Соғлом ҳаёт | 20:08 / 25.09.2025
2818
3 дақиқада ўқилади

Ҳар қандай миқдордаги алкогол деменция хавфини ошириши аниқланди – янги тадқиқот

2,4 миллион одамнинг генетик, ярим миллиондан ошиқ кишининг саломатлик маълумотлари асосида олиб борилган илмий изланиш “спиртли ичимликларни кам миқдорда ичиш зарарсиз” деган фикрларнинг нотўғри эканини исботлади. Янги тадқиқотга кўра, ҳатто оз миқдордаги алкогол ҳам мия саломатлиги учун хавф туғдириб, хотира сусайиши ва диққат пасайишини юзага келтириши мумкин.

Фото: Adobe Stock

Одамлар орасида мия саломатлиги учун “кам миқдорда ичиш фойдали бўлиши мумкин” деган қараш мавжуд. Оксфорд, Ел ва Кембриж университети олимлари олиб борган йирик тадқиқот бу фикрни инкор этди.

BMJ Evidence-Based Medicine журналида нашр қилинган илмий изланишда таъкидланишича, ҳатто энг енгил турдаги спиртли ичимлик ҳам деменция (хотира ва тафаккур фаолиятининг кескин пасайиши) хавфини оширади. Муаллифлар бундай одатнинг мия учун “хавфсиз чегараси йўқлигини” қайд этди.

Тадқиқотда спиртли ичимлик истеъмоли ва деменция ўртасидаги боғлиқлик батафсил таҳлил қилинди. Олимлар АҚШдаги Million Veteran Program ҳамда Буюк Британиядаги UK Biobank базаларидан 559 минг 559 нафар иштирокчининг соғлиқ маълумотларини ўрганди. Уларнинг орасида 14 минг 540 кишига турли кўринишдаги деменция ташхиси қўйилган эди.

Шунингдек, олимлар 45 та алоҳида тадқиқотни жамлаб, 2,4 миллион иштирокчининг генетик маълумотлари асосида қўшимча таҳлил ўтказди. Мазкур жараёнда генетик мойиллиги юқори бўлган кишилар кўпроқ ичкилик истеъмол қилиши ва бунинг натижасида деменция хавфи сезиларли даражада ортиши кузатилди. Хусусан, спиртли ичимлик истеъмолини икки баробарга ошириш деменция хавфини 16 фоизга кўпайтириши маьлум бўлди.

Кузатув таҳлиллари бошқа бир муҳим кўрсаткични ҳам очиб берди: Ҳафтасига ичиладиган алкогол миқдорини уч баравар ошириш деменция хавфини 15 фоизга кўтариши аниқланди.

Тадқиқот муаллифлари айтганидек, бу натижалар “кам миқдордаги ичимлик фойдали бўлиши мумкин” деган кенг тарқалган қарашни бутунлай инкор этади. Аксинча, ҳар қандай даражадаги спиртли ичимлик истеъмоли мия саломатлиги учун хавф туғдириши, деменция хавфини ошириши исботланди.

Бизнинг натижалар кам миқдордаги алкогол мия саломатлиги учун фойдали бўлиши мумкин деган қарашни рад этади. Генетик далиллар ҳеч қандай ҳимоя таъсирини кўрсатмади, аксинча қарама-қарши натижа берди. Ҳатто оз миқдордаги ёки ўрта даражадаги ичкилик ҳам деменция хавфини оширади. Шу сабабли, аҳолида умумий алкогол истеъмолини камайтириш бу касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин”, ­– дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Оксфорд университети олими доктор Аня Топивала.

Янги тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, алкогол истеъмолининг “зарарсиз” даражаси мавжуд эмас. Ҳар қандай миқдор мия саломатлиги учун хавф туғдиради. Мутахассислар одамларнинг спиртли ичимлик истеъмолини камайтириши деменциянинг олдини олишда энг самарали усуллардан бири бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид