Украина президенти Володимир Зеленский 16 июл куни Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи генерал-майор Евгений Хмарани мудофаа вазири лавозимига номзод сифатида кўрсатиш нияти борлигини билдирди.

Зеленскийнинг Telegram орқали маълум қилишича, номзодни парламентга тақдим этишдан олдин қонунчиликда назарда тутилган барча юридик жараёнлар бажарилиши керак. Шундан кейин президент Олий рада депутатларидан Хмара номзодини қўллаб-қувватлашни сўрамоқчи.

Украина раҳбари ўз танловини Хмаранинг технологик ва узоқ масофали зарба амалиётларини ташкил этиш борасидаги катта тажрибаси билан изоҳлади.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина мудофаа тизими ҳозирги уруш шароитида айнан технологик амалиётлар, узоқ масофадан зарба бериш имкониятлари ва хавфсизлик тузилмаларида ички назоратни кучайтиришга эътибор қаратиши лозим.

Президент Хмаранинг УХХнинг «Алфа» махсус операциялар марказида шахсий таркибни бошқариш тажрибаси ҳам мудофаа вазири лавозимида муҳим устунлик бўлишини айтди.

Бироқ Хмаранинг номзодини ҳозироқ парламент овозига қўйиш имкони йўқ. Украина қонунчилигига мувофиқ, мудофаа вазири фуқаролик мақомига эга шахс бўлиши керак. УХХ раҳбари вазифасини бажараётган Хмара эса ҳали ҳам амалдаги ҳарбий хизматчи ҳисобланади.

Хабарда қайд этилишича, зарур юридик жараёнлар август ойининг ўрталаригача якунланиши мумкин. Шу вақтда Украина парламенти таътилдан сўнг ишини қайта бошлаши кутилмоқда.

Хмара Змеиний оролини озод этиш амалиётига раҳбарлик қилган

Зеленский Евгений Хмарани 5 январ куни УХХ раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаган. У бу вазифада Василий Малюкнинг ўрнини эгаллаган.

Хмара 2025 йил августидан УХХнинг «А» махсус бўлинмасига раҳбарлик қилиб келган. Бунга қадар у УХХнинг терроризмга қарши кураш бўйича Махсус операциялар марказини бошқарган.

Материалда келтирилишича, генерал-майор Россия қўшинлари эгаллаб турган Змеиний оролини Украина назоратига қайтариш амалиётига раҳбарлик қилган.

Шунингдек, Хмара мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари ичидаги коррупция ҳолатларига қарши курашиш тарафдори сифатида ҳам тилга олинади. Феврал ойида УХХ ички хавфсизлик ходимлари Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг логистика қўмондони ҳамда УХХнинг Житомир вилояти бошқармаси раҳбарини қўлга олгани хабар қилинган эди.