Жаҳон | 15:55 / 18.09.2025
1288
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Киевга ёрдам учун РФ активларидан фойдаланиш вариантини муҳокама қилади

Брюссел 170 миллиард еврогача бўлган репарация кредитлари схемасини ишлаб чиқмоқда. Бу пуллар Киевга Россия активларини расман мусодара қилмасдан юборилиши кутилмоқда.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланган ҳолда Украинани молиялаштиришнинг янги механизмларини тайёрламоқда, деб хабар берди Британиянинг The Financial Times (FT) газетаси 17 сентябр, чоршанба куни манбаларга таяниб. Еврокомиссия режаларига кўра, маблағ 170 миллиард еврогача бўлган “репарация кредитлари” учун ишлатилиши мумкин.

Белгиядаги Euroclear депозитарийсида музлатилган Россия активларининг аксарияти аллақачон нақд пул қолдиқларига ўтказилган. Бу маблағлар Европа Иттифоқининг нол фоизли облигацияларини сотиб олишга сарфланиши, натижада олинган капитал Украинага траншларда ўтказилиши кутилмоқда. Шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатларнинг лойиҳада иштирок этишига имкон берадиган махсус жамғарма яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўтган ҳафта ушбу схема Киевга ёрдам беришни дарҳол бошлаш имконини яратишини, қарзлар Россия урушдаги зарар учун товон тўлашга рози бўлсагина қайтарилишини айтди. "Хавфни биргаликда тақсимлаш керак", деди у Белгиянинг Москванинг эҳтимолий қонуний ҳаракатларидан хавотирларига ишора қилиб.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид