Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ мигрантлар бўйича қонунчиликни янада қатъийлаштирмоқда
Европа Иттифоқи мамлакатлари, Европа парламенти ва Европа комиссияси миграция сиёсатига оид янги регламент бўйича дастлабки келишувга эришди. Янги қоидаларга кўра, бошпана сўрови рад этилган ва ЕИ ҳудудида қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган мигрантлар учинчи давлатларда ташкил этиладиган махсус марказларга юборилиши мумкин.
Европа Иттифоқи Кенгаши маълум қилишича, янги регламент мигрантларни қайтариш жараёнини тезлаштириш ва ЕИда қонуний асоссиз яшаётган шахслар сонини камайтиришга қаратилган.
AFP агентлигига кўра, бундай депортация марказларини ташкил этиш ғоясини Германия, Австрия ва Дания каби давлатлар қўллаб-қувватламоқда. Агентлик маълумотида қайд этилишича, келажакда Қозоғистон, Ўзбекистон, Руанда ва Уганда каби давлатлар ЕИнинг эҳтимолий ҳамкорлари сифатида кўрилмоқда.
Янги регламентда ЕИ ҳудудини тарк этишдан бош тортган мигрантларга нисбатан чораларни кучайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, уларни ҳибсда сақлаш ҳолатлари кўпайиши, Европа Иттифоқига қайта кириш тақиқлари эса тизимли равишда қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, ноқонуний миграцияга қарши кураш доирасида ижтимоий нафақаларни қисқартириш ёки бутунлай бекор қилиш чоралари ҳам муҳокама қилинмоқда.
AFP маълумотига кўра, депортация марказларини учинчи давлатларда ташкил этиш масаласи музокараларнинг энг баҳсли мавзуларидан бири бўлган. Франция ва Германия бу тизимни тезроқ ишга тушириш тарафдори бўлган бўлса, айрим давлатлар ўз қонунчилигини мослаштириш учун бир йиллик кечиктиришга эришган.
Янги регламент яқин ҳафталарда Европа парламенти ва ЕИ давлатлари томонидан расман тасдиқланиши кутилмоқда.
Бироқ ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар мазкур ташаббусни танқид қилмоқда. Улар мигрантларни ўзлари билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган давлатларга жўнатиш инсон ҳуқуқлари бузилиши хавфини оширишини таъкидламоқда.
Мавзуга оид
10:40 / 18.06.2026
ЕИ ва Кремл ўртасида норасмий алоқалар бўлгани хабар қилинди
09:45 / 18.06.2026
Европа Иттифоқи ноқонуний мигрантларга қарши чораларни кучайтирмоқда
11:05 / 16.06.2026
Каллас: ғарб санкциялари Россияга 1,3 трлн еврога тушди
23:16 / 12.06.2026