Спорт | 00:46 / 23.09.2025
15892
5 дақиқада ўқилади

Усмон Дембеле «Олтин тўп» соҳиби бўлди

Фото: X/Ballon d'Or

Франция миллий жамоаси ва «ПСЖ» клуби футболчиси Усмон Дембеле 2024-2025 мавсумининг энг яхши футболчиси сифатида France Football нашрининг «Олтин тўп» совринига эга бўлди. «ПСЖ» энг яхши клуб, Луис Энрике энг яхши мураббий деб топилди.

Франция пойтахти Парижнинг «Шатле» театрида France Football журнали томонидан «Олтин тўп» совринини топшириш маросими ўтказилди.

 

Усмон Дембеле – «Олтин тўп» соҳиби 

Фото: X/Ballon d'Or 

Франция миллий жамоаси ва «ПСЖ» клуби аъзоси Усмон Дембеле мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида «Олтин тўп» совринига эга бўлди. У овоз бериш жараёни якунига кўра, асосий рақиби - «Барселона» аъзоси Ламин Ямални ортда қолдирди.

Фото: X/Ballon d'Or 

 

Луис Энрике – энг яхши мураббий

Фото: X/Ballon d'Or 

«ПСЖ» устози Луис Энрике мавсумнинг энг яхши мураббийи сифатида Йоҳан Кройфф номидаги мукофотга сазовор бўлди. Испаниялик мутахассис овоз бериш жараёнида Ҳанс-Дитер Флик («Барселона»), Энцо Мареска («Челси») ва Арне Слотни («Ливерпул») ортда қолдирди. Ўтган мавсумда «ПСЖ» Франция чемпионати, Кубоги, Суперкубоги, Чемпионлар Лигаси ва УЕФА Суперкубогида ғалаба қозонди, шунингдек, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи бўлди.

 

Ламин Ямал – энг яхши ёш футболчи

Фото: X/Ballon d'Or 

Испания миллий жамоаси ва «Барселона» клуби ҳужумчиси Ламин Ямал мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди. У қаторасига иккинчи марта ушбу совринни қўлга киритди. 18 ёшли футболчи «Олтин тўп» маросимида Раймон Копа номидаги мукофотни қабул қилди. Ушбу совринга 21 ёшгача бўлган футболчилар даъвогарлик қилади. Ямал овоз бериш жараёни якунларига кўра Пау Кубарси («Барселона»), Айюб Буадди («Лилл»), Дезире Дуэ («ПСЖ»), Эстевао («Челси» / «Палмейрас»), Дин Хейсен («Реал» / «Борнмут»), Майлз Люис-Скелли («Арсенал»), Родриго Мора («Порту»), Жоау Невеш («ПСЖ») ва Кенан Йилдизни («Ювентус») ортда қолдирди.

 

Жанлуижи Доннарумма – энг  яхши дарвозабон 

Фото: X/Ballon d'Or 

«Манчестер Сити»нинг амалдаги ва «ПСЖ» клубининг собиқ посбони Лев Яшин номидаги мукофотни олди. Бу италиялик футболчининг иккинчи шундай соврини, аввалгиси 2021 мавсумда қўлга киритилган.

 

«ПСЖ» - энг яхши клуб

Фото: X/Ballon d'Or 

Франциянинг «ПСЖ» клуби мавсумнинг энг яхши жамоаси деб топилди. Парижликлар овоз бериш жараёнида «Барселона», «Ботафого», «Челси» ва «Ливерпул»ни ортда қолдирди. Ўтган мавсумда «ПСЖ» Франция чемпионати, Кубоги, Суперкубоги, Чемпионлар Лигаси ва УЕФА Суперкубогида ғалаба қозонди, шунингдек, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи бўлди.

 

Виктор Гёкереш – энг яхши тўпурар 

Лондоннинг «Арсенал» клуби ва Швеция миллий жамоаси ҳужумчиси Виктор Гёкереш мавсумнинг энг яхши тўпурари сифатида Герд Мюллер номидаги мукофотни қўлга киритди. У ўтган мавсумда Швеция миллий жамоаси ва Португалиянинг «Спортинг» клуби таркибида 63 та гол урди.

Эслатиб ўтамиз, барча мукофотлар мавсум якунига кўра (2024 йил 1 августдан 2025 йил 31 июлгача) топширилади, йил якунига кўра эмас.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид