Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампдан ракета сўраб келган Зеленский, Ғазода назорат сақлаб қолмоқчи бўлган Ҳамас ва Хитой армиясида «тозалаш» – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Зеленский ракета сўради
Украина президенти Володимир Зеленский 17 октябр куни АҚШга мамлакатининг Россияга қарши урушини давом эттириш учун қурол сўраб келди. АҚШ президенти Доналд Трамп Зеленский талаб қилаётган узоқ масофали ракеталарини бериш эҳтимолини инкор этмади, бироқ у бунга совуқ муносабат билдирди, чунки яқин ҳафталарда Россия президенти Владимир Путин билан Венгрияда бўладиган учрашувга тайёрланаётганини айтди.
Украина раҳбари очиқчасига Трампдан ракеталарни сўради. «Бизда Tomahawk йўқ, шунинг учун бизга Tomahawk керак», - деди Зеленский.
Трамп эса аниқ жавобдан қочди: «Биз, албатта, сизга улар керак бўлмаслигини хоҳлаймиз. Бизга ҳам Tomahawk керак. Мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган нарсаларни бермоқчи эмасмиз», - деди у.
Учрашувдан сўнг Зеленский уни «самарали» деб атади, бироқ узоқ масофали ракеталар ҳақида гапирмаслигини, АҚШ кескинликни оширишни истамаётганини ва у ўз имкониятларига «реал баҳо бераётганини» билдирди.
Сўнг улар ёпиқ эшиклар ортида давом эттирган суҳбатда Трамп ва Путин ўртасида ўтган кундаги телефон қўнғироғини ҳам муҳокама қилди.
Икки соатдан ортиқ давом этган суҳбатдан сўнг Трамп ҳам Украинага, ҳам Россияга «урушни дарҳол тўхтатиш»ни, зарурат туғилса, Украина ҳудудидан воз кечишини ҳам талаб қилди.
«Жанг чизиғида тўхтайсиз, иккала томон ҳам уйларига, оилаларига қайтишсин. Шунчаки қотилликни тўхтатинг. Жанг чизиғида тўхтанг. Мен буни Зеленскийга айтдим. Мен буни Путинга ҳам айтдим», - деди Трамп.
Бироқ Зеленский сулҳга эришиш нақадар қийинлигини таъкидлади: «Биз хоҳлаймиз, лекин Путин хоҳламайди», - деди у.
Ҳамас Ғазода назоратни сақлаб қолмоқчи
Ҳамас Ғазода оралиқ давр мобайнида хавфсизлик назоратини сақлаб қолиш ниятида, аммо ҳаракат қуролсизланишга кафолат бера олмайди, деди Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Наззол Reutersʼга берган интервюсида.
Муҳаммад Наззолнинг сўзларига кўра, гуруҳ вайрон бўлган Ғазони қайта тиклаш учун беш йилгача давом этувчи сулҳга тайёр, бироқ бу муддатдан кейинги босқич бўйича кафолатлар фаластинликларга давлат барпо этиш борасида «умид ва истиқбол» берилишига боғлиқ.
Доҳа шаҳридан берган интервюсида Наззол гуруҳнинг Ғазода ўтказган қатъий чораларини ҳимоя қилди.
«Ҳар қандай урушда фавқулодда чоралар бўлади. Қатл этилганлар жиноятчилар эди, улар одам ўлдиришда айбдор», деди у.
Наззолнинг изоҳларига нисбатан сўралганда, Исроил бош вазири идораси шундай деди:
«Ҳамас биринчи босқичда барча гаровдагиларни озод қилиши керак эди — у буни ҳали қилгани йўқ. Улар бу келишувга биноан қуролсизланиши шарт. Ҳеч қандай ‘лекинʼ йўқ. Улар Трампнинг 20 бандли режасига риоя қилишлари керак. Уларнинг вақти тугаяпти», - дейилади баёнотда.
«Ҳамас қуролини топширадими?» деган саволга Наззол чоршанба куни шундай жавоб берди: «Мен бу саволга 'ҳа' ёки 'йўқʼ деб жавоб бера олмайман. Бу масала лойиҳа моҳиятига боғлиқ. Сиз айтаётган қуролсизланиш лойиҳаси — бу нимани англатади? Қуроллар кимга топширилади?»
Унинг айтишича, келгусидаги музокараларда қуроллар масаласи фақат Ҳамасга эмас, балки бошқа фаластинлик қуролли гуруҳларга ҳам тааллуқли бўлади, шу боис қарор умумий фаластинлик позицияга асосланиши керак.
АҚШдан Наззолнинг изоҳларига муносабат сўралганда «Бизда улардан келишув бор ва мен улар бунга риоя қилади деб ўйлайман», - дея Трампнинг баёноти кўрсатилган.
Россияда ишчи кучи етишмовчилиги сурункали тус олди
Россияда ишчи кучи танқислиги сурункали тус олди. Демографик пасайиш, аҳолининг қариши ва меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг қисқариши туфайли ишчилар етишмовчилиги ўсишда давом этмоқда, дейилади Евросиё тараққиёт банки ҳисоботида.
2010 йилдан 2024 йилгача иқтисодиётда банд бўлганлар сони 4 миллиондан ортиқ кишига ошди, бироқ ишсизлик 2025 йилнинг май-июн ойларида рекорд даражадаги паст кўрсаткичга — 2,2 фоизга тушди. Бу табиий даражадан паст ва мамлакатда меҳнат ресурслари етишмаслигини кўрсатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фақат мигрантларни жалб қилиш, кексаларнинг иқтисодиётдаги иштирокини ошириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш орқали бандликни янада ошириш мумкин.
Сўнгги 15 йил ичида Россияга чет эллик ишчиларнинг йиллик оқими тахминан 250 минг кишини ташкил этган ва уларнинг меҳнатга лаёқатли аҳолининг умумий сонидаги улуши 2025 йил ўрталарига келиб деярли 3 фоизга етган. Шунингдек, 2019 йилги пенсия ислоҳоти меҳнат бозорига ҳам таъсир кўрсатди: тобора кўпроқ кекса фуқаролар ишда қолмоқда.
Лекин шуларни ҳисобга олганда ҳам кадрлар етишмаяпти.
Вазиятнинг асосий сабаби — демографик ўзгаришлар. Россия аҳолиси кексайиб, меҳнатга лаёқатли фуқаролар сони камайиб бормоқда. БМТ прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб барча ишчиларнинг қарийб 40 фоизи 50 ёшдан ошган бўлади. Бунда энг фаол ва маҳсулдор ҳисобланган 30-40 ёшлилар авлоди тобора камайиб боради. Ишчи кучининг қариши унумдорлик ва ҳаракатчанликнинг пасайишига олиб келиши мумкин, бу эса иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар юзага келган вазиятнинг бир нечта сабабларини айтмоқда. Булар — демографик жарлик, мутахассисларнинг чет элга чиқиб кетиши, битирувчиларни тайёрлаш ва бизнеснинг ҳақиқий талаблари ўртасидаги номувофиқлик, шунингдек, ишчиларни фаол равишда жалб қилаётган «мудофаа секторининг ўсиши».
«Иброҳим келишувлари» кенгаяди — Трамп
АҚШ президенти Доналд Трамп «Иброҳим келишувлари» яқин орада кенгайишини айтди. У Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштириш назарда тутилган ушбу келишувга Саудия Арабистони ҳам қўшилишига умид билдирди.
«Мен Саудия Арабистонининг қўшилишини кўришни умид қиламан. Бошқалар ҳам қўшилишини истайман. Менимча, Саудия Арабистони келишувга кирса, барча [араб давлатлари] ҳам киради», - деди Трамп 17 октябр куни Fox Business Network телеканалида эфирга узатилган интервюсида.
АҚШ президенти бу битимни «мўъжиза» ва «ажойиб» деб атади: «Бу Яқин Шарқда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ёрдам беради”.
Трамп айтишича, у чоршанба кунигача битимга қўшилиш истагини билдирган давлатлар билан «жуда яхши суҳбатлар» ўтказган.
Иброҳим келишувлари (Abraham Accords) бу – Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида Исроил билан 4 та мусулмон давлатлари ўртасида дипломатик муносабатларни нормаллаштириш бўйича имзоланган келишувлар мажмуасидир. У 2020 йилда БАА, Баҳрайн, Судан ва Марокаш билан имзоланган.
Сўнгги йилларда Ғазода Исроил олиб борган геноцид кўринишидаги уруш натижасида араб дунёсидаги бошқа давлатларни «Иброҳим келишувлари»га жалб этиш қийинлашди. Хусусан, Саудия Арабистони бир неча бор «Фаластин давлатчилиги тан олинмагунча Исроилни тан олмаслигини» билдирган.
Хитой армиясида «тозалаш»
Хитой Мудофаа вазирлигининг икки энг юқори лавозимли ҳарбий раҳбари коррупция айбловлари билан Коммунистик партия ва қуролли кучлардан ҳайдалди. Бу — 2023 йилда бошланган коррупцияга қарши кампания доирасида ишдан олинган энг йирик амалдорлар ҳисобланади.
Ҳайдалганлар орасида Хитой армиясининг иккинчи рақамли генерали Хе Вейдун ва ҳарбий-денгиз флоти сиёсий ишлари собиқ раҳбари, адмирал Мяо Хуа бор. Улар Халқ озодлик армиясида коррупцияга қарши олиб борилаётган кенг кўламли тозалаш ишларининг навбатдаги нишонига айланди, деб ёзмоқда Reuters
Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жан Сяоганг «9 нафар юқори лавозимли ҳарбийлар партия интизомини қўпол бузган ва ўта катта миқдордаги маблағ билан боғлиқ оғир жиноятларида гумон қилинаётганини» ёзди. Баёнотда уларнинг жиноятлари «жиддий тус олган, оқибатлари ниҳоятда зарарли» деб таърифланди.
Бу эълон Коммунистик партиянинг 200 дан ортиқ юқори мартабали амалдорларини бирлаштирган Марказий қўмита йиғилишидан атиги бир неча кун аввал янгради. Таҳлилчиларга кўра, Си Жинпин «аниқ тозалаш ишларини олиб боряпти». Хе ва Мяонинг расман ишдан олиниши ортидан у энди Марказий ҳарбий кенгашнинг янги аъзоларини тайинлай олади.
Мавзуга оид
16:20 / 05.12.2025
Ҳиндистонга келган Путин, Трампнинг яна бир «ғалабаси» ва Ғазода ўлдирилган «Исроилнинг одами» – кун дайжести
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025
Путиннинг Европага таҳдиди, АҚШда янги миграцион чекловлар, Жанубий Осиёдаги сув тошқинлари ва Кремлдаги музокаралар – кун дайжести
15:56 / 02.12.2025