Ўзбекистон | 23:42 / 16.10.2025
3913
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аёллар эркаклардан кўпроқ умр кўриши маълум бўлди

Узоқ умр кўрувчиларнинг 66,3 фоизини аёллар, 34,6 фоизини эркаклар ташкил этмоқда.

Фото: Kun.uz

2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 90 ва ундан катта ёшдаги одам сони 18915 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда «Оила ва гендер» илмий тадқиқот институти хабар берди.

Қайд қилинишича, узоқ умр кўрувчиларнинг 66,3 фоизини аёллар, 34,6 фоизини эркаклар ташкил этади.

Шаҳар жойларида узоқ умр кўрувчилар сони қишлоқларга қараганда кўпчиликни ташкил этади (шаҳарда – 56,5 фоиз, қишлоқда – 43,5 фоиз).

Ҳудудлар кесимида узоқ умр кўрувчилар сони Фарғона вилояти (2582 нафар) Тошкент шаҳри (2155 нафар), Қашқадарё вилояти (2011 нафар), Сурхондарё вилояти (1799 нафар) ва Тошкент вилоятида (1740 нафар) юқори.

Демографик прогнозларга кўра, яқин келажакда Ўзбекистонда узоқ умр кўрувчилар сони мунтазам ошиб боради ҳамда 2030 йилда 45 мингга, 2040 йилда 94 мингга яқинлашади. Таъкидланишича, бу ўсишнинг асосий сабаби 1935–1950 йилларда туғилган авлоднинг узоқ умр кўрувчи ёшга кириши билан изоҳланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда умр кўриш давомийлигининг ортиши ҳам узоқ умр кўрувчилар сонининг кўпайишини таъминламоқда. Жумладан, 2010 йилда республикада ҳаёт давомийлиги ўртача 73 ёшни, 2024 йилга келиб эса 75,1 ёшни ташкил этган.

«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, узоқ умр кўришнинг энг муҳим омили – ижтимоий фаоллик ҳисобланади. Қайд қилинишича, узоқ умр кўрувчиларнинг 76,3 фоизи фаол ижтимоий ҳаёт тарзи инсонни руҳан ва жисмонан соғлом сақлашини таъкидлаган. Бу тенденция аёллар (76,4 фоиз) ва эркаклар (76 фоиз) ўртасида деярли бир хил даражада намоён бўлган.

Шу билан бирга, генетик омиллар ҳам аҳамиятли бўлиб, респондентларнинг 38,8 фоизи ўз оиласида узоқ умр кўрувчилар кўплиги ўзининг узоқ умр кўришига туртки бўлган деб ҳисоблайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид