Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ҲАМАС иштирокидаги Фаластин давлатига Ғарб ҳам, араб давлатлари ҳам рози эмас — Шавкат Икромов
Фаластин давлат сифатида тан олинар экан, ҲАМАС буни ўз ғалабаси сифатида талқин қилмоқда. Аммо кўплаб муҳим давлатлар Фаластин давлатининг ташкил топиш шарти сифатида Ғазода ҲАМАС ҳокимиятига нуқта қўйилиши кераклигини айтиб келади. Яқин Шарқ бўйича эксперт Шавкат Икромов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида бу мураккаб вазиятни изоҳлади.
— Фаластиннинг дунё давлатлари томонидан тан олиниши ҲАМАС учун ғалабами?
Шавкат Икромов: ҲАМАС Фаластин давлат сифатида тан олинаётганини ўзининг ғалабаси сифатида талқин қилмоқда. Улар: “Бизнинг курашимиз натижасида Фаластин давлат сифатида тан олиняпти”, дея баён қилмоқда. Лекин Фаластиннинг расман давлат сифатида шакллана бошлаши – унинг бошқарувидан ҲАМАС кетишини тақозо қилади.
Фаластинни тан олган давлатлар Ғазо ҳудудини Фаластин ерлари сифатида эътироф этади, лекин улар Фаластин давлатини Маҳмуд Аббос бошчилигидаги маъмурият билан боғлайди. Шу сабабли ҳеч бир давлат ҲАМАСни расмий бошқарув сифатида тан олаётгани йўқ.
Айниқса, араб мамлакатлари ҲАМАСнинг ҳокимиятда бўлишини истамайди. Чунки улар радикал гуруҳларга қарши кескин сиёсат юритмоқда. “Араб баҳори” ва Сурия инқирозидан кейинги тажриба бу масалани янада долзарброқ қилган. Миср бунга яққол мисол: у Мусулмон биродарлар ҳаракати билан узоқ йиллардан бери кескин зиддиятда бўлгани учун, ҲАМАСни ҳам ўзига хавф деб билади. Худди шундай, Саудия ёки Қатар ҳам ҲАМАСнинг расмий бошқарувда бўлишини қўллаб-қувватламайди.
Шу нуқтайи назардан, масала жуда мураккаб ва кенг муҳокамага сабаб бўлади. ҲАМАС тан олинаётган давлатни ўзининг ғалабаси сифатида кўрмоқда, аммо давлат тузилгач, уларнинг келажаги қандай бўлиши савол остида қолмоқда. ҲАМАСнинг ўзи ҳам яхши биладики, янги давлат бошқарувида улар учун жой топилиши қийин. Бу эса улар учун амалда сиёсий мағлубият бўлиши мумкин.
Бу фикрларимни Маҳмуд Аббос ҳукуматини оқлаш мақсадида айтмаяпман. Аббос ҳокимиятда экан, унинг маъмурияти кўпинча “қўғирчоқ ҳукумат” сифатида танқид қилинган. Шунингдек, Фаластин маъмурияти вакиллари ҳам бу жараёнда ўзларини четда ҳис қилмаяпти: улар бу тан олинишларни “узоқ йиллик дипломатик саъй-ҳаракатларимиз самараси” деб талқин қилмоқда.
Суҳбатни тўлиқ YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:53 / 05.12.2025
🔴 LIVE: Хитой Россияга таъсир қилоладими? | "Геосиёсат"
14:25 / 03.12.2025
🔴 LIVE: Трампнинг элчиси яна Москвада, Путиндан қатор баёнотлар | "Геосиёсат"
13:59 / 02.12.2025
“Нетаняҳу учун қулай сиёсий фон яратиляпти” — Фарҳод Каримов
14:08 / 01.12.2025