Жаҳон | 21:03 / 17.09.2025
8022
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг самолёти Лондонга учаётганда бошқа самолёт билан хавфли даражада яқинлашди

Икки бортнинг хавфли яқинлашувини пайқаган авиадиспетчерлар учувчиларга дарҳол йўналишни ўзгартиришни тавсия қилган.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Лондонга учган Boeing 747 самолёти Ню-Йорк осмонида Spirit Airlines авиакомпаниясининг йўловчи самолёти билан тўқнашиб кетишига бир бахя қолди, деб ёзди The Mirror газетаси.

Икки бортнинг хавфли яқинлашувини пайқаган авиадиспетчерлар Форт-Лодердейлдан Бостонга учаётган йўловчи самолёти учувчиларига (Spirit 1300 рейси) дарҳол йўналишни ўзгартиришни тавсия қилган.

Самолётлар бир-биридан бир неча мил масофада бўлган ва учувчилар белгиланган хавфсизлик масофасини бузмаган.

Трамп рафиқаси билан бирга 16 сентябр оқшомида Буюк Британияга тарихда иккинчи марта давлат ташрифи билан борди. Биринчиси 2019 йилда бўлиб ўтган. Трампгача ҳеч бир АҚШ президенти Буюк Британияга тўлиқ қироллик протоколи асосида давлат ташрифи билан бориш таклифи олмаган. 17 сентябр куни президентлик жуфтлигини Виндзор қасрида қирол Чарлз III қабул қилди.

Америка президенти бош вазир Кир Стармер билан ҳам музокаралар ўтказади. Трампнинг Буюк Британияга ташрифи чоғида Вашингтон ва Лондон 10 миллиард доллардан ортиқ иқтисодий келишувларни имзолаши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид