Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой интернетда салбий кайфият уйғотувчи контентларга қарши кураш бошлади
Бу орқали мамлакат раҳбарияти ёшларда тобора кучайиб бораётган умидсизлик ва пессимистик қарашларнинг кенг тарқалишини тўхтатмоқчи. Шу сабаб “меҳнатнинг фойдаси йўқ” ёки “ўқиш кераксиз” каби қарашлар акс этган, зўравонликка ундовчи материаллар, фитна назариялари, ёлғон хабарлар ҳамда сунъий интеллект орқали яратилган тажовузкорона тасвирлар маълум муддатга тақиқланмоқда.
Хитой ҳукумати ижтимоий платформаларда “салбий ҳис-туйғуларни уйғотадиган” контентларга қарши икки ойлик махсус кампания бошлади. Бу ҳақда мамлакат Киберкосмос масалалари бошқармаси баёнотида маълум қилинди.
Кампания доирасида ҳукумат ижтимоий тармоқлар, қисқа видео платформалари ва онлайн-дўконлар реклама учун фойдаланадиган стриминг хизматларини кузатади. Шунингдек, фойдаланувчилар қолдирган изоҳлар ҳам алоҳида текширувдан ўтказилади. Расмийларга кўра, интернет макони фақатгина ахборот оқими эмас, одамларнинг кайфиятини шакллантирувчи асосий майдон сифатида назорат қилинади. Хитой ҳукумати назарида бу жараён ижтимоий барқарорлик учун муҳим ҳисобланади.
Маълум қилинишича, мамлакат раҳбариятини энг кўп ташвишга солаётган масалалардан бири – ёшлар орасида кенг тарқалган “Санг маданияти”. Бу атама ўзига хос пассивлик, келажакдан умид узиш ва “ҳаётнинг маъноси йўқ” деган қарашларни ифодалайди. Унинг юзага келишига турли сабаблар бор: яшаш харажатлари юқорилиги, иш топишдаги қийинчиликлар, иқтисодий муаммолар.
Ҳозирда Хитойда кўплаб олий маълумотли ёшлар ўз касбига мос, қониқарли даражадаги маошли иш топишда қийналмоқда. Оқибатда “ўқиш фойдасиз”, “меҳнат қилишнинг маъноси йўқ” каби қарашлар тобора кўпайяпти. Ҳукумат ана шундай пессимист кайфиятдаги қарашларнинг интернет орқали кенг тарқалишини тўхтатишга бел боғлаган.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқ алгоритмлари фойдаланувчига ўзини қизиқтирган мавзуларни кўпроқ таклиф қилади. Бу эса одамларнинг тор доирадаги фикр ва кайфиятлар ичида қолиб кетишига сабаб бўлади. Масалан, бир киши салбий қарашдаги контентни кўрса, унга шунга ўхшаш видеолар ва мақолалар тақдим этилади. Натижада инсон “салбийлик гирдоби”га тушиб қолиши мумкин. Ҳукумат буни ижтимоий хавф сифатида кўриб, жараённи тўхтатишга уринмоқда.
Хабарга кўра, зўравонликка ундовчи материаллар, “меҳнатнинг фойдаси йўқ” ёки “ўқиш бефойда” каби пессимист фикрлар, фитна назариялари ва ёлғон хабарлар, сунъий интеллект ёрдамида яратилган зўравонлик тасвирларини ишлаб чиқиш ва улашиш тақиқланади. Бундай контентни тарқатган платформа ёки шахслар жазога тортилади ва улардан мажбурий тарзда контентни ўчириш ёки таҳрирлаш талаб этилади.
Бу қарор бир томондан, ҳукуматнинг ёшлар руҳий тушкунликка тушишининг олдини олишга уриниши каби кўринса-да, бошқа томондан, мазкур чора кенгроқ маънода фикр эркинлигини чеклаш сифатида ҳам баҳоланмоқда. Ғарб экспертлари фикрича, салбий кайфиятларни тўлиқ бартараф этишнинг иложи йўқ, чунки улар жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг акси саналади. Бироқ Пекин назарида интернетдаги кайфиятни бошқариш орқали жамият барқарорлигини сақлаб қолиш мумкин.