Жаҳон | 21:45 / 25.09.2025
8747
2 дақиқада ўқилади

Туркия ва Германия ўртасидаги фастфуд бўйича уч йиллик тортишув расман якунланди

Туркия Европа Иттифоқида дўнер фастфудини ягона рецепт билан «анъанавий тансиқ таом» сифатида расмий рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилган эди.

Фото: Getty images

Туркия машҳур дўнер фастфуди (шаурманинг яқин «қариндоши», аммо бироз бошқача шаклда) туфайли Германия билан баҳсни давом эттиришдан бош тортди. Бу ҳақда Bild хабар берди.

Давлатлараро низо уч йилдан ортиқ давом этди. Истанбулда жойлашган Udofed халқаро дўнер уюшмаси таомни Европа Иттифоқида ягона рецепт билан «анъанавий тансиқ таом» сифатида расмий рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилди.

Туркларнинг катта жамоаси яшайдиган Германияда дўнер жуда машҳур, аммо вақт ўтиши билан унинг рецепти немисларнинг дидига мослашди. Бироқ, Туркия Европа Иттифоқида дўнерни анъанавий рецепт билан - Германия учун одатий бўлган гўшт турлари, сабзавот қўшимчалари ва соусларсиз рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилди.

Агар Туркиянинг аризаси қондирилса, Европа Иттифоқи бўйлаб фастфуд нуқталари анъанавий турк рецептидан озгина четга чиқса ҳам, таомни дўнер деб аташ ҳуқуқига эга бўлмас эди. Бу эса немисларнинг қаршилигини келтириб чиқарди. Дўнернинг немис версиясини ҳимоя қилиш учун ҳатто федерал ҳукумат вазирлари ҳам омма олдида чиқиш қилди.

Бироқ, энди Туркия уч йиллик муваффақиятсиз курашдан сўнг, ўз талабларидан воз кечди.

«Дўнерни анъанавий турк таоми сифатида рўйхатдан ўтказиш учун берилган ариза 2025 йил 23 сентябрда қайтариб олинди. Бу автоматик равишда процедуранинг тўхтатилишини англатади», деб маълум қилди Еврокомиссия.

Таъкидланишича, немис фастфуд сотувчилари бир пайтлар Туркиядан келтирилган, аммо бугунги кунда миллионлаб немислар томонидан севиб истеъмол қилинадиган машҳур газак учун дўнер номини сақлаб қолишга муваффақ бўлганидан хурсандлигини яширмаяпти.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид