Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Олтин тўп» сари йўл. Дембеленинг фаолияти ҳақида фактлар
Бир неча йил олдин Усмон «Олтин тўп» олишини тасаввур қилиш қийин эди, аммо у «ПСЖ»да фаолиятини қайтадан қурди.
Фото: Getty Images
Килиан Мбаппе дунё футболида энг муҳим фигурага айланиш учун «Реал»га ўтганини яширмайди. Умуман, Франция чемпионати асосий лигалар соясида бўлгани учун доим эътибордан четда бўлар, «ПСЖ»нинг Европа майдонларидаги муваффақиятсизликлари эса жамоа футболчиларини жиддий қабул қилишга халақит берарди. Сўнгги юлдуз Мбаппени ҳам сотиб юборгач, «ПСЖ» Луис Энрике бошчилигида бутунлай тескари йўлдан кетди ва жамоавий футболга урғу берган ҳолда айниқса, ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида даҳшатли ўйин кўрсата бошлади.
Жамоа юлдузлардан ташкил топмаслиги мумкин, аммо у ғалаба қозонаркан, албатта, ҳар бир ижрочи юлдузга айланади. «Олтин тўп»га номзодлар ичида «ПСЖ»нинг биратўла 11 нафар футболчиси ўрин олгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Усмон Дембеле мана шу юлдузли таркиб ичида ҳам алоҳида ажраб чиққан, энг сермаҳсул бўлибгина қолмай, умуман, бугунги «ПСЖ»нинг юзига айланган футболчи ҳисобланади. Унинг ғолиб чиқиши анча йиллардан бери таниган кўпчилик учун бироз эриш туюлса-да, Усмоннинг фаолиятига, айниқса сўнгги мавсумга чуқурроқ қараганимизда бошқа вариант ҳам бўлмаганини кўрамиз. «Олтин тўп» айнан энг катта мусобақада ғалаба қозонган жамоа аъзосига берилиши эса тўғри қарор, зеро футбол жамоавий спорт тури ҳисобланади – ҳар қанча зўр бўлсанг ҳам, жамоанг юта олмаса, имкониятинг камаяди.
Болалик йиллари, футболга кириб келиши
Масур Усмон Дембеле 1997 йилнинг 15 майида Франция шимолида жойлашган Вернонада дунёга келган. Унда сенегал-мавританлар қони бор. Отаси Усмон ва Фатимата Дембеле Европага Мали ва Мавританиядан иш излаб келиб қолишган. Кичик Усмон болалигидан футболга қизиққан, унинг ёшлиги Эвре шаҳри кўчаларида тўп орқасидан югуриб ўтган. Катталар болакайнинг қизиқишига қарши бўлишмайди ва уни спорт тўгарагига олиб боришади.
Дембеле футболдаги йўлини «Эвре» болалар мактабида бошлади. Ўсмирлик йилларида у мини-футболга қизиққан, айнан ўша пайтларда Усмоннинг дриблинг ва техникаси шакллана бошлаганди. У ўзидан анча ёши катта болаларни ҳам осонлик билан алдаб ўтар, ўшандаёқ истиқболли футболчи сифатида ўзини кўрсатиб улгурганди. Усмон 13 ёшида «Ренн» академиясига жалб этилиши ажабланарли ҳолат эмасди. Франциянинг бошқа клублари, жумладан «Гавр» ва «Кан» ҳам уни ўз академиясида кўришни истаган, аммо фақат «Ренн»дагилар ёш истеъдоднинг онаси, укаси ва сингиллари яшаши учун уй ҳам беришга рози бўлганди.
У 17 ёшида «Ренн» ўринбосарлари таркибида ёрқин мавсум ўтказади (18 ўйинда 13 гол) ва тўртинчи дивизионнинг энг яхши футболчиси деб топилади.

Кейин эса клуб билан биринчи шартнома шартларини узоқ вақтгача келиша олмайди – у «Бенфика»га ўтиб кетмоқчи бўлади, аммо «Ренн» раҳбарияти уни қўйиб юборишни истамайди. Ўшанда ёш ҳужумчи асосий таркиб билан машғулотлардан воз кечади, аммо лига қоидаларига кўра, француз клублари ўз тарбияланувчиларини расмий шартномасиз ҳам 20 ёшгача олиб қолиши мумкин эди. Якунда у «Ренн» билан янги шартнома имзолайди, Франция олий дивизионида дебют қилади ҳамда катталар футболидаги илк голларини уришни бошлайди.
2016 йил баҳорига келиб, айниқса, «Нант» билан ўйиндаги ҳет-трикдан сўнг у ҳақида баландроқ гапира бошлашади. Айтишларича, «Барселона»нинг футболчига қизиқиши ўша пайтларданоқ бошланган, аммо «Ренн» ёш футболчи учун қўяётган нарх клуб учун қиммат кўринган. Вазиятдан Дортмунднинг «Боруссия» клуби фойдаланиб қолади ва 15 миллион евро эвазига 19 ёшли футболчини Германияга олиб кетади. Усмон илк мавсумдаёқ уялтирмайди – 10 гол ва 22 ассистни амалга оширади.
Бир мавсум учун 100 миллион
Лекин шундай мавсумнинг ўзи Усмонни деярли дунёнинг энг қиммат футболчисига айлантиргани бутун футбол оламини карахт ҳолатга туширганди. Албатта, бу ерда бошқа сабаблар ҳам бор эди. 2017 йил ёзида кутилмаганда Неймар «Барселона» билан шартномада кўрсатилган товон пулини тўлаб, «ПСЖ»га кетиб қолади. Юлдуз футболчисини сотиш режасида бўлмаган «Барселона» имкон қадар тезроқ ўз репутациясини тиклаши, қандайдир катта трансферни амалга ошириши талаб этиларди. Каталонияликлар чўнтагига катта пул тушганини билган бошқа клублар, табиийки, ўз футболчилари учун «Барселона»дан катта нарх сўрай бошлайди. Шунда «Барселона» ўзи олдин ҳам қизиққан футболчисини эслаб қолади.
Деярли ҳар йили етакчи футболчисини сотиб, мухлислар ҳафсаласини пир қила бошлаган Дортмунд клуби ҳам аслида Усмонни сотиш ҳақида ўйламаётганди. Аммо икки фактор «Боруссия»да бошқа йўл қолдирмайди. «Барселона»дан қизиқиш борлиги ҳақида эшитган Усмон машғулотларда қатнашишдан бош тортади ва ўзини қўйиб юборишни талаб қила бошлайди. Иккинчидан, «Барселона» жуда катта сумма – 105 миллион евро таклиф қилаётганди.

Босим остида
Усмон Испанияга келибоқ ўзини яхши томондан кўрсатишни уддалай олмайди. Аслида бунинг иложи ҳам йўқ эди, шартлар бутунлай унга қарши бўлган. Неймарнинг кетишидан норози фанатларни унинг ўрнига жуда катта нархга ёш француз келиши юпата олмасди. Бундан ташқари, трансфер олдидан «Боруссия»даги зиддиятлари туфайли матбуотда Усмоннинг шахсияти ҳақида жуда кўп салбий бўёқлардаги хабарлар чиқа бошлаганди. Унинг «Бенфика»га ўтмоқчи бўлиб, «Ренн»да уюштирган бойкотидан тортиб, Усмон ташлаб кетган Дортмунддаги хонасининг ўта тартибсиз ҳолати ижтимоий тармоқларда айланади. Бунинг устига дастлабки мавсумдаёқ жароҳатланиб тўрт ойга сафдан чиқади, келаси мавсумда ҳам жуда кўп жароҳат олади.

У майдонга тушган ўйинларда анча самарали ҳаракатлар қилиб, баъзида чиройли голлар уриб турса-да, бу узоқ давом этмас, беқарорлик ва жароҳатлар Усмоннинг спортчиларга хос бўлмаган бетартиб ҳаёт тарзининг оқибати деб ҳисобланарди. Футболчининг Дортмунддаги қилиқлари эсланар ва Барселонада ҳам бу ўзгармагани кўп тилга олинарди, баъзида машғулотларга келмасдан, турли баҳоналар қилиб уйида симулятор ўйинлардан бош кўтармаслиги турли манбалар орқали ошкор қилинар ва шов-шувли сарлавҳаларга сабаб бўларди – Дембеле кутилмаларни оқлай олмайди ва каталонияликларнинг энг фойдасиз трансферига айланади.
2021 йилда футболчи бошқа клубга ўтиши ҳақидаги миш-мишлар кўпаяди. «Ювентус», «Челси», «Манчестер Сити» каби клублар номи тилга олинади. Айниқса, манчестерликлар билан боғлиқ хабарлар ишонарли бўлиб, Сержи Роберто ва Дембеле ўрнига «Барселона»га Канселу ва Бернарду Силва келиши бот-бот айтилади. Бу фақат миш-миш даражасида қолиб кетади ва 2021/2022 йиллар мавсумида Усмон Барселонадаги энг яхши даврини ўтказади. Ла Лиганинг энг яхши ассистенти бўлган ҳужумчи каталонияликлар билан шартномасини 2024 йилгача узайтиради.

Аммо бироз вақт ўтиб «ПСЖ» Дембеле билан қизиқа бошлади. Якунда, 2023 йил августида парижликлар 50 миллион евро тўлаб, уни ўз сафига қўшиб олишади. Барселонадаги шартнома муддати атиги 10 ой қолгани эътиборга олинса, жуда катта нарх тўланганди.
Бу ерда Усмон икки йил ичида оддий, истеъдодли лекин бироз зиддиятли, қисқача айтганда Европада яна ўнлаб топиладиган вингердан «Олтин тўп» соҳибигача бўлган узоқ йўлни босиб ўтди ва худди шу сабабдан «ПСЖ»даги фаолият янада чуқурроқ эътиборга арзийди.
«ПСЖ»даги бурилиш
Биз ўтган мавсумда «Олтин тўп» Родрига берилганини кўргандик, аввалроқ Лука Модричга ҳам бу соврин насиб этган. Аммо гап ҳужум чизиғи вакиллари ҳақида борганда, шубҳасиз, статистика катта аҳамият касб этади. Жуда кўп гол ва ассистлар бўлиши шарт. Мана шу мантиқ билан фикрлаганда, икки йил олдин агар Усмон Дембеле «Олтин тўп» олиши ҳақида биров айтса, нари борса унинг устидан кулиш мумкин эди. Голлар Усмоннинг ўзи учун ҳам у қадар аҳамиятли эмас, буни кўп бора ўзи тан олганди.
«Футбол фақат голлардан иборат эмас. Мен голларсиз ҳам хотиржам ухлайман, статистика мени унча хавотирга солмайди. Мен ҳақимда томоша қилиш завқ берадиган дриблингчи деб гапиришса, куннинг қайси соатида бўлса ҳам мухлислар менинг рақибларни қандай алдаб ўтаётганимни кўришни истаса, кифоя», – деганди Дембеле 2023 йил ноябрида L’Equipe нашрига берган интервюсида.
Усмон статистикага аҳамият бермаганидек, статистика ҳам уни «ёқтирмасди». Ҳужумчи ўтган мавсумгача ўз фаолияти давомидаги энг сермаҳсул мавсум «Ренн»даги илк мавсуми бўлганди – 12 гол. Кўп мавсумларда унинг голлари 10 тага ҳам етмаган. «Барселона»да 2018/19 йиллар мавсумида 14 гол муаллифи бўлган, аммо бу ҳам фақат лига эмас, барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда эди.
Бирдан ҳаммаси ўзгариб кетди. Ўтган мавсум ярмида «ПСЖ» шундоқ ҳам жуда кўп вингерларга эга бўлатуриб, яна «Наполи»дан Хвича Кварацхелияни катта пулга сотиб олганида, кўпчилик ҳайрон қолганди. Аслида Энрикенинг ўз режаси бор экан – Дембеле «алдамчи тўққизлик» позициясига ўтказилди. Ана шундан сўнг унда голлар кўпайиб кетди. Усмон декабрдан баҳоргача 22 ўйинда 27 гол урди, мавсум охиригача эса бу сонни 35 тагача олиб чиқди – «Барселона»даги олти йиллик фаолиятида урган голлар сонидан атиги 5 та кам, холос. Парижликларнинг тарихий квадрупли ва клублар ўртасидаги ЖЧ финалчисига айланишида айнан Усмон энг муҳим роллардан бирини бажарди. Наҳотки ҳаммаси биргина позициянинг ўзгариши билан боғлиқ бўлса?

Луис Энрике аслида анча аввалроқ, қайсидир шогирдини «алдамчи тўққизлик» ролига ўтказишини биларди, фақат айнан ким бўлиши бошида мураббий учун ҳам номаълум бўлган. Испаниялик мутахассис учун Мадридга кетган Килиан Мбаппенинг ўрнини ёпиш масаласи кўндаланг турар, аммо унинг стратегияси жамоага таяниш бўлиб, бир футболчи 40 гол уришидан кўра, бир неча тўпурарга эга бўлиш муҳимроқ эканини кўп марта такрорлаганди.
Мавсумни Гонсалу Рамуш асосий ҳужумчи мақомида бошлади, лекин илк турдаёқ жароҳат туфайли сафдан чиқди. Рандал Коло Муанига ишонишни истамаган Энрике бир қатор ҳужумкор яримҳимоячилардан «алдамчи тўққизлик» ясашга киришди. Навбати билан Ли Кан Ин, Марко Асенсио ва Дезире Дуэ синовдан ўтишди, аммо ҳеч бири янги ролда тортиб кетолмади. «ПСЖ» Францияда ишонч билан пешқадамлик қилар, аммо Чемпионлар Лигасида ҳужум чизиғида муаммолар бор эди.
Мбаппе кетгач, клуб Дембелега айнан у ҳужумдаги асосий футболчи бўлишини айтган бўлса-да, дастлабки ойлар бутунлай бошқача кечаётганди. Аввалига Энрике асосий пеналти ижрочиси сифатида уни эмас, Витиняни тайинлади. Бўлажак трансформация ҳақида ҳали ҳеч гап йўқ, Усмон одатий ўнг қанотида тушишда давом этарди. Октябр ойида машғулотга кечга қолгани учун жазоланди – «Арсенал»га қарши Лондондаги ўйинга олиб кетилмади, Энрике бу қарорини «бутун мавсумдаги энг яхши қарори» деб атайди.
Ноябрда «Бавария»га қарши ўйинда эса у ҳужумда Барколя билан жуфтликда тушиб, яна панд берди – 60-дақиқадаёқ иккинчи сариқ карточка туфайли майдондан четлатилди. Чемпионатнинг кейинги икки учрашувида Дембеле захирада қолди ва 15 декабрда «Лион»га қарши ўйиндагина таркибга қайтди. Айнан ўша куни «ПСЖ» янги юзини намойиш этганди.
Дембеле аввал ҳам бир неча марта марказий ҳужумда ўйнаган, «Марсел» ва «Сосиедад»га қарши муҳим ўйинларни эслаш мумкин. Аммо у пайтда Усмоннинг роли бироз бошқача эди – у кўпроқ ортга сурилиб, Мбаппега кенгроқ зона ва эркинлик бериш учун керак бўлган. Бу сафар эса у икки ёнида Ли ва Дуэ билан асосий ҳужумчига айланди. Дембеле ҳисобни очган ўйин 3:1 ҳисобида ғалаба билан тугади ва шу тариқа Париж машинаси ўт олди.
Уёғига бошқа Дембелени кўрдик. «Монако» бўладими, «Манчестер Сити»ми, у тинмасдан гол урар, кейинги 10 учрашувда 18 гол – дунёдаги ҳеч бир ҳужумчи бу темпда сермаҳсул эмасди. Илгари Усмоннинг голи деганда фақат дриблингдаги чиройли юриш ёки узоқ масофадан зарбаларни тасаввур қилсак, энди у ҳар хил, ҳужумчиларга хос голлар ҳам ура бошлаганди.
«Илгари мен қанотда ўйнардим, шунинг учун гол уриш қийин бўлган. Зарба бериш учун рақибнинг бир неча футболчисини алдаб ўтишимга тўғри келарди. Энди «тўққизлик» ролида қаршимда фақат бир нафар ҳимоячи бўлади ёки умуман баъзида тўпга шунчаки оёқ қўйишим кифоя», – деб тушунтирганди у «Брест»га қарши ўйиндаги ҳет-трикдан сўнг.
Жамоавий монстр
Табиийки, бу даражадаги ёввойи сермаҳсуллик узоқ давом этиши мумкин эмасди, лекин кейинги голлар ўз муҳимлиги билан янада қадрли. «Ливерпул» ва «Арсенал»га қарши ўйинларда Усмон эгизак голлар уриб, ҳам тактик интеллекти, ҳам ҳақиқий қотил ҳужумчига хос янги фазилатларини намойиш қилганди – ортга қайтиб рақиб прессингидан чиқиб кетишга кўмаклашган ҳолда аввал тўпни қанотга етказиб, кейин жарима майдонига ёриб кирган ҳолатда ҳужумни якунлаш. Ёки унинг финалда учинчи голдаги ҳаракатини эслаш мумкин – тўпни товони билан Витиняга етказиб, ҳужумнинг ривожланишида асосий иштирокчилардан бири бўлганди.
Айниқса, Дембеленинг финалдаги бир нигоҳи вирус шаклида бутун интернетга тарқалди – у тўпни эркин зарба билан ўйинга киритмоқчи бўлаётган «Интер» дарвозабонига кўзини тиккан ҳолда худди стартга тайёрланаётган пойгачидек турарди. Яқинда Усмонни худбин ва фақат ўз дриблингига чалкашиб юрадиган енгилтак футболчи сифатида тасаввур қилишга ўрганиб қолганлар учун бу мутлақо янги образ эди.
«Менимча, ҳужумчининг айёрлик қилишга ҳаққи йўқ. У доим, ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда меҳнат қилиши, тўп рақибдан бўлган пайтларда ҳам ўчиб қолмаслиги керак. Мавсум бошида мураббий менга сен ёшларга ўрнак бўлишинг керак, ҳимоя сендан бошланади, деган эди. Бу талабга доим амал қилдим», деганди Усмон мавсум охирида France Football нашрига берган интервюсида.
«Олтин тўп» сари

Агар «ПСЖ» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиққанида, «Олтин тўп» масаласи анча аввалроқ ҳал бўлган бўларди. «Челси»га қарши финалда Дембеле ва шериклари йирик ҳисобда мағлубиятга учради, «Олтин тўп» учун Усмоннинг асосий рақиби Ламин Ямал эса умуман бу мусобақада қатнашмаганди.
Шундай бўлса-да, ўтган мавсумда Чемпионлар Лигасидан бошқа муҳимроқ турнир (мундиал) бўлмагани туфайли, асосий номзод сифатида барибир Дембеле фаворит эди. Ахир «Олтин тўп»ни олишда нафақат бир футболчининг мавсумдаги даражаси, балки асосий рақобатчиларининг пастроқ ўйнагани ҳам аҳамият касб этади. Ламин ҳар қанча ёрқин ўйин кўрсатган бўлмасин, у ва Рафиня тўп сурадиган «Барселона» Чемпионлар Лигаси финалига чиқа олишмади. Муҳаммад Салоҳ ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин, у «Ливерпул»да ажойиб мавсум ўтказган бўлса-да, клуб асосий турнирни анча эрта тарк этди. Ҳоланд ва Мбаппе умуман совринсиз қолишди, Родри бутун мавсумни даволаниш билан ўтказди, бир йил олдин учликдан ўрин олган Винисиус ва Беллингҳэм эса ўша даражани сақлаб қолишолмади. Албатта, уларнинг фонида Усмон Дембеле анча ёрқин кўринарди. Тўғри, Ашраф Ҳакими, Витиня, Мендеш каби жамоадошлари ҳам «Олтин тўп» учун номзод эди, лекин энг бошидан улар Усмон Дембеленинг соясида қолиб кетишганди.
Усмон Дембеле «Ренн»да ҳали қайси оёғи асосий эканини ҳам билмайдиган йигитча эди. «Боруссия»да анча зиддиятли, аммо ёрқин юлдузга айланди. «Барселона»да у беқарорлик тимсоли, тартибсиз ўсмир ва ишончни оқламаган, сарфланган пул кўкка совурилган футболчи бўлиб, фақат охирги мавсумларда бироз улғайиб, асосий ўйинчилардан бири бўлди. Парижда эса у дунёнинг энг зўр футболчисига айланди.
«Олтин тўп» аниқ бир мавсум учун берилса-да, барибир, жонли инсонлар овоз беришини ҳисобга олсак, узоқ йиллар йиғилиб келган имиж, кўрсаткичлар ҳам катта рол ўйнаб келган. Масалан, «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Родри ўтган йили «Олтин тўп»ни олганига барибир сал бўлса-да, аввалги йиллардаги требл ҳам таъсир кўрсатган. Месси каби футболчилар номзодга айланиши учун ўша мавсумда тўп тепиб турса кифоя. Бутун футбол жамоатчилиги «Франс футбол»ни Ҳоланддан, Винисиусдан, Левандовскидан қарздор деб ҳисоблайди. Кўпчилик Мбаппе каби истеъдод ҳар йили «Олтин тўп» олса ҳам қарши эмас.
Мана шу шартлар остида фаолиятининг аввалги 10 йилида ҳатто бирор марта ҳам номзодлар сафида бўлмаган, ҳатто кўпчилик учун фақат ёмон таассуротлар жамланмаси бўлган Усмон Дембеленинг ғолиб бўлиши сизга нимани англатади? Ахир у старт чизиғида юқорида саналган футболчилар билан бирга туриш уёқда турсин, бир неча қадам орқада, деярли минусдан бошлагани ҳам катта воқеа эмасми? Фақат қойил қолиш керак.
Усмон Дембеле ҳақида 10 факт
1. Футболчилар орасидаги лақаби – пашша. Майдон бўйлаб «учиб юриши» сабабли.
2. Усмон ЖЧ-2018 да ғолиблик учун берилган мукофот пулларини онаси туғилган қишлоқда масжид қуришга сарфлаган.
3. Футболдаги асосий амбидекстр ҳисобланади. Нафақат оёқда, балки ҳар икки қўлидан бирдек фойдаланади.
4. 2017 йилда энг яхши ёш футболчига бериладиган Golden Boy соврини учун рақобатда фақат Килиан Мбаппедан ортда қолиб, иккинчи ўринни қўлга киритган.
5. Дембеле FIFA, Fortnite, Call of Duty, NBA 2K каби турли видеоўйинларнинг машҳур фанати ҳисобланади. Ҳатто ЖЧ-2018 вақтида «Винчестер»ни Чемпионшипга олиб чиққани билан мақтанганди.
6. Футболчининг тартиб билан боғлиқ муаммоларининг йўқолиши ва ўйинининг яхши томонга ўзгариши 2021 йил декабрида уйлангандан сўнг рўй берганини айтишади. Усмоннинг рафиқаси Рима Эбдуш, Razalae мусулмон аёллар бренди асосчиси.

7. 2022 йил сентябрида оилада қизча дунёга келди, аммо нима исм қўйишгани номаълум. Усмон ҳам, анча машҳур аёли ҳам ижтимоий тармоқларда фаол бўлишса-да, оилавий маълумотларни ошкор қилишмайди.

8. Усмон «ПСЖ»да «Барселона»даги даврига нисбатан 86 ўйин камроқ майдонга тушган бўлса-да, кўпроқ гол урган – 43 марта. «Барселона»даги голлар сони 40 та.
9. Дембеленинг мусиқий танлови: «Агар менга мотивация керак бўлса, Drake’дан тортиб, Coldplay бўлиши мумкин. Аммо доим француз илдизимга содиқман, Ninho, PLK ва Saucegod каби ижрочиларни танлайман».
10. Усмон «Лидс» клуби ашаддий мухлиси. Ҳатто Патрик Бэмфорд ва Кэлвин Филлипснинг либосларини сўраб олган.