Жаҳон | 23:27 / 29.09.2025
8554
2 дақиқада ўқилади

Алпинист Эверестдан чанғида тушиб, тарихга кирди

Полшалик ҳаваскор чанғичи Анжей Баргел қарийб 9 минг метр баландликка эга Эверест чўққисига кўтарилди ва қўшимча кислород ишлатмасдан чанғида пастга тушди.

Фото: Red Bull Content Pool

37 ёшли полшалик ҳаваскор чанғичи Анжей Баргел Эверест чўққисига кўтарилган ва қўшимча кислород ишлатмасдан чанғида пастга тушган биринчи одам сифатида тарихга кирди.

«Юқорига кўтарилишнинг ўзи қийин ва машаққатли эди. Мен ҳаётимда ҳеч қачон бундай баландликда бунчалик кўп вақт ўтказмаганман, шунинг ўзи менга қийинчилик туғдирди. Эверестдан кислородсиз чанғида тушиш йиллар давомида қалбимда пишиб етилган орзум эди», деди Баргел.

Ҳимолай тоғлари маълумотлар базасига кўра, қарийб 9 минг метр баландликка эга бу тоғга 6 мингдан ортиқ одам кўтарилган, аммо улардан атиги 200 нафарга яқини қўшимча кислород баллони ишлатмаган.

Тоғ чўққисида ҳаво шу қадар сийракки, алпинистлар нафас олиш зарур бўлган кислороднинг атиги учдан бир қисмини олади. Тарихда бир неча киши чанғида пастга тушишга муваффақ бўлган, аммо улар кислород баллонидан фойдаланган.

The Guardian газетасига берган интервюсида у шундай деди: «Ҳеч ким бунинг мумкинлигига ишонмаган, ҳатто туғишган акам ҳам бунга шубҳа қилган. Бу менга сабрни қадрлашни ва бошқа ҳеч ким орзуларингни амалга ошира олмаслигини тушунишни ўргатди».

Баргел жамоаси ўз баёнотида бу «тоғ чанғиси спорти оламида инқилобий воқеа» эканини таъкидлади.

Унинг ютуғи инсон чидамлилиги, алпинизм ва экстремал чанғи учишни ривожлантиришдаги ютуқ сифатида тақдим этилади. Бу ўзига хос «дунёдаги биринчи» ҳолат бўлиб, қатъиятлилик, машқ қилиш ва чидамлилик инсон имкониятлари чегараларини қанчалик кенгайтира олишини исботлайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид