Мантиқан ўйлаб қарасак, спорт залида мушакларингизга ишласангиз, улар мустаҳкамланади ва заифлашишдан сақланади. Худди шундай ақлий машқлар ҳам инсон миясининг иш фаолиятига ижобий таъсир кўрсатадими? Айнан шу ғоя охирги йигирма йил ичида кўплаб мия машқларини таклиф қилувчи платформалар ва иловаларнинг пайдо бўлишига, шунингдек, сон-саноқсиз судоку, кроссворд ва мантиқий бошқотирма китобларининг оммавийлашишига сабаб бўлди. Шу билан бирга, кўплаб олимлар ҳам когнитив машқлар одамни ақллироқ қилиши ва ҳатто деменция хавфини камайтириши мумкинлигини ўрганиш бўйича тадқиқотлар бошлади.

New York Тimes’нинг ёзишича, бир қарашда оддийдек кўринган ғоя аслида анча мураккаб бўлиб чиққан. Бунда “мия машқлари фойдалими?” деган саволга жавоб қайси машқ тури бажарилаётгани ва қандай фойда кутилаётганига боғлиқ.

“Психологлар когнитив қобилиятни яхшилаш мумкинми, деган мазмунда ўрганиш олиб борганларида, одатда тафаккурнинг муайян жиҳатини кучайтириш учун яратилган компютер ўйинларидан фойдаланишади. Баъзи ўйинлар одамга маҳоратни ошириш ёки алоҳида белгиларни таниш стратегияларини ўргатади. Бошқалари эса аста-секин тезлик ва хатарларни ошириб, мияни қийинчиликка дучор қилади”, дейди Кленсон университети профессори Лесли Росс.

Айрим тадқиқот натижаларига кўра, ақлий ўйинлар ўйнаш одамларнинг когнитив қобилиятларини яхшилаши мумкин. Бунда нафақат машқ қилинаётган вазифада, балки унга яқин бошқа ишларда ҳам бу самара беради. Канаданинг Ғарбий Онтарио университети профессори Адриан Оуэннинг таъкидлашича, бу «ажабланарли эмас». Масалан, кимдир телефон рақамларини ёдлашни машқ қилса, саналарни эслаб қолиши ҳам яхшиланади. Аммо битта ўйинни ўйнаш одамни умумий фонда ақллироқ қилиши ёки бутунлай бошқа вазифада муваффақиятли бўлишига ёрдам бериши бўйича етарли далиллар йўқ.

“Сиз скрипка чалишни ўрганишни истасайсиз. Машқ қилсангиз, скрипкани яхшироқ чала бошлайсиз. Аммо скрипкани чалишни ўргансангиз, бошқа инструментларни ҳам яхши чалиб кетасизми? Жавоб аниқ — йўқ”, дейди Оуэн.

Бир қатор мия машқларига доир ўйинлар ишлаб чиқарувчи компаниялар ўйинлар когнитив заифлашувни ҳам кечиктиради, деб даъво қилишади, лекин бу борадаги тадқиқотлар жуда кам. Шундай тадқиқотларнинг бирига кўра, соғлом кекса одамларга қайта ишлаш тезлигини яхшилашга мўлжалланган ўйин берилган. 10 йил ўтиб, бу одамларда деменция ривожланиш хавфи 29 фоизга паст бўлган. Икки хил бошқа ўйин (хотира ва муаммо ечиш машқи) ҳам хавфни камайтирган, лекин натижа ўйин ўйнамаганларга қараганда сезиларли даражада яхши бўлмаган. Мутахассислар ушбу тадқиқотларга таяниб, ақлий ўйинларда мия фаолиятини яхшилаш истиқболи борлигини айтишади, аммо буни исботлаш учун қўшимча клиник синовлар талаб этилади.