Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Украина Россия ичкарисига зарба беришига қарши эмас
Президентнинг махсус вакили Кит Келлог АҚШ Украинани қурол қўллаш масаласида чекламаслигини айтди.
Фото: Johannes Simon / Getty Images
Украина Америка қуроллари билан Россиянинг халқаро тан олинган ҳудудларига узоқ масофали зарба бериши мумкин, АҚШ президенти Доналд Трамп буни тақиқламайди, деди унинг махсус вакили Кит Келлог Fox News телеканалига берган интервюсида.
У Доналд Трамп ва Оқ уй Киевнинг Россия ичкарисига зарба беришига қандай позицияда бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарган: «Менимча, унинг айтганлари, шунингдек, вице-президент [Жей Ди] Вэнс ва давлат котиби [Марко] Рубио айтган гапларни ҳисобга оладиган бўлсак, жавоб – ҳа, узоқ масофага зарба бериш имкониятидан фойдаланинг».
Келлогнинг таъкидлашича, Россия ҳудудида «дахлсиз нишонлар йўқ».
The Wall Street Journal 26 сентябр куни Трамп Россиядаги нишонларга Америка қуроллари билан зарба беришга қўйилган чекловларни бекор қилишга тайёрлиги ҳақида ёзганди. АҚШ ва Украина расмийларининг нашрга маълум қилишича, Ню Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган учрашувда ундан буни Украина президенти Володимир Зеленский сўраган. Трамп эса қарши эмаслигини айтган.
АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари уруш бошиданоқ бундай қадам эскалацияга олиб келишидан қўрқиб, ўзлари ишлаб чиқарган қуроллардан Россиянинг халқаро тан олинган ҳудудига зарба беришга рухсат беришдан бош тортиб келганди. Россия президенти Владимир Путин эса бунга йўл қўйилиши Россия билан «НАТО давлатлари урушаётгани»ни англатишини айтди.
2024 йил охирида Жо Байден маъмурияти Украинага Россияга, хусусан, ўша пайтда жанглар бўлаётган Курск областининг чегара ҳудудларига зарба бериш учун ATACMS узоқ масофали ракеталаридан чекланган миқдорда фойдаланишга рухсат берганди.
Трамп эса инаугурациясидан олдиноқ Байденнинг қарорига «мутлақо қаршилиги»ни айтганди. Трамп Оқ уйга қайтгач, Россиядаги нишонларга зарба бериш учун ATACMS’дан фойдаланишни амалда тақиқлаш яна кучга кирди. Август ойи охирида The Wall Street Journal Пентагон кўп ойлар давомида Украинанинг тегишли сўровларига рад жавобини бериб келгани, бу нафақат ATACMS ракеталарига, балки Британиянинг Storm Shadow ракеталарига ҳам тегишли экани (чунки техник жиҳатдан улардан фойдаланиш АҚШдан олинадиган маълумотларга боғлиқ) ҳақида ёзганди.
Трамп сўнгги ҳафталарда Россия-Украина урушига нисбатан риторикани кескин ўзгартирди. Зеленский билан Ню Йоркдаги сўнгги учрашувидан сўнг у кутилмаганда Украина «бутун ҳудудини аввалги чегараларида қайтаришга» ва «балки бундан кўпроғини қилишга» қодирлигини айтиб чиқди.