Жаҳон | 23:35 / 12.01.2026
1484
5 дақиқада ўқилади

Ўлдингми? – Хитойда ёлғиз одамлар учун мўлжалланган илова оммалашди

Тирик эканингизни тасдиқлаш учун унда ҳар икки кунда бир марта белги қўйиш - катта яшил тугмани босиш керак. Агар бундай қилинмаса, илова фавқулодда вазиятлар учун фойдаланувчи кўрсатган контакт билан боғланади ва фойдаланувчига бирор нарса юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар беради.

Фото: Getty images

Машъум номга эга янги илова Хитойда шиддат билан оммалашиб бормоқда, деб хабар берди BBC. Хитой тилида Sileme («Ўлдингми?») деб номланувчи дастур жуда содда тузилган. Тирик эканингизни тасдиқлаш учун ҳар икки кунда бир марта белги қўйиш - катта яшил тугмани босиш керак. Агар бундай қилинмаса, илова фавқулодда вазиятлар учун фойдаланувчи кўрсатган контакт билан боғланади ва фойдаланувчига бирор нарса юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар беради.

Илова ўтган йил май ойида ишга туширилган эди, бироқ фақат сўнгги ҳафталарда оммалашди: уни Хитойдаги ёлғиз яшовчи одамлар оммавий равишда юклаб ола бошлади, натижада, энг кўп юклаб олинадиган пулли иловага айланди.

2030 йилга бориб, Хитойда якка ёлғиз одам яшайдиган уй хўжаликлари сони 200 миллионга етиши мумкин, деб ёзди Хитойнинг Global Times давлат нашри. Ўзини «хавфсизлик ҳамроҳи» деб атайдиган ушбу илова айнан шундай одамларга мўлжалланган: ёлғиз яшайдиган офис ходими, уйдан узоқда яшайдиган талаба ёки онгли равишда ёлғиз ҳаёт тарзини танлаган одам.

«Ҳаётининг ҳар қандай босқичида ёлғиз яшайдиган одамлар интровертлар, депрессияга чалинганлар, ишсизлар ва бошқа заиф аҳволдаги одамлар каби нимагадир муҳтож бўлади», деб ёзди Хитой ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

«Қўрқинчли томони шундаки, ёлғиз яшаётган одам ҳеч кимга сездирмасдан ўлиб қолиши мумкин ва ҳеч кимни ёрдамга чақира олмайди. Баъзан ўйлаб қоламан: ёлғиз ўлиб кетсам, жасадимни ким олиб кетади?», деб ёзди яна бири.

38 ёшли Уилсон Хоу оиласидан тахминан 100 км узоқликда яшайди ва айнан шу сабабли ушбу иловани юклаб олганини айтади. У пойтахт Пекинда ишлайди. Уйига, хотини ва фарзанди олдига ҳафтада икки марта қайтади, аммо ҳозир, унинг сўзларига кўра, лойиҳа устида ишлаётгани туфайли улардан узоқда бўлишга мажбур ва кўп вақтини иш жойида ўтказади.

«Агар менга бирор нарса бўлса, ижара уйда ёлғиз ўлиб кетишим мумкинлигидан хавотирдаман ва бу ҳақда ҳеч ким билмай қолади, - деди у. - Шунинг учун мен иловани юклаб олдим ва онамни фавқулодда контакт сифатида кўрсатдим».

Баъзилар ҳақиқатан ҳам иловани унчалик қувноқ бўлмаган номи учун танқид қилади ва унда рўйхатдан ўтиш бахтсизлик келтириши мумкинлигини айтади. Бошқалар эса номни ижобийроқ маънога ўзгартиришга чақиради. Ушбу илованинг муваффақияти қисман унинг ёрқин номи билан изоҳланса-да, Moonscape Technologies ишлаб чиқарувчиси танқидларни инобатга олганини ва номни ўзгартириш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди.

Халқаро бозорда илова Demumu номи билан тақдим этилган ва аллақачон АҚШ, Сингапур ва Ҳонконгда топ-2 га кирган, шунингдек, Австралия ва Испанияда топ-4 пулли дастурлар қаторига кирди - эҳтимол, чет элда яшовчи хитойлик фойдаланувчилар туфайли.

Дастлаб илова бепул ишга туширилган эди, аммо энди у пулли тоифасига ўтди - арзонроқ нархда 8 юан (1,15 доллар) бўлса ҳам.

Таъкидланишича, иловани яратиш учун тахминан 1000 юан (140 доллар) сарфланган. Ҳозир унинг нархи сезиларли даражада ошган. Таъсисчилардан бири, Го номи билан танилган шахс компаниянинг 10 фоиз улушини бир миллион юанга сотиш орқали сармоя киритишни режалаштираётганини айтди.

Бундан ташқари, улар мақсадли аудиторияни кенгайтириш, қариялар учун махсус мўлжалланган янги маҳсулотни чиқариш имкониятини ўрганмоқда. Бу аҳолининг бешдан бир қисмидан кўпроғи 60 ёшдан ошган одамлар бўлган Хитой учун жуда долзарбдир.

Ушбу ниятнинг жиддийлигини тасдиқлаш учун компания дам олиш кунлари қуйидаги хабарни эълон қилди: «Биз уйда ёлғиз яшовчи қарияларга кўпроқ эътибор беришга, уларга кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишга чақирмоқчимиз. Уларнинг орзулари бор, улар яшашга интилади ва улар ҳурмат билан ҳимояга лойиқдир».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид