Ўзбекистон | 18:26 / 17.04.2026
2700
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчисига тадбиркор билан йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба «асоссиз мулоқот қилиш» тақиқланади

«Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фото: iStock

Фармонга кўра, давлат хизматчиси давлат органи номидан ёки ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркор фаолият юритадиган бинога назорат ёки профилактика тадбирини ўтказиш мақсадисиз бориши ёхуд тадбиркорни бошқа жойга чақириши назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқот (кейинги ўринларда – Мулоқот) сифатида баҳоланади.

«Ягона давлат назорати» ахборот тизимига мулоқот ҳақидаги маълумотларни киритиш давлат хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади ва ушбу талабга риоя этмаганлик тегишли тартибда хизмат текшируви ўтказилиши учун асос бўлади.

Бўлиб ўтган мулоқотнинг асосли ёки асоссиз эканига баҳо бериш тегишли давлат органининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ёки ушбу функцияни амалга ошириш юклатилган бўлинма ёхуд мансабдор шахс томонидан амалга оширилади.

Айни бир тадбиркорлик субъекти билан 1 йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба асоссиз мулоқотга киришган давлат хизматчисига қуйидаги чоралар қўлланади:

- давлат органининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси томонидан хизмат текшируви ўтказилади;

- айни шу тадбиркорлик субъектида ўтказиладиган назорат тадбирларига охирги мулоқот қайд этилган санадан эътиборан 12 ой давомида иштирок этишига йўл қўйилмайди;

- мазкур тақиққа риоя этмаслик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузиш ҳисобланади ҳамда текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома амал қилишининг 3 ойгача тўхтатиб турилишига олиб келади;

- тадбиркор фаолиятини текшириш ва улар билан мулоқот қилиш тартибини сурункали тарзда бузувчи шахслар 6 ой муддатга Инсофсиз текширувчилар реестрига киритилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид