Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Украина бўйлаб 73 та ракета ва юзлаб дрон учирди: камида 11 киши ҳалок бўлди
2 июнга ўтар кечаси ва эрта тонгда Россия кучлари Украина пойтахти ҳамда бошқа шаҳарларга шиддатли зарбалар берди. Ҳужум оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди ва юзлаб инсонлар жароҳатланган.
Фото: Reuters
Сешанба кунги фотосуратларда кучли портлашлар ва Киевдаги кўп қаватли бинолар узра кўтарилаётган қуюқ тутун устунлари акс этган. Киев мери Виталий Кличконинг сўзларига кўра, бу ерда тунги зарбалар оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган ва 65 киши, жумладан болалар жароҳатланган.
Кличконинг қўшимча қилишича, 24 қаватли турар жой биносига ракета келиб тушиши оқибатида бинонинг бир қисми қулаб тушган ва одамлар вайроналар остида қолиб кетган бўлиши мумкин. Шунингдек, ракета парчалари тушиши оқибатида ёнғин чиққан бинолар орасида 9 қаватли турар жой биноси ҳам бор.

Reutersʼнинг гувоҳлар сўзларига таяниб ёзишича, сешанба куни эрта тонгда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг Россия ҳужумларини қайтараётган овози остида минглаб одамлар бошпана излаб Киев метросига оқиб келган.

Уларнинг баъзилари уй ҳайвонлари, шахсий буюмлари ва матрасларини ўзлари билан бирга олиб келишган. Тонг отгандан кеч ҳам пойтахтда яна портлаш товушлари эшитилиб турган.
Днипро губернатори Олександр Ганжа Днипро шаҳри ва унинг атрофида уюштирилган ракета ва дрон ҳужуми оқибатида етти киши ҳалок бўлгани ва 36 киши жароҳатланганини маълум қилди.

У ўзининг Telegram каналида вайрон бўлган турар жой бинолари, ёниб кетган автомобиллар ва шикастланган болалар майдончаси суратларини жойлаштирган. Губернатор барча ярадорлар шифохонага ётқизилгани ва уларнинг аҳволи ўртача оғирликда эканини қўшимча қилди.

Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлардан бири қутқарувчиларни нишонга олган «икки марта такрорий зарба» оқибатида ҳаётдан кўз юмган қутқарув ходимидир.
Украинанинг шимоли-шарқидаги Харков вилоятида ҳам дрон ва ракета ҳужумлари оқибатида 10 киши жароҳатланган, улар орасида бола ҳам бор.
Йирик ҳужумдан огоҳлантириш
Ўтган ҳафтада Кремль Луҳанскдаги коллеж ётоқхонасига уюштирилган ва 21 кишининг ўлимига сабаб бўлган дрон ҳужумига жавобан Киевдаги нишонларга «тизимли зарбалар» беришидан огоҳлантирган эди. Украина эса ўша ҳужумда ётоқхона эмас, ҳарбий база нишонга олинганини айтган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, Россия тунда асосан Киевни нишонга олган ҳолда 656 та дрон ва 73 та ракета учирган. Улардан 40 та ракета ва 602 та дрон уриб туширилган ёки зарарсизлантирилган.

Ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот котибига кўра, Россия ҳужумида саккизта «Циркон» гипертовушли ракетасидан фойдаланилган. Бу Россия томонидан уруш давомида ушбу турдаги ракеталарнинг бир вақтнинг ўзида энг кўп қўлланилиши бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, «Циркон» ракетасининг парвоз масофаси 1000 км бўлиб, у товуш тезлигидан тўққиз баравар юқори тезликда ҳаракатланади.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳам юқори аниқликдаги узоқ масофали қуроллардан фойдаланган ҳолда Украинанинг мудофаа саноати объектларига «ялпи зарба» берилганини тасдиқлади.
Россия ҳудудидаги вазият
Россия ҳудудлари ҳам ҳужумга учради. Россия жанубидаги Краснодар ўлкасида жойлашган Илский нефтни қайта ишлаш заводида дрон ҳужумидан сўнг ёнғин чиққан.
Россиянинг Белгород вилоятида эса Украина дрони хонадонга келиб урилиши оқибатида 11 ёшли бола жароҳатланди, деб хабар берди маҳаллий ҳокимият вакиллари.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, тунда Украина томонидан учирилган жами 148 та дрон уриб туширилган. Россия томонидан босиб олинган Қримдаги Севастопол узра ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари дрон ҳужумларини қайтарган.

Тўрт йилдан ортиқ вақт давом этаётган урушда Россия Украинанинг энергия таъминоти ва инфратузилмаларини нишонга олиб келмоқда, Украина эса жорий йилда Россия нефть объектларига ҳужумларини кучайтирди. Ҳар икки томон ҳам тинч аҳолини нишонга олаётганини рад этади.
Украинадаги уруш Россия 2022 йил февралида кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери давом этмоқда. Уни тугатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар деярли силжимади. АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти эътиборини кўпроқ Яқин Шарқдаги можароларга қаратган.