Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мигрантлар геттоси» ва тўланмаётган солиқлар – Путиннинг партия раҳбарлари билан учрашувида нималар дейилди?
Россия президенти Владимир Путиннинг парламентдаги фракциялар раҳбарлари билан учрашувида бошқа масалалар қатори миграция соҳасидаги муаммолар ҳам муҳокама этилди. Рус «либераллари» етакчиси Леонид Слуцкий мигрантлар кўп яшайдиган ҳудудни «гетто» деб атади ҳамда Россияга мигрантлар оиласи билан келишини тақиқлашни таклиф қилди.
Фото: РФ президенти матбуот хизмати
Россия президенти Владимир Путин 18 сентябр куни Давлат думасидаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Путиннинг Ново-Огарёводаги қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин, «Единая Россия» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Владимир Василев, Россия Коммунистик партияси фракцияси раҳбари Геннадий Зюганов, Россия Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Леонид Слуцкий, «Справедливая Россия – За правду» партияси фракцияси раҳбари Сергей Миронов, «Новые люди» партияси фракцияси раҳбари Алексей Нечаев иштирок этди.
Мигрантлар геттоси
Йиғилишда партия раҳбарлари бошқа масалалар қатори миграция мавзусини ҳам кўтаришди.
Хусусан, Россия либераллари етакчиси Леонид Слуцкий миграция соҳасидаги вазиятни ҳалокатли деб атаган ҳамда Новосибирск шаҳрида меҳнат мигрантлари оила аъзолари билан яшайдиган Ленин районига ташрифи ҳақида гапира туриб, бу жойни «Хилокский геттоси» деб атаган.
«Биз Новосибирскнинг Ленин районидаги „Хилокский геттоси“ деб аталадиган микрорайонда бўлдик, шаҳарликлар хавотирда, чунки уларнинг уйлари яқинида маҳаллий бозорни ушлаб турган кўплаб марказий осиёлик меҳмонлар яшайди. Одамлар нафақат антисанитариядан, қўполлик ва ахлоқсиз хатти-ҳаракатлардан шикоят қилишмоқда. Балки ўз яқинларининг ҳаёти ва хавфсизлигидан ҳам хавотирланишмоқда», – деди Леонид Слуцкий.
У бугунги кунда ўзи раҳбарлик қилаётган партия томонидан миграция соҳасидаги вазиятни нормаллаштириш бўйича таклиф этилаётган кўплаб қонун лойиҳалари қабул қилинганини қайд этган. Шу билан бирга, Слуцкий парламентдаги барча партияларга қўшимча чекловлар киритишни қўллаб-қувватлашни таклиф қилди. Хусусан, Россия фуқаролиги бўлмаган мигрантлар оилаларининг мамлакатга киришига чекловлар қўйишни ҳам.
«Катта оилалар кириб келмоқда, уларнинг фарзандлари мактабларда тартибсизлик келтириб чиқармоқда; тиббий, ижтимоий муассасаларда навбатлар юзага келмоқда», – деган у.
Партия раҳбари мигрантларнинг оила аъзоларини ўқитиш ва даъволашга регионлар бюджетларидан харажат қилинаётганини ва уларнинг келишини тақиқлаш орқали «ўнлаб миллиард рубл» тежаб қолиш мумкинлигини қўшимча қилган.
«Пул ишлашга келяпсанми, келақол, аммо катта оилангнинг бунга нима дахли бор», – дея хулоса қилган Слуцкий.
Россия президенти унинг фикрларига қўшилган.
«Ҳокимият на федерал даражада, на маҳаллий даражада ўзини муаммо йўқдек тутмаслиги керак. Бу муаммолар бор, уларни ҳал қилиш керак, лекин уларни [мигрантларни] доимий назоратда тутмасангиз, [бу муаммоларни] ҳал қилиб бўлмайди», – дейди Путин.
Шу билан бирга, у бу мавзу бўйича кўплаб қарорлар аллақачон қабул қилинганини, уларнинг бажарилишига эришиш қолганини тасдиқлади. Шунингдек, Россия президенти муаммони ҳал қилиш бўйича бошқа конструктив таклифларга ҳам очиқлигини билдирган.
Маълумот учун, 2024 йил охирида Путин рус тилини билмайдиган мигрантларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонунни имзолаганди. Мактабларга қабул учун тегишли тест синовлари 2025 йил 1 апрелдан бошланган. 2025 йил сентябрида Россияда таълим самарадорлигини ошириш учун битта мактаб синфидаги мигрант болалар сонини чеклаш режаси ҳақида маълум бўлди. Давлат думаси депутатлари тегишли мурожаатни Россия Федерацияси таълим вазири Сергей Кравцовга юборишган.
Патент тизимини бекор қилиш таклифи
«Справедливая Россия – За правду» партияси раиси Сергей Миронов эса миграция сиёсатини такомиллаштириш мавзусини ўртага ташлаган. У патент тизимини бекор қилишни ёқлаган ва бундай механизм мавжуд бўлмаган Беларусни мисол қилиб келтирган.
«Патент тизимини бекор қилиш керак. Мана бизга қардош Беларус, у ерда ҳеч қандай патент йўқ. Иш берувчи беларуслар етишмаётганини, меҳнат ресурсларини жалб қилиш зарурлигини исботлаши керак бўлади. Кейин улар ҳеч қандай оиласиз, ҳеч қандай ижтимоий юксиз келади. Ишлайди, пулини олади, қайтиб кетади. Биз ҳам шундай қилишимиз керак», – дея фикр билдирди у.
Бундан ташқари, Сергей Мироновнинг сўзларига кўра, агар меҳнат муҳожири Россия Федерацияси ҳудудида жиноят содир этган бўлса, нафақат у, балки у олиб келган оила аъзоларини ҳам депортация қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак.
Парламентарий Россияга келаётган барча муҳожирларнинг атиги 28 фоизи ишлашига эътибор қаратган. «Бошқалар нега келишади? Оила аъзоларини ҳам судрашмоқда. Бизда мактаблар бўйича ҳам муаммо бор. Ва шу муносабат билан биз, масалан, агар улардан бири жиноят содир этган бўлса, у қонун бўйича тўлиқ жавоб бериши кераклигини, унинг бутун оиласи, бутун уруғи зудлик билан Россия Федерациясидан депортация қилиниши кераклигини таклиф қиламиз», – дея хулоса қилди Миронов.
Путин бу таклифни ҳам ижобий қабул қилди ва бу ҳақда ўйлаб кўриш мумкинлигини айтди.
Патент – Россия визасиз режимга эга бўлган мамлакатлар фуқароларига мамлакат ҳудудида ишлашга рухсат берувчи ҳужжат (Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқароларидан талаб қилинмайди). Бу ҳужжат фақат унда кўрсатилган муайян ҳудуд ва фаолият соҳасида амал қилади. Патентлар бир ойдан бир йилгача муддатга берилади. Уни мамлакатга киргандан сўнг 30 кун ичида расмийлаштириш керак. Патент олиш учун чет эллик бўлган жойида рўйхатдан ўтиши, тиббий кўрикдан ўтиши, рус тили, Россия Федерацияси тарихи ва қонунчилигини билишини тасдиқлаши, ИИВга ҳужжатлар тўпламини топшириши ва давлат божини тўлаши керак. Бундан ташқари, патент шахсий даромад солиғи (НДФЛ) бўйича ҳар ойда қатъий белгиланган бўнак тўловини тўлашни назарда тутади.
Ҳозирда патент нархи ҳудудга қараб фарқ қилади. 2025 йилда Москвада ишлашни истаган меҳнат мигрантлари учун бу ойлик 8,9 минг рублни ташкил этди. Санкт-Петербургда – 6 минг рубл. 2025 йил январ-май ойларида меҳнат мигрантларига патент сотишдан Россия бюджетига ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи миқдори 63 млрд рублни (804,5 млн доллар) ташкил этди.
Бюджетни мигрантлар ҳисобига тўлдириш
«Новые люди» фракцияси раҳбари Алексей Нечаев ҳам муҳожирларга нисбатан баъзи чекловларни жорий этишни ҳамда бюджетни солиқларни оширмаган ҳолда мигрантларни легаллаштириш ва янги божлар жорий этиш ҳисобига тўлдиришни таклиф қилди.
У турли маълумотларга кўра, ноқонуний муҳожирлар туфайли бюджетга камида 500 миллиард рубл маблағ тушмай қолаётганини қайд этган. Унинг фикрича, Россия Федерациясидаги мигрантларга ўзларининг расмий маошларидан кўпроқ пулни чет элга ўтказишни тақиқлаш керак.
«Турли экспертларнинг баҳоларига кўра, мигрантлар Россия бюджетига тахминан 500 млрд рублни тўламаяпти. Улар четга олиб чиқиб кетаётган пул ҳажмига қаралса, улар ҳозир тўлаётган солиқлар миқдорига қараладиган бўлса, бу кўп ва рақамлар бир-бирига мос келмаяпти.
Шунинг учун, бизда мигрантларга ўзининг расмий маошидан кўпроқ пулни чет элга ўтказишни тақиқлаш таклифи бор. Биз мигрантнинг айдисини, хорижий давлат фуқаросининг рақамли профилини барча банкларнинг иловаларига боғлаб қўйишни таклиф қиламиз.
У ерда унинг расмий иш жойи ва маоши миқдори кўрсатилган бўлиши керак. Ва бу хорижга ўтказиш мумкин бўлган максимал сумма бўлиши лозим. Солиқ тўланмаса, банк ҳисобни музлатади ва пуллар қаердан келганини текширади. Агар бу ноқонуний даромад бўлиб чиқса, мигрант солиққа тўлайди ва жаримага тортилади. Қоидабузарлик такроран содир этилган ҳолатда, депортация қилиш ҳам мумкин», деган у.
Сиёсатчи шунингдек, Украина фронтидан қайтганларни ноқонуний мигрантларга қарши курашишга жалб этиш ғояси ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, бундай таклиф фронтдан қайтган жангчилар томонидан билдирилмоқда.
«Миграция мавзусига яна шуни қўшимча қиламанки, фронтдан қайтганларни ИИВнинг турли бўлинмаларига, шу жумладан ноқонуний миграция бўлинмаларига фаолроқ жалб қилиш таклифи бор», – деган Нечаев ва ўз фракцияси бу ғояни ИИВга етказганини маълум қилган.
Путин бу ғояга ҳам қўшилган. «Албатта, нега йўқ», – дея маъқуллаган у.
Мавзуга оид
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
22:15 / 04.12.2025
BRICS ягона валютасини жорий этишга шошилишдан маъно йўқ – Путин
20:56 / 04.12.2025
Жанубий Корея ноқонуний мигрантларнинг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши учун 90 кунлик дастур эълон қилди
15:45 / 04.12.2025