Соғлом ҳаёт | 20:11 / 14.10.2025
2399
5 дақиқада ўқилади

Глобал умр кўриш давомийлиги пандемиягача бўлган даражага қайтди, аммо ўсмирлар ва ёшлар орасидаги ўлим ҳолатлари ортган – IHME

Таҳлилларга кўра, сўнгги етмиш йилда инсон умрининг ўртача давомийлиги 20 йилга узайган. 2023 йилда аёллар учун ўртача умр қўриш 76,3 йилни, эркаклар учун эса 71,5 йилни ташкил этган. Бироқ дунёнинг айрим малакатларида ўсмирлар ва ёшлар орасида ўлимлар сони ортган. Бунга асосан руҳий саломатликдаги инқироз, гиёҳвандлик ва спиртли ичимликлар истеъмоли сабаб сифатида келтирилган.

Фото: WHO

Вашингтон университети Тиббиёт мактаби ҳузуридаги соғлиқни ўлчаш ва баҳолаш институти (IHME) томонидан ўтказилган янги тадқиқотга кўра, 1950 йилга нисбатан инсонлар ҳозирда ўртача 20 йил кўпроқ яшамоқда. Изланишлар доирасида ўрганилган 204 та мамлакат ва ҳудуднинг барчасида ўлим кўрсаткичлари камайган. Бироқ ўсмирлар ва ёшлар орасида ўлим даражаси ортган.

2023 йилда аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 76,3 йилни, эркакларники эса 71,5 йилни ташкил қилган. Яъни пандемия давридаги қисқаришдан сўнг, умр давомийлиги яна аввалги — Covid’дан олдинги даражага қайтган.

Covid-19 2021 йилда ўлимнинг етакчи сабаби бўлган бўлса, 2023 йилга келиб у 20-ўринга тушган. Юрак касалликлари ва инсулт эса яна дунё бўйича ўлимнинг асосий сабаблари сифатида биринчи ўринни эгаллаган.

Тадқиқотда айтилишича, ҳозир дунёда одамлар асосан юқумли касалликлардан эмас, бошқа турдаги хасталиклардан вафот этмоқда. Яъни илгари кўп учраган қизамиқ, ич суриш ёки сил каби касалликлардан ўлимлар кескин камайган.

Бугунги кунда юқмайдиган (сурункали) касалликлар дунё бўйича барча ўлимларнинг учдан икки қисмини ташкил этади. Юрак касалликлари ва инсултдан ўлимлар 1990 йилдан бери озайган бўлса-да, диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ва Алцгеймер касалликлари бўйича ўлимлар ортган.

IHME директори, профессор Кристофер Мюррей айтишича, дунё аҳолиси тез қариб бормоқда ва соғлиқ учун хавфли омиллар ҳам ўзгаряпти. Бу эса глобал соғлиқни сақлаш тизими учун янги босқични бошлаб берди. Унга кўра, тадқиқот натижалари ҳукуматлар ва соғлиқни сақлаш раҳбарларига огоҳлантириш бўлиши керак — улар ўзгариб бораётган соғлиқ муаммоларига тез ва аниқ чоралар кўришлари зарур.

Дунё бўйлаб учраётган касалликларнинг деярли ярми аслида олди олиниши мумкин бўлган хасталиклар ҳисобланади. Негаки уларнинг кўпи инсоннинг ўзи ўзгартира оладиган омиллар, масалан, нотўғри овқатланиш, ҳаракатсизлик ёки спиртли ичимлик истеъмоли билан боғлиқ.

Энг катта таъсирга эга бўлган 10 та хавф омили орасида: юқори қон босими, чекиш, холестерин миқдорининг ошиши, диабет ва семириш бор. 2010 йилдан 2023 йилгача одамларнинг семириш даражаси 11 фоизга, қон шакарининг кўплиги эса 6 фоизга ошган. Яъни бу омиллар соғлиқ муаммоларининг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.

Атроф-муҳит омиллари, жумладан, ҳаводаги заррачалар билан ифлосланиш ва қўрғошин таъсири ҳам энг муҳим хавф омиллари қаторида. Шунингдек, чақалоқларда паст тана вазни ва муддатидан олдин туғилиш каби омиллар саломатликка сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Руҳий саломатлик масаласи ҳам глобал ўлим даражасига кучли таъсир қилмоқда: хавотир ва тушкунлик (депрессия) билан боғлиқ касалликлар кескин кўпайган.

Энг нохуш кўрсаткич: жаҳон аҳолиси ўсиб бораётган ва қариётган бир пайтда, дунёнинг баъзи қисмларида болалар ва ёшлар ўртасидаги ўлим даражаси ошмоқда. Сўнгги ўн йил ичида 20–39 ёш оралиғидаги ёшлар орасида ўлимлар сони энг кўп Шимолий Американинг бой мамлакатларида ортган. Бунинг асосий сабаблари суицид (ўз жонига қасд), гиёҳвандликдан ўлим ва спиртли ичимликни ҳаддан ортиқ истеъмол қилишдан иборат.

5–19 ёш оралиғидаги болалар ва ўсмирлар орасидаги ўлимлар эса Шарқий Европа, Шимолий Америка ва Кариб ҳавзаси давлатларида, шунингдек, Саҳройи Кабир жанубидаги Африкада кўпайган. Бу ҳудудларда ўлим, асосан, юқумли касалликлар ва тасодифий жароҳатлар билан боғлиқ.

5–14 ёшдаги болалар саломатлигидаги энг асосий хавф омили темир етишмовчилиги бўлган. Кейинги ўринларда эса нотоза сув, санитария ва гигиена шароитлари ҳамда тўйиб овқатланмаслик туради. 15–49 ёш оралиғидаги одамлар учун энг катта хавф омиллари — ҳимоясиз жинсий алоқа, иш жойидаги жароҳатлар, семизлик, юқори қон босими ва чекиш ҳисобланади.

IHME умумий ҳисоб-китобларига кўра, умр давомийлиги энг юқори даражада ривожланган мамлакатларда 83 йилни, қолоқ давлатларда 62 йилни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид