Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия биз учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи – Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти «Марказий Осиё - Россия» форматидаги иккинчи саммитда Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябр куни Тожикистон пойтахти Душанба шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё - Россия» форматидаги иккинчи саммитда иштирок этди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон раислигида ўтган тадбирда Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида Россия президенти Владимир Путинга Марказий Осиё билан кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантириш тарафдори бўлиб келаётгани учун миннатдорлик билдириб, унинг табиий шериклар бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлигига янги суръат беришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
- Россия биз учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлайман. Умумий тарих, кўп асрлик алоқалар, халқларимизнинг маданий ва дунёқараш жиҳатдан яқинлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар бундай ҳамкорликнинг мустаҳкам ва ўзгармас асоси ҳисобланади, - деди Ўзбекистон етакчиси.
Жаҳон иқтисодиётидаги тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик ва инқирозли ҳолатлар, шунингдек, юзага келаётган янги хавф-хатар ва таҳдидлар «Марказий Осиё - Россия» форматида янада яқин мувофиқлашув ва ҳамкорликни тақозо этаётгани қайд этилди.
Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси минтақа мамлакатларининг Россия билан ҳамкорлиги истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Энг аввало, тизимли сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва аниқ натижага қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.
Шу боис, Ўзбекистон президенти ҳар йили олий даражадаги учрашувларни, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудларнинг мунтазам мулоқотларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

2027 йилга қадар қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган янада батафсил «йўл харитаси»ни тайёрлашни таклиф этди.
Давлат раҳбари мамлакатларимиз транзит-транспорт салоҳиятидан, энг аввало, «Шимол - Жануб» йўлаги доирасида самарали фойдаланиш ғоят муҳим эканини таъкидлади.
- Биз автомобил, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш ва шу асосда инфратузилмавий шерикликнинг комплекс режаси – мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ташқи хавф-хатарларга нисбатан барқарор бўлган интеграциялашган, ўзаро боғлиқ минтақавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш бизнинг пировард мақсадимиз бўлиши зарур, - деди Мирзиёев.
Яна бир устувор йўналиш сифатида барқарор ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш белгиланди. Шу маънода, бугунги кунда Ўзбекистон Россиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперациясини фаол кенгайтираётгани, газ-кимё тармоғида йирик стратегик лойиҳалар амалга оширилаётгани, замонавий мис бойитиш хаби ташкил этилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, Россия билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам минтақа барқарорлигининг омили бўлиб қолади. Бугунги кунда газ қувурлари ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
- Шу кунларда тарихий бир воқеа бўлиб ўтади – Ўзбекистонда барпо этиладиган атом электр станциясининг биринчи реактори ва кўптармоқли ядро тиббиёти маркази қурилиши бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилади, - деди президент.
Ушбу йўналишда кенг илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш - Ўзбекистонда Атом энергетикаси бўйича минтақавий компетенциялар марказини таъсис этиш, шунингдек, Москва муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали негизида Кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон президенти минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди.
- Терроризм, экстремизм, радикализм, уюшган жиноятчилик, одам савдоси ва наркотрафикларга қарши курашда махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг яқин ҳамкорлигини янада кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Янги кибертаҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича биргаликда чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз, деди Мирзиёев.
Сўзининг якунида Ўзбекистон президенти минтақанинг барча мамлакатлари хавфсизлиги, барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида Россия билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиши қатъий эканини яна бир бор таъкидлади.
Тадбир якунида Қўшма коммюнике ва устувор йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 2025 - 2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.