Ўзбекистон | 11:25 / 30.09.2025
2208
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Ўзбекистон атом станцияси учун мутахассисларни биргаликда тайёрлайди

Москвада Ўзбекистон Республикаси атом тармоғи эҳтиёжлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича Россия-Ўзбекистон қўшма ишчи гуруҳининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Фото: Ўзатом

Томонлар АЭС учун кадрлар тайёрлаш бўйича мамлакат режасининг конфигурациясини, шу жумладан интеграциялашган атом электр станцияси учун ходимлар танлаш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш шартлари ва чораларини муҳокама қилди.

Йиғилиш иштирокчилари жорий йил май ойидаги учрашув якунлари бўйича ишлаб чиқилган қўшма йўл харитасини амалга оширишнинг оралиқ босқичларини ҳам муҳокама қилди.  Ўшанда «Росатом» давлат корпорацияси, «Ўзатом» агентлиги ва «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети ўртасида уч томонлама битим имзоланган эди. Ҳужжат «ММФИ» МТЯУ Тошкент филиали негизида «Илғор муҳандислик мактаби»ни очишни назарда тутади.

«ММФИ» МТЯУ Тошкент филиали ижрочи директори Шавкат Абдукомилов бу борадаги ишлар натижалари ҳақида гапирар экан, мактабни 2025 йил октябр ойида очиш режалаштирилганини, аллақачон энергия аудити ва энергия хизмати, фотоэнергетика ва нанотехнологиялар бўйича илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилганини таъкидлади. Йил якунига қадар «Росатом» кўмагида радиациявий мониторинг ва дозиметрия илмий-тадқиқот лабораторияси очилади. Ушбу мактабда ўқиш учун 20 нафар энг яхши талаба танлаб олинган.

Бундан ташқари, келгуси ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги ММФИда ядро мутахассисликлари бўйича магистратура дастурлари йўлга қўйилади.

Қўшма ишчи гуруҳ йиғилишида, шунингдек, квоталар оширилиши режалаштирилган «Росатом» объектларида ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари битирувчилари учун амалиёт ўташ ҳақида сўз борди. Амалиёт дастури 2026 йилнинг I чорагида бошланади.

Олий ўқув юртлари битирувчилари учун магистратура ва амалиёт дастурлари билан бир қаторда, йиғилиш иштирокчилари ўрта махсус маълумотга эга АЭС учун техник ходимларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидладилар. Бундай дастурлар, жумладан, Жиззах вилояти Фориш туманидаги политехникум негизида ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Учрашув якунида томонлар интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон атом тармоғи эҳтиёжлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ишларни давом эттиришга келишиб олди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид