Гиргиттонлик – кўплаб ёшлар учун вақтинчалик даромад манбаи. Бу иш ташқи томондан осон кўринади, бироқ официантлар ҳаётининг парда ортидаги оғриқли жиҳатлари кўпчиликка номаълум. Таомларни тез ва сифатли етказиш, кун бўйи тик оёқда ишлаш уларнинг кундалик масъулияти ҳисобланади. Аммо гиргиттонлар кези келганда сабрсиз мижозларнинг қўполлигини кўтариш, буюртмалар кўпайганда тушлик қилмай оч қолиш, мижозлар ҳисобни тўламай қочганда харажатни қоплашга ҳам мажбур. Ушбу кўрсатувда “Қалдирғоч” миллий таомлари ресторанида фаолият юритаётган ёшлар мисолида официантлик касбининг ҳақиқатлари, соҳадаги қийинчиликлар ва хўрандаларнинг таомланиш маданияти ҳикоя қилинади.

Ўзбекистонда гиргиттонлик вақтинчалик иш бўлиб, 17-35 ёш атрофидаги ёшлар ва талабалар орасида кенг тарқалган. Аксар университет талабалари дарсдан ташқари пайтда кафе ва ресторанларда ишлайди, шу тариқа ўқиш билан бирга ўз харажатларини қоплашга ҳаракат қилади.

Кўрсатув қаҳрамонларидан бири – 20 ёшли Римма Келлер ҳам пойтахтдаги хусусий университетлардан бирида молия йўналишида таҳсил олади. Мактабда катта синфга ўтган вақтидан ресторан соҳасига доир турли касбларда ишлаб кўрган. Ота-онаси унинг болалик пайтидаёқ ажрашиб кетган ва бошқа-бошқа оила қурган. Ўсмир қиз эса бувисининг қарамоғида қолган. Бувиси оламдан ўтганидан сўнг қиз холасининг уйида яшай бошлаган. Шундан кейин, оилага “оғирлигим тушмасин” деган мақсадда турли ишларни бажариб, даромад топган.

Аслида 16 ёшлиларни ишга олишмайди. Қўшниларимиз, таниш холалар билан бирга бориб иш ўрганардим. Кафе ва ресторан бошлиқларига вазиятим оғирлигини, ишламасам бўлмаслигини тушунтириб, опаларим иш топишимга ёрдам беришарди. 2 йилдан буён мустақил пул топаман. “Қалдирғоч” миллий таомларида фаолият юритаётганимга эса 7 ой бўлди”, – дейди Римма Келлер.

Айни пайтда абитуриент сифатида олий таълим муассасига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётган ва бир вақтнинг ўзида гиргиттонлик фаолиятини олиб бораётган Эломон Сайдуллаев 18 ёшда. Унинг официант сифатида иш бошлаганига 2 йил бўлган. Ҳозирда тунги сменада гиргиттонлик қилади.

Асосан кечқурун ишлайман, кундузи дарсларга бориб, тестга тайёрланаман. Баъзан уйга эрталаб чарчаб қайтаман, китоб ўқиб, машқ қилишга энергия тугаб қолади. Айрим пайтларда стресс ва чарчоқдан миямга дарс умуман кирмайди. Шу сабаб, бу йил ҳам талабаликка эриша олмадим. Ишга энди чиққан вақтларимда, яъни 2 йил аввал отам катта юк машинаси ҳайдовчиси, онам эса мактабда фаррош бўлиб ишларди. Оиладаги моддий аҳвол оғир бўлгани сабабли катталарга ёрдамлашиш учун пул олиб келадиган меҳнат билан шуғулланишга мажбур бўлганман. Вазиятим яхшиланганда, бор диққатимни ўқишга қаратиб, тестларга кучлироқ тайёрланар эдим