Жаҳон | 19:35 / 12.10.2025
12939
11 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина Россиянинг Донбасс бўйлаб ичкарилашини тўхтатишга эришди

Аммо бу фронтнинг бошқа участкаларида мудофаани заифлаштириш ҳисобига рўй берди. Бу энди украин қўшинлари учун қандай муаммоларни келтириб чиқаради?

Украина қуролли кучлари Донбасс марказида Россия армиясининг ҳужумини тўхтатишга муваффақ бўлди. Бироқ, бунинг учун катта тўлов қилишга тўғри келди: август ойида Украина қўмондонлиги Россия қуролли кучларининг Покровск ва Константиновка оралиғида ёриб ўтиш жойига («Добропиля ёриғи») бошқа йўналишлардан катта кучларни олиб келиб ташлади; натижада қўшимча кучлар олинган йўналишларда украинлар мудофааси заифлашган. Хусусан, Россия қўшинлари Шимолий Дон дарёсининг иккала қирғоғи бўйлаб Словянск томон ҳаракатланиб, Украина қуролли кучлари 2022 йил кузидан бери муваффақиятли мудофаа қилиб келаётган Креминск ўрмонларини эгаллаб олди. Россиянинг яна бир гуруҳи Днипропетровск ва Запорижжя областлари чегараси бўйлаб ғарбга деярли тўсиқсиз ҳаракатланмоқда. Бундан ташқари, Запорижжя жанубида, Запорижжя областининг Орихив шаҳри яқинида ҳамда Харкив области шарқидаги Купянск атрофида ҳам нисбатан кичикроқ миқёсдаги инқирозлар юзага келган.

«Добропиля ёриғи»

Фронтнинг Покровск ва Константиновка оралиғидаги участкасида сўнгги ҳафталарда кўп нарса ойдинлашди. Агар августда ва сентябр бошида бу ҳудуддан фақат бир неча видео эълон қилинган бўлса (асосан Украина қуролли кучлари мудофаасига чуқур кириб борган россиялик ҳарбийларга қарши украинларнинг қарши ҳужумлари акс этган кадрлар), энди геолокацияси аниқланган видеолар орқали бу амалиётнинг тўлиқ хронологиясини тузиш ҳамда фронт чизиғининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш мумкин (буни амалга ошириш ҳали ҳам қийин, чунки чинакамига яхлит чизиқ шунчаки йўқ).

Август ойи бошида Россиянинг 51-армияси бўлинмалари нисбатан кичик кучлар билан Украина мудофаасига Заповедне (собиқ Никаноровка) ҳамда Владимировка ўртасидан 20 километр масофада чуқур кириб келганди ва Добропиля – Краматорск йўлига чиққанди. Шунингдек, РФ қуролли кучлари ҳарбийларини Добропилянинг шимоли-шарқий чеккаларида учратишган.

Август ўрталарида Украина қуролли кучлари Добропиляга турли йўналишлардан (асосан Суми областидан, шунингдек, Купянск, Часив Яр, Днипропетровск области шарқидан ҳам) захира кучларни олиб келди. Бу эса РФ қуролли кучларини Добропиля – Краматорск йўлидан улоқтириб ташлашга имкон берди. Аммо РФ қуролли кучларини ушбу йўналишда эгаллаган барча ҳудудлардан сиқиб чиқаришга бўлган уринишлар (Заповедне, Новоторецкда рус қўшинларининг ғарбий қанотига ҳамда шарқий қанотда Панковкага зарбалар бериш орқали) муваффақият келтирмади.

РФ қуролли кучлари ҳам ушбу йўналишга қўшимча кучларни тортиб келганди. Биринчидан, бунгача асосий кучларини Добропиля йўналишида эмас, Покровскдан шимоли-шарқда жамлаган 51-армия (Родинск шаҳри ҳудудида), ёриб ўтилган ҳудудга қўшимча кучлар юборди. Иккинчидан, бунгача Константиновкага жануби-ғарбдан ҳужум қилаётган 20-мотоўқчилар дивизиясининг бир қисми ғарбга – Новоторецк атрофига олиб ўтилди (Украина қуролли кучлари бу ерда қарши ҳужумга ўтганди). Ниҳоят, сентябрда Добропиляга Суми областидан Россия денгиз пиёдаларининг камида тўртта бригадаси кучлари олиб келинди.

Октябр ойи бошига келиб, РФ қуролли кучлари ушбу йўналишда вазиятни барқарорлаштиришга эришди: Украина томонидан эълон қилинган видеода РФ қуролли кучлари Заповеднийдан ғарбдаги Дорожнеда, шунингдек, шимолроқдаги Нове Шаховода тургани акс этган. Бироқ, украин манбалари Украина қуролли кучлари яна қарши ҳужум уюштиргани ҳамда Дорожнени ҳам, Нове Шаховони ҳам қайтариб олганини маълум қилган (бунга визуал тасдиқ йўқ; Украина қуролли кучлари Заповеднени озод қилганига ҳам). Шарқий қанотда денгиз пиёдалари бригадалари Шахово ҳамда Софиевкага яқинлашиб келган. Бу қишлоқлар руслар қўлига ўтадиган бўлса, 51-армия қанотлари хавфдан холи бўлади.

Эълон қилинган видеога кўра, ёриб ўтилган йўналишнинг олдинги учида Россия қўшини Кучеров Яр, Золотой Колодез ҳамда Волнийдаги позицияларни ўзида сақлаб қолмоқда.

Россия қўшинлари вазият тўлиқ барқарорлашганидан кейин ҳам Добропиля ёки Краматорскка ҳужумни давом эттира олиши даргумон. Бунга логистика билан боғлиқ қийинчиликлар халақит бермоқда. РФ қуролли кучлари йўллар ва йирик аҳоли пунктларини назорат қилмаяпти, бу уларга яқин орқада хавфсиз куч тўплаш ва дронлар зарбаларидан яшириниш имконини бермайди.

Қисман Россия кучлари учун Шахово ва Софиевкани босиб олиш вазиятни яхшилаши мумкин эди, аммо Покровск ва/ёки Константиновкани ишғол қилмасдан туриб, Краматорсккача силжиш даргумон.

Покровскнинг бутун жануби «кулранг зона» бўлиб қолмоқда. Россия ҳарбийлари вайрон бўлган кварталлар бўйлаб ҳатто марказгача етиб боради, аммо шаҳарда мустаҳкам ўрнашиб қололмайди.

Торецк ва Часив Яр томондан ҳужум қилаётган РФ қуролли кучлари Константиновканинг жануби-ғарбий чеккасига етиб келди. Бундан ташқари, Россия мудофаа вазирлиги таъкидлашича, Часив Яр шимолида Россия қўшинлари Украина қуролли кучлари мудофаасига чуқур кириб борган ва Константиновкани шимолдан деярли қуршаб олган. Бунга визуал исбот йўқ.

Шимолий Дон

Россия қўшинлари бир неча йиллик жанглардан сўнг Шимолий Дон дарёсининг шимолий қирғоғидаги улкан ўрмон хўжалиги – Кременск ўрмонларини эгаллаб олди. Бунга иккита жойдан ёриб ўтиш эвазига эришилди: дарёнинг жанубий соҳили бўйлаб Белоҳоривкадан Серебрянкага ва ундан кейин Дроновкага; ва Шимолий Доннинг шимолий ирмоғи – Черний Жеребец дарёси бўйлаб – Торскоэ орқали Ямпилга. Ўрмондаги украин қўшинлари, катта эҳтимол билан, Дроновка орқали Шимолий Доннинг қарама-қарши қирғоғига чекинган.

Сентябр ойи охирига келиб, Россия қуролли кучлари Украина қуролли кучларини Торское билан қўшни Заречное посёлкасидан сиқиб чиқарди, шундан сўнг улар Ямпилга ёриб ўтиб, посёлканинг бир қисмини эгаллаб олди.

Шимолий Доннинг нариги қирғоғида рус қўшинлари Дроновка ва Северск шаҳрининг шимолий чеккаларига яқинлашди. Бир вақтнинг ўзида Россия қуролли кучлари Северскка шарқ ва жанубдан катта ҳужум бошлади, у ерда Вемка қишлоғининг бир қисмини, шунингдек, Федоровка ва (қисман) Переездное қишлоқларини эгаллаб олди.

Шимолий Донга ҳужум Украина қуролли кучлари Северск (шаҳар пастликда жойлашган; РФ қуролли кучлари шарқ ва шимолдаги баландликларни эгаллаган) ва дарёнинг шимолий қирғоғидаги йирик йўллар тугуни ҳисобланган Лиман шаҳрини бой бериши билан якунланиши мумкин.

Лиман аллақачон деярли кесиб қўйилган: рус қўшинлари Лиман шимоли-ғарбидаги Сандриголово қишлоғини эгаллаб, Лиман – Изюм йўлига яқинлашган; Лиманга таъминот етказиб беришнинг ягона йўли Райгородка яқинида (Словянск чеккаси) Шимолий Донни кечиб ўтиш бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, стационар темирйўл ва автомобил кўприклари вайрон бўлган, паром ўтиш жойи эса Россия авиацияси зарбалари нишонига айланган. Шимолий соҳилдаги қўшинларнинг катта гуруҳига таъминот етказиб туриш қийин бўлади.

Аммо Украина қуролли кучлари гуруҳининг олдинги чизиқлари ортида дарё мавжудлиги нафақат салбий, балки ижобий жиҳатларга ҳам эга: РФ қуролли кучларини шимолий соҳил атрофида узоқ вақт ушлаб туриш мумкин бўлади, шунинг учун Лиман таслим бўлган тақдирда ҳам Словянскка бевосита таҳдид юзага келмайди. Бироқ, РФ қуролли кучлари Северскни босиб оладиган бўлса, рус қўшинлари жанубий қирғоқ бўйлаб ҳужумни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Россиянинг Лиманга ҳужуми бу йўналишда ҳаракат қилаётган Украина гуруҳининг кучларини парчалаб ташлади (3-армия корпуси, илгари – «Кременная» тактик гуруҳи). 3-штурм бригадаси ва корпуснинг бошқа кучлари Лиманни ҳимоя қилаётган қўшинлардан узилиб қолди. Аммо шунга қарамай, 3-штурм бригадаси шаҳар мудофаасига ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун улар Россия гуруҳининг шимолий қанотига ҳужум қилмоқда. Украина қуролли кучлари Редкодуб қишлоғини озод қилишга муваффақ бўлди, аммо 10 километр жанубда Шандриголовога ҳужум қилаётган душман бўлинмалари ортига ўта олмади.

Днипропетровск области

Россия қўшинлари нафақат Добропиля яқинидаги ёриб ўтиш участкасида, балки Покровскдан жанубда – Днипропетровск, Донецк ва Запорижжя областлари чегаралари туташган жойда ҳам қўшимча кучга эга бўлди. Бу ерда Россия қуролли кучлари Волчя дарёси жанубида Гуляйполе йўли (Запорижжя областидаги мустаҳкамланган шаҳар ва йўллар тугуни) – Покровское қишлоғи (Украина қуролли кучларининг муҳим логистика маркази) йўналишида ҳужум қилмоқда. Волчя дарёсининг жанубий қирғоғига Россия қўмондонлиги илгари шимолий соҳилда ҳаракат қилган 90-танк дивизияси («Центр» гуруҳи) қисмларини ташлади. «Восток» гуруҳининг бўшаган бўлинмалари Гулайполе томон ҳаракатланаётган қўшинларни кучайтирди.

Добропиля ҳудудига бир нечта қўшилмалар жўнатилгандан сўнг Украина қуролли кучларининг ушбу участкадаги мудофааси «мобил» характер касб этган: Украина кучлари мустаҳкам яхлит фронт яратиш имкониятига эга бўлмаса ҳам, Россия ҳужумини қарши ҳужумлар билан секинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Украина қуролли кучлари баъзи аҳоли пунктларини вақтинча озод қилишга муваффақ бўлган эса-да, Россия қуролли кучлари бир неча ой ичида турли участкаларида 12–17 километр масофада илгарилади. Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Вербовое қишлоғи марказидан Гуляйполе – Покровское йўлигача 10 километрга яқин масофа қолган. Украина манбалари таъкидлашича, украин ҳарбийлари қарши ҳужум натижасида Вербовоени қайтариб олган, аммо бунинг визуал тасдиғи йўқ.

Бундан ташқари, русларнинг 90-танк дивизияси қўшинлари Ивановка яқинида Волчяни кесиб ўтди ва энди Новопавловкага шимолий йўналишда ҳужум бошлаш билан таҳдид қилмоқда, бу эса Украина қуролли кучларининг Покровскдан ғарбда мудофааланаётган бўлинмаларини оғир вазиятга солиб қўйиши мумкин.

Запорижжя области

Запорижжя областида Украина қуролли кучлари мудофаасида шарқдан келаётган қўшинлар Гулайполега таҳдид солаётганидан ташқари муаммолар ҳам бор.

Россия қуролли кучлари Орихив шаҳрига ҳужумни қайта бошлади (2023 йил ёзида Украинанинг қарши ҳужуми пайтида асосий фронт орти базаси бўлган). Россия қўшинлари жанубдан (Работине қишлоғи харобалари томондан) ва шарқдан (Кичик Токмачка орқали) шаҳарга яқинлашмоқда.

Россия қуролли кучлари ғарбда Днипро бўйлаб (аниқроғи, 2023 йилда тўғон портлаганидан кейин мавжудлигини йўқотган Каховка сув омборининг эски қирғоғи бўйлаб) босимни кучайтирмоқда. Россия қўшинлари дастлаб Каменское посёлкасини, сўнгги бир ойда эса Степногорск посёлкаси ва Приморское қишлоғининг жанубий қисмларини эгаллади. Агар улар Приморе шимолидаги Конке дарёси бўйига чиқадиган бўлса, Россиянинг кичик камикадзе дронлари операторлари Запорижжя шаҳрининг ўзига ҳужум қилиш имкониятига эга бўлади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид