Келинг, оддий саволдан бошлаймиз: медиация нима?

Раҳмат сизга. Медиация мавжуд низони тарафлар ихтиёрига кўра бетараф учинчи шахс бўлмиш медиатор иштирокида ҳал этиш усулидир. Медиацияни судга муқобил деб бўлса-да, лекин нисбатан тез фурсатларда, муроса йўли билан ва кам харажат эвазига низони ҳал этиш анча самаралидир.

Нима сабабдан ҳозир Ўзбекистон учун медиация муҳим?

Бунинг сабаблари бир нечта, сўнгги йилларда мамлакатимизда изчилликда катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Ислоҳотлар, бизнес муҳитининг яхшиланиши, ўсиб бораётган иқтисодиёт ва аҳолининг ортиб бориши, буларнинг барчаси ўз навбатида низолар сонининг ортишига олиб келади. Медиация муносабатларни бузишга эмас, балки уларни сақлаб қолишга қаратилган. Бу, айниқса, кичик бизнес учун айниқса муҳимдир. Мен сизга бир мисол келтираман: айтайлик, Италияда, эҳтимол, темпераменти бўйича Ўзбекистонга энг ўхшаш Европа мамлакатларидан бирида, 2023 йилда судлар томонидан 175 000 дан ортиқ иш медиацияга йўналтирилган ва аксари ҳал этилган. Бу иқтисодий жиҳатдан жуда самарали: судлар ва ижро этувчи идораларга ортиқча босимнинг олди олинади, ўз навбатида уларнинг иш самарадорлиги ортади. Жараёнда иштирок этувчи бизнес эса ишини тез битиради ва жараёнда узилиш бўлмайди.

Жуда қизиқ. Ўзбекистонда медиация қай даражада ривожланмоқда?

Тан олиш керак ривожланиш бор, сезиларли натижаларга ҳам эришилмоқда. Айтиш мумкинки, биз адолатни таъминлаш борасида таъбир жоиз бўлса «сокин инқилоб» остонасидамиз. 2019 йилда қабул қилинган қонун ҳозир амалда, аммо уни янада такомиллаштириш бўйича иш олиб борилмоқда. Аксарият ҳуқуқшуносларнинг фикрича, медиацияда эришилган келишувларнинг бажарилиши тарафлар учун мажбурий бўлиши зарур. Кейинчалик, Туркия ёки Италия тажрибасидаги каби, айрим тоифадаги ишлар бўйича судгача дастлабки медиация учрашувини мажбурий қилиш ҳақида ҳам гапириш мумкин бўлади. Шу ўринда қўшни давлатларнинг тажрибаси ҳам диққатга сазовор. Масалан, Қозоғистонда бу тизим аллақачон жорий этилган. Қирғизистон эса қонунчиликка ўзгартиш киритиш йўлида жиддий қадам ташлади ва «Медиация тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни биринчи ўқишда қабул қилди. Унда келишувларни мажбурий бажариш ва айрим иш тоифалари учун медиатор билан дастлабки учрашув шарт қилиб белгиланган.

Аммо гап юз минглаб ишлар ва мажбурий медиация ҳақида кетмоқда. Ўзбекистонда бу учун етарли мутахассис борми?

Ҳозирги пайтда медиаторлар бизнинг марказимиз ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти томонидан олиб борилаётган дастурлар доирасида тайёрланмоқда. Медиация бўйича билим ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган махсус дастурлар босқичма-босқич таълим жараёнига киритилмоқда. Бироқ қилинган ишлар ҳали етарли эмас. Масалан, бугунга қадар махсус курсларда 3000 дан ортиқ медиатор таълим олган бўлса-да, Профессионал медиаторлар реестрида фақатгина 1900 дан ортиқ мутахассис рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич мавжуд талабни қондиришга етарли эмас.