Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия армияси Ямпилни штурм қилмоқда: бу посёлка Донбасс шимоли мудофааси учун қанчалик муҳим?
Ёз охирларида – куз бошида Россия қуролли кучлари фронтнинг Лиман ва Северск шаҳарлари оралиғидаги участкасида илгарилашга муваффақ бўлди, хусусан, украин ҳимоячилари Серебрянский ўрмонининг бир қисмидан сиқиб чиқарилди. Энди эса мудофаанинг яна бир муҳим тугуни – Шимолий Дон дарёси бўйидаги Ямпил қишлоғи ҳам хавф остида қолмоқда.
Фото: Getty Images
Покровск ва Константиновка атрофида Украина қуролли кучларининг жиддий қаршилигига учраган Россия армияси, табиийки, кузги кампаниянинг асосий мақсади – Донецк областининг қолган қисмини ҳам эгаллашни якунлаш учун фронтнинг бошқа участкаларида украинлар мудофаасида заиф нуқталарни қидирмоқда.
Сентябр ойи бошида Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Северск атрофидаги плацдармаига ҳужумларни кучайтирди, шунингдек, Лиман томон илгарилади. Бу икки шаҳарни боғловчи трасса бўйида эса Ямпил қишлоғи жойлашган. Россия аллақачон у томон юриш бошлаган.
Ямпил учун жанглар
13 сентябр куни тушдан кейин фронтнинг ушбу қисмини ушлаб турган Украина қуролли кучларининг 11-армия корпуси россияликлар Ямпил аҳоли пунктига киришга муваффақ бўлганини маълум қилди.
Бунинг учун улар Женева конвенцияларини тўғридан тўғри бузувчи тактикадан фойдаланган.
Россиялик ҳарбийлар фуқаролик кийимини кийиб, маҳаллий аҳоли ниқоби остида посёлкага ўрнашиб олишга ҳаракат қилган.

Улар хусусий уйлар, ертўлалар ва бошқа иншоотларда яширинган.
«Днипро» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи вакили, подполковник Алексей Белский BBC Украина хизматига россияликларга маҳаллий аҳоли ҳам ёрдам берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат Украина қуролли кучлари учун Ямпилда қарши чоралар кўришни мураккаблаштирган.
«Оккупантларни яширган ва боққан маҳаллий аҳоли „рус дунёси“ келишини кутаётган „ждунлар“дир. Ушбу „ждунлар“нинг бир қисми мудофаа кучлари томонидан қўпорувчиликка қарши тадбирлар бошланганда жонли қалқон ролини ўйнади», – деди «Днипро» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи вакили.
Унинг сўзларига кўра, Украина разведкачи дронлари россияликлар ва Ямпилда яшовчиларнинг айримлари ўртасидаги «дўстона ва самимий» мулоқот тасвирларини қайд этган.
Бироқ, Украина қўмондонлиги охир-оқибат қишлоққа кирган Россия ҳарбийларининг бир қисми йўқ қилингани ва бир қисми асирга олинганини иддао қилмоқда.
«Босқинчилар аҳоли пунктида мустаҳкам ўрнашиб ололмади», – деб таъкидлайди подполковник Белский.
Бироқ, Украина қуролли кучларида Ямпил билан боғлиқ вазият бўйича мутлақо қарама-қарши фикрлар ҳам бор.
Масалан, «Говорят снайпер» телеграм-каналини юритувчи, 24-алоҳида «Айдар» штурмчи баталёни бўлинма командири Станислав Бунятов («Осман» чақирув белгисига эга) ҳудуддаги вазият ёмонлашгани ҳақида ёзмоқда.
«Ямпилда вазият ёмонлашди, душман аҳоли пунктига бостириб киришга муваффақ бўлди, жанглар давом этмоқда, душман ўз бўлинмаларини захиралар билан кучайтирмоқда. Бутун йўналиш бўйлаб вазият мураккаблигича қомоқда», – деган у 16 сентябр куни.
Шунга ўхшаш маълумотни Украина қуролли кучларининг 25-алоҳида ҳаво-десант бригадасининг «Мучной» чақирув белгисига эга аскари ҳам тарқатди. У ўзининг телеграм-каналида 15 сентябр куни россияликлар Украина мудофаасини ёриб ўтиб, қишлоқда мустаҳкам ўрнашиб олишга уринаётгани ҳақида ёзганди.
Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳасининг онлайн харитасига кўра, 17 сентябр ҳолатига кўра, Ямпилнинг шимоли-шарқий қисми «кулранг зона»да, яъни ушбу аҳоли пункти учун фаол жанглар кетмоқда.
Ямпил нимаси билан муҳим?
Ямпилнинг ўзи кичик (тахминан 4 км кв) ва деярли кимсасиз қишлоқ бўлишига қарамай (уруш бошланишидан олдин тахминан 400 киши яшаган), у Донецк области шимолидаги воқеаларнинг кейинги ривожи учун муҳим аҳамиятга эга.
Подполковник Алексей Белскийнинг тушунтиришича, қишлоқнинг олиниши россияликлар учун ҳам Лиман, ҳам Словянск томон ҳаракатланишга йўл очади.
«Оккупантлар Ямпилдан шимоли-ғарбга, узоқ вақтдан бери эгаллашнинг имкони бўлмаётган Лиман томон ҳаракат қилиши мумкин. Аммо рус босқинчиларининг куз-қиш кампаниясидаги асосий мақсадларидан бири – Словянск-Краматорск агломерациясини қўлга киритишдир. Ямпилдан Словянск атрофларигача (жануби-ғарбда) 20 километрдан сал кўпроқ», – деди у.
Бундан ташқари, Ямпил ҳамда қўшни Озерне ва Закотне қишлоқлари оралаб Северск – Лиман трассаси, шунингдек, Словянск ва Краматорскка олиб борувчи йўллар ўтади. Шарҳловчилар таъкидлашича, улар Северск атрофидаги плацдармни ушлаб турган Украина бўлинмаларини логистика билан таъминлаш учун муҳимдир. Сўнгги ҳафталарда Россия бу йўналишда босимни сезиларли даражада кучайтирди.
Шу билан бирга, «Днипро» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи вакили айнан Ямпил ушбу трассани ушлаб туриш учун асосий пункт экани ҳақидаги фикрларни рад этмоқда.
«Ямпил Северск ҳудудидаги украин кучлари логистикаси учун муҳим эмас. Бўлинмаларга ўқ-дорилар, озиқ-овқат, техника ва тўлдириш учун кўплаб логистика йўлларидан фойдаланилади», – дейди Белский.
Аммо ҳозирда Северск учун таҳдид реаллашди, дейишмоқда Украина қуролли кучларида.
«Ушбу посёлканинг қулаши Северск учун тўғридан тўғри жангларнинг бошланиши бўлиши мумкин ва айнан ҳозир бу тугунни сақлаб қолиш учун кескин қарама-қаршилик кетмоқда», – деб ҳисоблайди «Мучной» чақирув нишонли жангчи.
Северск ва Лиман учун таҳдид
Узоқ вақт давомида Украина қуролли кучларининг Сиверский плацдарми фронтнинг нисбатан «тинч» участкаларидан бири бўлиб келаётганди. Уни шимолдан Шимолий Дон дарёси ва Серебрянск ўрмон хўжалиги тўсиб турган, жануб ва шарқдан эса тажрибали украин бўлинмалари мудофаани ушлаб турган ҳамда ҳужумга бўлган барча уринишлар самарали қайтарилган.
Бироқ, доимий босим ва Украинанинг айрим бўлинмаларини фронтнинг бошқа участкаларига кўчириш натижасида 2025 йил майига келиб руслар муҳим мудофаа маркази – Белоҳоривка қишлоғини эгаллашга муваффақ бўлди. Кўп ўтмай улар шимолроқда, Серебрянский ўрмон хўжалиги ҳудудида ҳужумга ўтди.
Сентябр ойи бошига келиб, улар Серебрянка ва Дроновка қишлоқлари шимолидаги ушбу ўрмон массивининг катта қисмини назорат остига олишга муваффақ бўлишди. DeepState лойиҳаси маълумотларига кўра, россияликлар бу ерда кичик штурмчи гуруҳларнинг одатий тактикасини қўллаш билан чекланмасдан, ҳужум қилиш учун зирҳли техникалардан ҳам фойдаланмоқда.
Лойиҳанинг онлайн харитасида кенг «кулранг зона» белгиланган бўлиб, у деярли Северск чеккасигача етиб боради.
Бундан ташқари, август ойи охирида Россия Федерацияси бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов баҳор-ёз кампанияси якунлари ҳақида ҳисобот бераркан, тўғридан тўғри Северск шаҳри чеккаларида жанглар бошланганини эълон қилганди.
Украина қўмондонлиги бу маълумотни рад этмоқда.
«Северск чеккасида (ёки аҳоли пунктининг ўзида) ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Душман бир неча бор шимолдан шаҳарга яқинлашишга уриниб кўрди, аммо мудофаа кучлари душманга бундай имконият бермаяпти ва позицияларни жасорат билан ушлаб турибди», – дея қайд этади подполковник Белский.
Худди шундай ҳолат қўшни Лиман яқинида ҳам кузатилмоқда. Ушбу темирйўл ва транспорт тугунига Россия армияси ҳали етиб бормаган, аммо логистикани узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, 17 сентябр ҳолатига кўра, Россия қўшинлари фронтнинг ушбу қисмида Украина бўлинмаларининг логистикасини таъминлашда муҳим рол ўйнайдиган Шандриголово, Колодези ва Заречне қишлоқларига ҳужум қилмоқда.
Украина бош штаби маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда энг кўп тўқнашувлар айнан Лиман ва Северск йўналишларида қайд этилмоқда (Покровск йўналишидан кейин – у узоқ вақтдан бери бу кўрсаткич бўйича қайғули «етакчи» бўлиб қолмоқда).
Лиман ва Северск яқинидаги Украина плацдармлари қулаши Кремлга Россиянинг «катта кузги ҳужуми»нинг асосий нишонлари – Словянск ва Краматорскка йўл очади.