococcus aureus) – бу бактерия тери ва юмшоқ тўқималарда турли инфекцияларни пайдо қилади. У яралар, ҳатто ўпка ва қон инфекцияларини ҳам ҳосил қилиши мумкин.
  • Ичак таёқчаси (escherichia coli, E. coli) – мазкур микроорганизмларнинг айрим турлари одам организмида табиий ҳолатда мавжуд бўлса-да, унинг зарарли штаммлари ичак яллиғланишини юзага келтиради. Ҳолат ич кетиши, қорин оғриғи, кўнгил айниши каби аломатлар билан намоён бўлади.
  • Листерия (listeria monocytogenes) – ушбу бактерия ҳомиладор аёл, янги туғилган чақалоқ, қария ва иммунитети паст одамлар учун хавфли ҳисобланади. У паст ҳароратда ҳам яшай олади, шунинг учун совитилган маҳсулотлар орқали ҳам тарқалиш қобилиятига эга.
  • Кампилобактер (campylobacter) – кўпинча хом гўштда учрайди. У организмга тушгач, 2-5 кун ичида ўзини намоён қилиб, диарея, иситма, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш каби симптомларга сабаб бўлади.