Жаҳон | 13:01 / 25.09.2025
1539
2 дақиқада ўқилади

ЕИ комиссари: «Дронга қарши девор» қуриш бир йилдан кўпроқ вақтни олади

Европа Иттифоқи бир йил ичида учувчисиз учоқларни аниқлаш тизимини яратиши мумкин, бироқ тўлақонли мудофаа тузилмасини ишлаб чиқиш кўпроқ вақт талаб этади, деди мудофаа бўйича Европа комиссари Андрюс Кубилюс.

Фото: Omar Havana

Европа Иттифоқи бир йил ичида дронларни аниқлаш имкониятларини сезиларли даражада яхшилаши мумкин, бироқ қуруқликда ва денгизда УУАни кузатиш ва йўқ қилиш учун тўлақонли тизим яратиш анча узоқ давом этади, деди мудофаа ва коинот бўйича Европа комиссари Андрюс Кубилюс 23 сентябр, сешанба куни Euractiv портали томонидан ташкил этилган форумда.

«Бизда дронларни аниқлаш имконияти етишмаслигини тушунишимиз керак», деб тан олди Кубилюс. «Бизда қирувчи самолётлар ва ракеталарни аниқлаш имкониятлари яхши бўлиши мумкин, аммо дронларнинг ўзига хос хусусиятлари бор: улар жуда паст учади ва кичик», деб тушунтирди аввалроқ Литва бош вазири бўлиб ишлаган Кубилюс.

Еврокомиссарнинг таъкидлашича, дронларга қарши ишончли мудофаани яратишда биринчи қадам тезкор аниқлаш тизимини яратишдир. Унинг таъкидлашича, бундай тизим «тахминан бир йил ичида» тайёр бўлиши ҳамда Россия ҳужумлари ва «провокациялари»ни қайтаришга қодир. Бундан ташқари, бундай мудофаа тармоғи Норвегия ва Данияга учувчисиз учоқлар ҳужумини ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқининг кенг денгиз чегараларини қамраб олиши керак, деди Кубилюс.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид