Жаҳон | 12:22 / 04.10.2025
15029
7 дақиқада ўқилади

«Теҳрон йилига 30 см чўкмоқда» – Эрон президенти пойтахтни кўчиришга мажбурлигини айтди

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Теҳронда юз бераётган сув инқирози ва ер чўкиши сабабли пойтахтни Форс кўрфази томонга – Дубайнинг қаршисига кўчиришни режалаштирмоқда. Таҳлилчиларга кўра, ўнлаб йиллар давомида шаклланган Эрондаги инқироз – сувни чексиз деб билган ҳар бир жамият учун огоҳлантиришдир.

Фото:New York Times

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён мамлакат пойтахтини Теҳрондан жанубга кўчиришдан бошқа чораси қолмаганини билдирди. Сабаб – шаҳарнинг ҳаддан ташқари кенгайиши, етарли сув таъминотининг йўқлиги ва тобора кучайиб бораётган ер чўкиши таҳдиди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2 октябрь куни Форс кўрфази бўйидаги Ҳормозгон вилоятига ташриф буюрган Масъуд Пизишкиён сиёсатшунос олимлар ва экологлар билан учрашув ўтказди. Унинг айтишича, пойтахтни кўчириш таклифи ўтган йили олий диний раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий билан муҳокама қилинган. Таклиф қаттиқ танқидларга учраган бўлса-да, президент ресурслар инқирози шунчалик чуқурлашгани сабабли Эрон пойтахтни кўчиришга мажбур эканини билдирди.

Фото: Эрон президенти матбуот хизмати

«Бу ҳудуд Форс кўрфази қирғоқларида жойлашган ва очиқ сув йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини беради. Савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун улкан салоҳият бор. Агар бу имкониятларга бошқача қарасак, жуда фаровон ва илғор ҳудуд яратишимиз мумкин. Мавжуд вазият билан кифояланиб, келажак учун илмий, аниқ ва миллий харита тузмаслик — бу нотўғри йўлдир», дея Масъуд Пизишкиённинг сўзларини келтирмоқда The Guardian нашри.

Пизишкиён йиғилиш ўтказган Эроннинг жанубидаги Ҳормозгон вилояти харитада. Теҳрондан тахминан минг километр жанубда – Форс кўрфази бўйида жойлашган.

Президентнинг сўзларига кўра, Эронни ҳозир қийнаётган муаммолар ривожланиш йўлини Форс кўрфазига буришни талаб қилмоқда. Лекин қайси шаҳар янги пойтахт бўлиши ҳозирча маълум эмас.

«Теҳрон, Караж ва Қазвин сув инқирозига юз тутмоқда ва бу муаммони оддий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди. Теҳрон бугун 10 миллиондан ортиқ аҳолига эга ва бутун Эрон сув таъминотининг қарийб 25 фоизини истеъмол қилади», деди у

Аслида Масъуддан аввалги президентлар ҳам пойтахтни кўчириш масаласини кўтарган эди. Масалан, Ҳасан Руҳоний ҳатто бир нечта вариантларни ўз ичига олган режани ишлаб чиққан.

Пизишкиён ҳам узоқ вақтдан бери Эроннинг кучайиб бораётган сув инқирози ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

«Ўтган йили ёғингарчилик 140 мм ни ташкил этди, меъёр эса 260 мм. Яъни ёғин 50-60% камайган. Бу йил ҳам вазият шундай оғир. 2025 йил учун айрим ҳисоб-китобларга кўра, ёғин 100 мм дан ҳам кам. Сув омборларидаги сув ҳажмининг камайиши, баъзи қудуқларнинг қуриб қолиши, сувни бошқа ҳудудлардан ташиш харажатларининг юқорилиги бизни янги ёндашувга мажбур қилмоқда. Агар бу ҳудуддан Теҳронга сув ташимоқчи бўлсак, ҳар бир куб метр учун харажат 4 еврогача чиқади», дея қўшимча қилди Эрон президенти.

Фото: Эрон президенти матбуот хизмати

Унинг айтишича, мамлакатнинг баъзи ҳудудларида ер йилига 30 сантиметргача чўкмоқда. «Бу фалокатдир ва оёқларимиз остидаги сув тугаётганини кўрсатмоқда», деди Масъуд Пизишкиён.

Эрон – сувни чексиз деб билган ҳар бир жамият учун огоҳлантириш

Авваллари Теҳрон сувининг 70 фоизи тўғонлардан, 30 фоизи эса ерости манбаларидан олинарди. Лекин паст ёғингарчилик ва буғланишнинг ортиши натижасида тўғонлардан олинадиган сув қисқариб, босим ерости сувларига тушмоқда. Натижада сувлар сўриб олинган ҳудудда чўкишлар пайдо бўлмоқда.

Times нашрининг сув муаммолари бўйича таҳлилчиси Ник Кавсарнинг ёзишича, бу йил ёз давомида Эроннинг сув инқирози фавқулодда вазиятга айланди.

Фото: Getty Images

«Қудуқлар қулаб тушди, баъзи сув омборлари қуриди. Теҳронда кранлар куннинг ярмига келибоқ қуруқ қолди. Давлат ОАВлари Теҳрон бир неча ҳафтада сув ресурслари талабни қоплай олмайдиган нуқтага етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантира бошлади», деб ёзади асли эронлик таҳлилчи.

Ҳаво ҳароратининг ошиши ва электр узилишлари фонида миллионлаб эронликлар жазирама остида қолиб кетди. Шундай вазиятда, Эрон учун ноёб тарзда президент Масъуд Пизишкиён ўзининг муваффақиятсизлигини тан олиб, муаммони ҳал қилган одамга тахминан 1 миллион доллар мукофот ваъда қилди.

Сув муаммоси қаердан пайдо бўлди?

Эрон оддий қурғоқчиликка дуч келгани йўқ. Эрон «сув банкротлиги»ни бошидан кечирмоқда, бунда талаб таъминотдан анча юқори. Сув хавфсизлигининг қулаши ўнлаб йиллар давомида шаклланган бўлиб, гидрология ва экологик мувозанатни эътиборсиз қолдирган тўғонлар, чуқур қудуқлар ва сувни бошқа ҳавзалардан кўчириш каби мегалойиҳаларга бўлган «мания»дан келиб чиққан.

Фото: Getty Images

Ник Кавсарнинг таҳлилларига кўра, Эроннинг сув инқирози асосан Шоҳ Паҳлавий даврида бошланган нотўғри модернизация ва кейинги йиллардаги нотўғри сиёсатлардан келиб чиққан. Шоҳ ғарбда кўрган йирик тўғонлар ва моторли қудуқларни жорий қилиб, қадимий канат тизимларини четга сурди, бу эса ер остида сув тўпланган табиий қатламларининг тез қуришига олиб келди. Ислом Республикаси даврида ҳам қудуқлар сони икки баравар кўпайиб, юзлаб янги тўғонлар режалаштирилди. Рафсанжоний даврида «сув мафияси» шаклланиб, ресурслардан фойда кўриш устувор бўлди, натижада дарёлар қуриди, Урмий кўли йўқолди ва унумдор ерлар чўлга айланди. Натижада, бугунга келиб, миллионлаб одамлар ичимлик сувисиз қолмоқда. Аммо ҳукумат сув билан боғлиқ мегалойиҳаларини давом эттирмоқда.

Фото: New York Times

Ечимлар

Мутахассиснинг таъкидлашича, Эронга мустақил ва сиёсатдан мустасно сув агентлиги керак.

«Мамлакат аллақачон «сув банкротлиги»га етди, яширин захиралар қолмади. Мутахассислар сув истеъмолини янгиланадиган ресурсларнинг 40% дан оширмасликни тавсия қилади, акс ҳолда дарё, ботқоқлик ва ер ости захиралари йўқолади. Ҳақиқий режа – сув истеъмолини табиий таъминотга мослаштириш, сув талабчан экинлардан воз кечиш, «ақлли деҳқончилик»ка ўтиш, томчилаб суғориш, сув тежаш ва қадимий сувни қайта тўлдириш усулларини тиклашдир».

Фото: Getty Images

Яна бир катта муаммо – Теҳрондаги инфратузилма. Ник кавсарга кўра, Теҳроннинг учдан бир суви тешик қувурлардан йўқолмоқда. Шу сабабли сизиб чиқишни аниқлаш, босим назорати, оқова сувни қайта ишлатиш каби ақлли шаҳар тизимларини жорий этиш керак.

Бундан ҳам ачинарлиси сув инқирози Эрон чегарасида тўхтамайди: Ироқ ва Афғонистон билан умумий дарёлар бўйича можаролар минтақадаги янги хавфсизлик инқирозига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса вазият ечим ўлароқ, глобал стандартларни олиб киришни талаб қилади, дейди таҳлилчи.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид