Ўзбекистон | 23:08 / 15.10.2025
4945
4 дақиқада ўқилади

Президент «Янги авлод» махсус саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлиб, алюмин қадоқ ишлаб чиқариш, салқин ичимликлар қуйиш корхонаси фаолияти билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Anglesey Food” масъулияти чекланган жамиятининг маҳсулотларни сақлаш ва тақсимлаш маркази фаолияти билан танишди.

“Янги авлод” махсус саноат зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур корхона “Korzinka” дўконлар тармоғи учун маҳсулотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматларини кўрсатади.

Корхона 10 гектар майдонда жойлашган бўлиб, 49 минг квадрат метр ҳудудига омбор жойлаштирилган. Қурилиш материаллари ва музлаткич камералар учун жиҳозлар Хитой, Туркия, Беларус ва Россиядан келтирилган.

Ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги “А” синфига кирувчи энг йирик тақсимот маркази ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида 145 та дарвозада текисловчи мосламалар юклаш ҳамда юкни тушириш имконига эга. Марказда 4 хил ҳароратли ҳудуд мавжуд. Шу боис, маҳсулотлар турига қараб музлаткичда, паст ҳароратли совитиш камераларида ҳамда қуруқ жойда сақланади.

Шунингдек, марказда туну кун ишловчи 96 та синов усулига эга махсус лаборатория барпо этилади. 1 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

- Сўнгги саккиз йилда 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция кириб келди, бу қанчадан қанча завод ва корхоналарга айланди. Бугун ҳам яна бир катта лойиҳа - янги халқаро аэропорт қурилишини бошладик. Унга Саудия Арабистони, Япония, Корея инвестиция киритяпти. Бу ўз ўзидан бўлмайди. Бу - мамлакатимиз келажагига бўлган катта ишонч белгиси, деб таъкидлади президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлиб, алюмин қадоқ ишлаб чиқариш, салқин ичимликлар қуйиш корхонаси фаолияти билан танишди.

Ҳудуддаги истиқболли лойиҳалардан бири “East Can Solutions” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Бу ерда алюмин қадоқ ишлаб чиқариш ва салқин ичимликлар қуйиш мажмуаси ташкил этилди.

Президент лойиҳанинг истиқболи, у ерда тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Шу ерда лойиҳага расман старт берилди. Корхона 21 гектар ҳудудда жойлашган. Қиймати 90 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа асосан хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилмоқда.

Марказий Осиёдаги саноқли корхоналар сирасига кирувчи бу мажмуа АҚШ, Буюк Британия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Ишлаб чиқариш жараёни эса тўлиқ рақамлаштирилган.

Корхона қуввати босқичма-босқич ошириб борилади. Илк босқичда йилига 600 миллион дона, кейинги босқичларда эса 1,1 миллиард ва 2,2 миллиард дона алюмин қадоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткичлар нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки минтақавий миқёсда рақобатбардош маҳсулот экспорт қилиш имконини ҳам яратади.

Лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 60 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 20 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Маҳаллийлаштириш даражаси 90 фоизга етказилади. Эътиборлиси, корхонадаги барча лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши билан 500 та янги иш ўрни яратилади. Бюджет учун эса салмоқли солиқ тушумлари таъминланади.

Президентга “Янги авлод” махсус саноат зонасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида ахборот берилди.

Масъуллар саноат зонасининг умумий ривожланиш стратегияси, маҳаллийлаштириш, рақамлаштириш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича қилинган ишлар хақида маълумот берди.

Бу ерда озиқ-овқат, электротехника, машинасозлик, кимё ва қурилиш материаллари йўналишларида жами 1 миллиард 200 миллион долларлик 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарига уларнинг 28 таси тақдимот қилинди. Яқин истиқболда амалга ошадиган ушбу ташаббуслар амалга ошиши натижасида 7 минг 600 та янги иш ўрни яратилади.

Улар нафақат иқтисодий самара, балки янги иш ўринлари, экспорт салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш орқали ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилиши қайд этилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид