Сиёсий таҳлилчи Умрбек Юсупов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида Ўзбекистон президентининг Гуржистонга 23 йил ичидаги илк ташрифига изоҳ берди.
— Гуржистон ва Ўзбекистон бир-биридан нима хоҳлайди?
Умрбек Юсупов: Сўнгги йилларда Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, яъни Ўрта коридорнинг стратегик аҳамияти кескин ошди. Украина–Россия уруши ортидан Шимолий коридор орқали юк ташиш имкониятлари сезиларли даражада чеклангач, минтақа давлатлари муқобил логистика йўналишларига фаол эътибор қарата бошлади. Ана шундай йўналишлардан бири – Каспий денгизи, Озарбойжон ва Грузия орқали Қора денгиз портлари билан Европани боғловчи транспорт йўлагидир. Аслида бу йўл аввалдан мавжуд эди, бироқ бугунги геосиёсий вазият унинг аҳамиятини янада оширди.
Шу билан бирга, Марказий Осиёда интеграция жараёнларининг жадаллашуви Жанубий Кавказ давлатларининг минтақамизга қизиқишини ҳам кучайтирди. Озарбойжон транспорт ва энергетика йўналишларида фаол иштирок этаётган бўлса, Грузия ҳам сўнгги беш-олти йил давомида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Жанубий Кавказ билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга интилмоқда. Буни икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзолангани ҳам яққол тасдиқлайди. Бу ҳужжат Ўзбекистон ва Грузия муносабатлари тарихида янги босқич бошланганини англатади. Грузия музокаралар давомида Ўзбекистоннинг давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига қатъий амал қилаётганини алоҳида эътироф этди. Бу икки давлат ўртасидаги сиёсий ишончнинг юқори даражада эканини кўрсатади.
Узоқ йиллар давомида мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаган эди. Сўнгги йилларда эса вазият тубдан ўзгарди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2017–2025 йиллар оралиғида ўзаро савдо ҳажми уч баробарга ошди. Илгари қарийб 90 миллион долларни ташкил этган савдо айланмаси бугунги кунда 270 миллион долларга яқинлашди. Энди томонлар яқин истиқболда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Ҳамкорлик фақат савдо билан чекланмаяпти. Банк-молия соҳасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Грузиянинг энг йирик молиявий институтларидан бири – TBC банки 2019 йилда Ўзбекистон бозорига кириш жараёнини бошлади ва 2020 йилда банк лицензиясини олди. Бугунги кунга келиб у мамлакатимиздаги энг фаол хорижий банклардан бирига айланди. Банк томонидан қарийб ярим миллиард доллар инвестиция йўналтирилгани ҳам Ўзбекистон бозорига бўлган ишончнинг юқорилигини кўрсатади.














