Жамият | 21:45 / 16.10.2025
22040
10 дақиқада ўқилади

Бозорда пичоқлаб ўлдирилган қизалоқ: бу қотиллик юз бермасди, агар...

Денов туманида 3 ёшли қизалоқ бозорда нотаниш аёл томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Қотил руҳий хаста бўлиб чиқди: таассуфки, аёл аввал ҳам бозорда ўғирлик қилган, руҳий хаста бўлгани учун суд унга тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаган, ижросини эса Денов туман ИИБга юклаганди. Аёлни руҳий хастахонага жойлаштириши керак бўлган профилактика инспектори суд ажримини “иш столи устида унутиб қолдиради”. Афсуски, бу “унутиш”нинг оқибати узоқ куттирмади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бозордан тирик қайтмаган қизалоқ

2025 йил 1 май. Аммаси билан Денов туманининг Бобур маҳалласидаги деҳқон бозорга борган 3 ёшли Ойша уйга тирик қайтмади: бозорда нотаниш аёл кутилмаганда унга ҳужум қилиб, қўлидаги пичоқ билан зарба берди. Барчаси сониялар ичида содир бўлди, қизалоқ ва унинг қўлидан ушлаб келаётган аммаси бир лаҳза нима бўлганини сезмай ҳам қолишди.

Қизалоқнинг жароҳатидан қон оқа бошлади, унга зарба берган аёл эса қўлидаги пичоқни намойишкорона бир четга улоқтириб, воқеа жойидан нари кетди. Ҳодиса шу ердаги кузатув камерасига тушиб қолганди.

Ойша олган оғир тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган. Унга пичоқ билан зарба берган аёл эса кўп ўтмай қўлга олинган. Бу 1995 йилда туғилган, Денов туманида яшовчи Сурайё Маматова эди. Аёлга нисбатан қасддан одам ўлдириш билан жиноят иши қўзғатилган. Кейинчалик унинг руҳий хаста экани ойдинлашган.

Бозорда ўғирланган телефон

Аслида Ойшанинг ўлими билан боғлиқ ҳолат содир бўлишида руҳий хаста аёлдан ташқари яна бир айбдор бор. Унинг кимлигини келтиришдан аввал яна бир жиноятга эътибор қаратиш зарур. Бу 2024 йил 1 октябр куни Денов туманининг Намозгоҳ маҳалласидаги бозорда содир қилинган ўғрилик жинояти.

Шу куни соат 7:45 ларда нотаниш аёл бозордаги савдо дўконига кириб, аввалига фуқаролардан бирининг нархи 2 млн сўмлик телефонини, сўнгра бошқа фуқаронинг нархи 600 минг сўмлик рўмолини ўғирлайди. Бу жиноятни ҳам Сурайё Маматова содир қилганди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва тергов ҳаракатлари олиб борилади. Жараёнда аёлнинг руҳий хаста экани аниқланади. Демак Сурайё Маматованинг руҳий хаста экани у Ойшани пичоқлаб ўлдиришидан 7 ой олдин маълум бўлган.

Аёл содир қилган ўғрилик жинояти учун судланган. Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди 2025 йил 20 январ куни, яъни Ойшанинг ўлимидан 3 ой олдин Сурайё Маматовага тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш, яъни уни мажбурий тартибда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиш ҳақида ажрим чиқарган.

Ушбу суд ҳужжатида келтирилишича, суд-психиатрия экспертизасининг 2024 йил 22 октябрдаги 192-сонли хулосасида Сурайё Маматовада руҳий касалликнинг “шизофрения симптомлари билан ўткир полиморф бузилишлар” тури белгилари кузатилиши аниқлангани қайд этилган. Хулосада аёл жиноят пайтида ўз ҳаракатларига жавоб бера олмайдиган ҳолда бўлгани айтилган ва уни Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Сурхондарё вилояти филиалида мажбурий даволаш тавсия этилган.

Суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига таяниб, суд Сурайё Маматова ўғрилик жиноятини ақли норасо ҳолатда содир қилган, деб топган ва жиноят ишини тугатган. Аёлга нисбатан умумий типдаги Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Сурхондарё вилояти филиалида мажбурий даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш белгиланган.

Суд ажримида Сурайё Маматовани мажбурий тартибда шифохонага жойлаштириш Денов туман ИИБ ҳамда тиббиёт бирлашмасига юклатилган.

Ҳавода қолган суд ажрими

Сурайё Маматовага тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш ҳақидаги суд ажрими уни ижро этиш бўйича масъул бўлган Денов туман ички ишлар бўлими ходими Алижон Расулов қўлига орадан 23 кун ўтиб, 2025 йил 12 феврал куни етиб борган. Бироқ ўша вақтда Сурайё Маматова яшайдиган Денов туманидаги Файзли маҳалласида профилактика инспектори вазифасида ишлаган Алижон Расулов масалани жиддий деб ўйламаган шекилли, суд ҳужжати ижросини таъминламаган.

Ўз ҳаракатларига жавоб бера олмайдиган Сурайё Маматова 2025 йил 1 майгача, яъни бозорда Ойшани пичоқлаб ўлдиргунга қадар очиқда юраверган. Шу тариқа, қизалоқнинг ўлимига ички ишлар ходимининг бепарволиги ҳам сабаб бўлиб қолган. Агар Алижон Расулов ўз вазифасига виждонан ёндашиб, суд ажрими ижросини ўз вақтида таъминлаганида Ойша ҳозир қабрда эмас, онасининг бағрида бўларди балки. Бу ўй-фикрлар қизалоқнинг яқинлари бағрини ҳам ўртаётгани аниқ.

Иккинчи уриниш

Суднинг Сурайё Маматовага тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш ҳақидаги 2025 йил 20 январдаги ажримидан сўнг орадан 6 ой ўтиб, 2025 йил 18 июл куни жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди яна шу мазмундаги ажрим чиқарди. Бу қизалоқнинг ўлими билан боғлиқ жиноятдан кейинги суд ажрими эди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси Руҳий касалликлар клиник шифохонаси Сурайё Маматова “Параноид шизофрения, узлуксиз кечиши” кўринишидаги сурункали руҳий касаллик билан оғриши, қотилликни содир қилган вақтда ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олиш қобилиятига эга бўлмагани, у Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволанишга муҳтож экани ҳақида хулоса берган. Шу тариқа, аёл қотиллик жиноятини ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилган ва жиноий жавобгарликдан озод қилиниб, унга нисбатан юритилган жиноят иши тугатилган.

Сурайё Маматовага қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинган ҳамда уни Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволаниш учун жойлаштириш белгиланган. Суд ажрими ижроси учун Денов туман ИИБ бошлиғига, 9-сонли тергов ҳибсхонаси раҳбарига ҳамда Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси бош шифокорига юборилган.

Эсимдан чиқиб кетибди”

Ойшанинг ўлимидан сўнг ички ишлар ходими Алижон Расуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бепарволиги билан қизалоқнинг ўлимига сабабчи бўлиб қолган ходимга 2025 йил 3 октябр куни суд ҳукми ўқилди.

Алижон Расулов судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда суд ажрими ижросини таъминлаш эсидан чиқиб кетганини айтган.

Менга 2025 йил 12 февралда Сурайё Маматовага нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш ҳақидаги суд ажримини ва уни ижро этиш учун юборилган хатни тақдим қилишди. Руҳий касал Сурайё Маматова маҳаллада отаси хонадонида биргаликда яшаб келган. Суд ажримининг ижросини таъминлаш мақсадида 14 февралда Сурайё Маматованинг яшаш хонадонига бордим. Чақирганимда хонадондан ҳеч ким чиқмади. Шу сабабли хонадонда ҳеч ким йўқлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирдим.

18 феврал куни Сурайё Маматованинг уйига борган вақтимда уни топишнинг имкони бўлмаганди ва хонадонида йўқлиги тўғрисида маҳалла раиси ва ёшлар етакчиси билан далолатнома туздим. Кейин 12 март куни Сурайё Маматовани топиш учун яна унинг уйига бордим. Аммо у йўқ экан. Отасидан сўраганимда у қизи опасиникига меҳмондорчиликка кетганини, руҳий ҳолати яхши эканини айтди. Бу гапларга ишониб ортга қайтдим.

Шундан сўнг унинг яшаш хонадонига бормадим. Суд ажрими хизмат хонамда эсимдан чиқиб қолиб кетди. Сурайё Маматовани тиббий муассасага олиб боришда ёрдам беришим керак бўлган бўлса-да, бироқ бошқа хизмат ишларим билан бўлиб, эсимдан чиқиб қолди. Бирор бир раҳбар ҳам эслатмади”, деган у суддаги кўрсатмасида.

Алижон Расулов қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган. Шунингдек, Ойшанинг онаси ҳам судда Алижон Расуловга даъвоси йўқлигини билдирган.

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг ҳукми билан Алижон Расулов мансабга совуққонлик билан қараш жиноятини содир қилишда айбли деб топилган. Унга 2,5 йил Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Назоратсиз руҳий хасталар

Кейинги вақтларда Ўзбекистонда руҳий ҳолати бузилган шахслар назорати борасида камчиликлар борлиги кўзга ташланмоқда. Буни Тошкент шаҳрида айиқ қафасидан тирик чиқиб, онаси томонидан пичоқлаб ўлдирилган 7 ёшли Зарина Аҳадова мисолида ҳам кўрдик.

Ўтган бир йилда республикада руҳий хаста шахслар томонидан ўнлаб жиноятлар содир этилган. Хусусан, 2 нафар вояга етмаган қиз руҳий носоғлом эркакларнинг ҳужумига учраган, 2 нафар қизалоқ эса пичоқлаб ўлдирилган. Биз бугун 3 ёшли Ойшанинг ўлимига сабаб бўлган бепарволикка назар ташладик. Аслида, кузатилаётган шу каби ҳар бир ҳолат ортида мана шундай бепарволик турган бўлиши мумкин. Жажжи қизалоқлар ўлимига сабаб бўлаётган ушбу ҳолатлар таҳлил қилиниши, хатолар устида ишланиши зарур.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид